Матто 23:1-39 UZV2013 - Bible AI

1Шундан кейин Исо оломонга ва шогирдларига гапирди:

2Қонунни изоҳлаш ҳуқуқи Таврот тафсирчилари ва фарзийларга берилган.

3Шу боис уларга қулоқ солинглар, айтганини қилинглар, аммо қилганини қилманглар! Чунки улар ўзлари айтганларни қилмайдилар.

4Улар кўтариб бўлмайдиган оғир юкни бировларга юклайдилар, ўзлари эса ёрдам бериш учун ҳатто бармоғини ҳам қимирлатмайдилар.

5Ҳамма ишларини, бошқалар кўрсин, деб қиладилар. Пешаналарига таққан нишоналарини каттароқ, кийимларининг попукларини узунроқ қиладилар.

6Шунингдек, зиёфатларда тўрга чиқишни ва синагогаларда яхши жойларда ўтиришни ёқтирадилар.

7Бозорларда одамлар уларга салом беришларини, “устоз” деб мурожаат этишларини яхши кўрадилар.

8Аммо сизларни ҳеч ким “устоз” деб чақирмасин, чунки ҳаммангизнинг битта Устозингиз бор. Сизлар эса биродарсизлар.

9Ер юзида ҳеч кимни ота деб айтманг, чунки сизларнинг осмонда ягона Отангиз бор.

10Ҳеч ким сизларни “йўлбошчи” деб ҳам айтмасин, чунки сизларнинг яккаю ягона йўлбошчингиз Масиҳдир.

11Орангизда ким бош бўлса, сизларга хизмат қилсин.

12Зотан ўзини ўзи юксалтирган камситилади, ўзини паст тутган эса юксалтирилади.”

13[13-14] “Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Ахир, сизлар одамлар кирмасин деб, Осмон Шоҳлиги эшикларини беркитиб қўйяпсизлар. У ерга ўзларингиз ҳам кирмаяпсизлар, кирмоқчи бўлганларни ҳам киргизмаяпсизлар [1].

15Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Ахир, сизлар ҳеч бўлмаса бир кишини ўз динингизга киритиш учун денгизу қуруқликни кезиб чиқасизлар. Ниятингизга эришганингизда эса, уни ўзингиздан беш баттар дўзахи одам қиласизлар.

16Эй кўр етакчилар, ҳолингизга вой! Сизлар: “Ким Маъбад ҳақи деб қасам ичса, у қасамини бажармаса ҳам бўлади, аммо ким Маъбад олтини ҳақи деб қасам ичса, ўз қасамини бажариши шарт”, — дейсиз.

17Ҳой кўр нодонлар! Қайси бири буюкроқ: Маъбаднинг олтиними, ёки олтинни муқаддас қилган Маъбаднинг ўзими?!

18Яна сизлар шундай деб айтасизлар: “Ким қурбонгоҳ ҳақи деб қасам ичса, у қасамини бажармаса ҳам бўлади, аммо ким қурбонгоҳдаги қурбонлик ҳақи, деб қасам ичса, қасамини бажариши шарт”, — дейсизлар.

19Шу қадар кўр бўлмасангиз–а! Қайси бири буюкроқ: қурбонликми ёки қурбонликни муқаддас қилган қурбонгоҳми?

20Ахир, қурбонгоҳ ҳақи, деб қасам ичган, ҳам қурбонгоҳнинг ўзи, ҳам ундаги барча қурбонликлар ҳақи қасам ичган бўлади–ку!

21Маъбад ҳақи деб қасам ичган эса, ҳам Маъбаднинг ўзи, ҳам Маъбадда яшайдиган Худо ҳақи қасам ичган бўлади.

22Осмон ҳақи деб қасам ичган эса, осмондаги Худонинг тахти ва тахтда ўтирган Худонинг Ўзи ҳақи қасам ичган бўлади.

23Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Сизлар ялпиз, укроп ва зирадан ушр берасизлар, аммо Қонуннинг адолат, шафқат ва имон каби энг муҳим таълимотларини писанд қилмайсизлар. Буларнинг бирини бажара туриб, иккинчисини ҳам ташлаб қўймаслигингиз керак эди.

24Ҳой кўр етакчилар! Сизлар ичимлигингиздан чивинни сузиб оласизлар, аммо туяни бутунлигича ютиб юборасизлар!

25Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Сизлар пиёлаю лаганингизнинг сиртини тозалайсизлар–у, аммо ичи очкўзлик ва худбинликка тўла.

26Эй кўр фарзий! Сен аввало пиёла ва лаганнинг ичини тозалаб ол, шунда уларнинг сирти ҳам тоза бўлади.

27Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Чунки сизлар оҳакланган қабрларга ўхшайсизлар: қабрларнинг ташқи томони чиройли, аммо ичи мурдаларнинг суякларига ва ҳар хил ифлосликларга тўла.

28Шу сингари, сизлар ҳам ташқи томондан бошқаларга тақводор бўлиб кўринасиз, аммо ичингиз иккиюзламачиликка ва гуноҳга тўла.”

29Ҳолингизга вой, эй тафсирчилар ва фарзийлар! Сизлар иккиюзламачисизлар! Ахир, сизлар пайғамбарларга мақбаралар қуриб, тақводорларнинг қабрларини безатиб,

30шундай дейсизлар: “Агар ота–боболаримиз даврида биз ҳам яшаганимизда эди, уларга қўшилишиб пайғамбарларнинг қонини тўкмаган бўлардик.”

31Бу билан сизлар пайғамбарларни қатл қилганларнинг ўғиллари эканингизни тан оляпсизлар.

32Ота–боболарингиз бошлаган ишни охирига етказинглар энди!

33Ҳой илонлар, заҳарли илонлар зоти! Сизлар дўзах жазосидан қандай қочиб қутуласиз?!

34Ана шу сабабдан Мен олдингизга пайғамбарларни, донишманду устозларни юбораман. Аммо сизлар уларнинг баъзиларини ўлдирасизлар, баъзиларини хочга михлайсизлар, бошқаларини эса синагогаларингизда қамчилаб, шаҳарма–шаҳар қувғин қиласизлар.

35Натижада ўлдирилган ҳамма бегуноҳ одамларнинг қони учун сизлар жазо тортасизлар. Ҳобилнинг тўкилган қонидан тортиб, қурбонгоҳ билан Маъбад орасида сиз ўлдирган Барахия ўғли Закариёнинг қони сизнинг гарданингизда бўлади.

36Ҳа, сизларга чинини айтаман: бу насл ушбу ҳамма қотилликлар учун жазо тортади.

37Эҳ Қуддус, Қуддус! Пайғамбарларни қатл этиб, ҳузурига юборилганларни тошбўрон қилувчи шаҳар! Товуқ ўз жўжаларини қанотлари остига қандай тўпласа, Мен ҳам сенинг халқингни бир неча марта шундай тўпламоқчи бўлдим. Лекин сен истамадинг.

38Эй Қуддус аҳолиси, сизнинг Маъбадингиз ҳувиллаб қолади.

39Сизга шуни айтай: “Эгамиз номи билан келадиган инсон барака топсин”, — деб айтмагунингизча, Мени кўрмайсизлар.”