Матто 24:1-51 UZV2013 - Bible AI

1Исо Маъбаддан чиқиб кетаётганда, шогирдлари Унинг ёнига келиб, диққатини Маъбаднинг биноларига қаратдилар.

2Исо уларга деди: “Буларнинг ҳаммасини кўряпсизми? Сизларга чинини айтайин: булар вайрон бўлади. Биронта тош ўз жойида қолмайди.”

3Исо бир Ўзи Зайтун тоғида ўтирганда, шогирдлари Унинг ёнига келиб, сўрашди: “Бизларга айтинг–чи, бу ҳодисалар қачон юз беради? Сизнинг келишингизни ва охирзамон яқинлашганини нимадан билсак бўлади?”

4Исо уларга шундай жавоб берди: “Эҳтиёт бўлинглар, ҳеч ким сизларни йўлдан оздирмасин!

5Чунки кўпчилик ўзларини Менинг номим билан атаб: “Мен Масиҳман”, — деб бир қанча одамни йўлдан оздирадилар.

6Сизлар уруш ҳақидаги хабарларни ва миш–мишларни эшитасизлар. Бироқ чўчиманглар! Булар содир бўлиши шарт, аммо бу ҳали охири дегани эмас.

7Халқ халққа қарши, шоҳлик шоҳликка қарши кўтарилади. Айрим жойларда қаҳатчилик ва зилзилалар бўлади.

8Буларнинг ҳаммаси тўлғоқ азобларининг бошланишига ўхшайди.

9Ўшанда сизларни қийнаш ва ўлдириш учун тутиб берадилар. Менинг номим туфайли ҳамма халқлар сизлардан нафратланади.

10Шунда кўплар имондан қайтади, улар бир–бирини сотиб, бир–биридан нафратланади.

11Кўп сохта пайғамбарлар пайдо бўлади, улар кўпларни йўлдан уради.

12Ёмонлик кўпайгани учун одамлар орасида меҳр–оқибат йўқолади.

13Лекин охиригача бардош берган нажот топади.

14Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги Хушхабар бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади, ҳамма халқлар уни эшитади. Шундагина охирзамон келади.”

15“Дониёр пайғамбар айтганидай кўп ҳаром–хариш ишларга сабаб бўладиган макруҳ бир нарсанинг муқаддас жойда турганини кўрганингизда (ўқиган ўзи тушунсин!),

16Яҳудияда бўлганлар тоғларга қочишсин.

17Томнинг устида бўлганлар уйидан бирон нарса олиш учун пастга тушмасин.

18Далада бўлганлар эса тўнини олгани қайтиб келмасин.

19У кунларда ҳомиладор ва эмизикли аёлларнинг ҳолига вой!

20Қочишингиз қишга ёки Шаббат кунига тўғри келмаслиги учун илтижо қилинглар.

21Чунки ўша вақтда шундай азоб–уқубатлар бўладики, дунё яратилгандан то ҳозиргача бунақаси бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайди.

22Лекин танланган одамлар учунгина у кунлар қисқартирилади. Агар ўша кунлар қисқартирилмаганда эди, ҳеч бир жонзот омон қолмасди.

23Агар ўшанда кимдир сизларга: “Масиҳ мана бу ерда” ёки: “Ана у ерда”, — деб айтса, ишонманглар.

24Чунки сохта масиҳлар ва сохта пайғамбарлар пайдо бўлиб, иложи бўлса, танланган одамларни ҳам йўлдан оздириш учун буюк аломату мўъжизалар кўрсатадилар.

25Мана, Мен сизларга олдиндан айтиб қўйдим.

26Шундай қилиб, агар улар сизларга: “Қаранглар! У саҳрода!” деб айтсалар, борманглар. Агар улар: “У яширин жойда”, деб айтсалар, ишонманглар.

27Чунки Инсон Ўғли келганда, Уни ҳамма кўради. У шарқдан ғарбга қадар бутун осмонни ёритиб юборган чақмоқдай бўлади.

28Калхатлар тўпланган жойда мурда бўлишини ҳамма билади. Менинг келишим ҳам шу сингари ҳаммага аён бўлади.

29Ўша кунлардаги азоб–уқубатлар ўтиши биланоқ, Қуёш қораяди, ойнинг нури сўнади. Осмондан юлдузлар қулаб тушади, Самовий кучлар ларзага келади.

30Ўшанда Инсон Ўғлининг аломати осмонда намоён бўлади. Ер юзидаги барча қабилалар қайғуради. Шунда ҳамма одам Инсон Ўғлини кўради. Инсон Ўғли қудратга ва буюк улуғворликка бурканиб, булутларда келади.

31Карнайнинг баланд садоси остида У фаришталарини ернинг тўрт томонига юборади. Улар дунёнинг бир бурчагидан бошқа бурчагигача танланган одамларни тўплаб олишади.”

32“Анжир дарахтидан сабоқ олинглар: унинг шохлари кўкариб барг чиқараётганда, ёз яқинлашганини биласизлар.

33Шу сингари, мана бу воқеалар содир бўлганда, билингки, ўша вақт яқинлашиб қолган, остонангизда турибди.

34Сизларга чинини айтайин: бу насл ўтмасданоқ, буларнинг ҳаммаси содир бўлади.

35Еру осмон йўқ бўлиб кетади, аммо Менинг сўзларим кучда қолади.

36Ўша кун ва соат ҳақида Отамдан бошқа ҳеч ким билмайди. Ўғил ҳам, осмондаги фаришталар ҳам билмайдилар.

37Нуҳ пайғамбар даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли келишида ҳам шундай бўлади.

38Тўфонгача бўлган даврда одамлар еб–ичардилар, уйланиб, турмушга чиқардилар. Нуҳ кемага киргунга қадар ҳаёт шу зайлда давом этарди.

39Тўфон келиб, уларнинг ҳаммасини ювиб кетмагунча, улар ҳамма нарсадан бехабар эдилар. Инсон Ўғли келганда ҳам худди шундай бўлади.

40Ўшанда икки киши далада бўлади, бири олинади, бири қолдирилади.

41Тегирмон тортаётган икки аёл бўлади, бири олинади, бири қолдирилади.

42Шунинг учун ҳушёр бўлинглар. Мен — Раббингиз қайси куни келишимни сизлар билмайсизлар.

43Аммо шуни билиб қўйингки, агар уй эгаси туннинг қай пайтида ўғри келишини билганда эди, у уйғоқ ўтириб, ўғрининг уйга бузиб киришига йўл қўймаган бўларди.

44Шунга ўхшаб, сизлар ҳам тайёр туринглар, чунки Инсон Ўғли сизлар кутмаган вақтда келади.”

45“Ишончли ва доно хизматкор ким? Хўжайин бундай одамни бошқа хизматкорларига бошлиқ қилиб қўяди, уларга ўз вақтида овқат тарқатишни унга топширади.

46Хўжайин уйга қайтганда ўша хизматкорини юмуш устида кўрса, хизматкор нақадар бахтли!

47Сизларга чинини айтай: хўжайин ўша хизматкорини бутун мулки устидан бошқарувчи қилиб қўяди.

48Борди–ю, у хизматкор ёмон бўлиб, кўнглида: “Хўжайиним ҳали бери қайтиб келмайди”, — деб,

49бошқа хизматкорларни ура бошласа ва шаробхўрлар билан еб–ичса,

50хизматкор кутмаган кунда, ўйламаган соатда хўжайини келиб қолади.

51У хизматкорининг жазосини бериб, бошига иккиюзламачиларнинг кунини солади. Шунда хизматкор қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекади.”