Матто 26:1-75 UZV2013 - Bible AI

1Исо бу гапларни айтиб бўлгач, шогирдларига шундай деди:

2“Икки кундан кейин Фисиҳ зиёфати бўлишини биласизлар. Ана, ўшанда Инсон Ўғлига хоинлик қилишади, Уни хочга михлашади.”

3Бу пайтда бош руҳонийлар ва оқсоқоллар Каяфа исмли олий руҳонийнинг саройида йиғилган эдилар.

4Улар Исони ҳийла билан тутиб, ўлдириш учун фитна ўйлаб топдилар.

5Аммо улар: “Биз бу ишни байрам кунлари қилмаслигимиз керак, акс ҳолда халқ ғалаён қилиши мумкин”, дедилар.

6Исо Байтанияда тери касаллигига чалинган Шимўннинг уйида

7мехмон бўлиб ўтирган эди. Шунда бир аёл ганчдан ясалган идишда қимматбаҳо атир мойи олиб келиб, Исонинг бошидан қуйди.

8Шогирдлар буни кўргач, ғазабланиб:

8— Бу исрофгарчиликнинг нима кераги бор?

9Ахир, бу мойни катта пулга сотиб, камбағалларга тақсимлаб бериш мумкин эди–ку! — дейишди.

10Шогирдлар нима тўғрисида гапираётганларини Исо билиб қолиб, уларга деди: — Нега аёлни хижолатда қолдиряпсизлар? У Мен учун ажойиб иш қилди.

11Камбағаллар ҳар доим сизлар билан бирга бўладилар. Мен эса ҳар доим ҳам сизлар билан бирга бўлмайман.

12Аёл бу мойни танамга тўкиб, Мени дафнга тайёрлади.

13Сизларга чинини айтайин: Хушхабар дунёнинг қайси ерида эълон қилинмасин, бу аёл ҳам эсга олиниб, унинг қилган иши ҳақида айтилади.

14Шунда ўн икки шогирддан бири бўлган Яҳудо Ишқариёт бош руҳонийларнинг олдига бориб:

15— Агар Исони сизларга тутиб берсам, менга нима берасизлар? — деб сўради. Улар Яҳудога ўттиз кумуш танга бердилар.

16Ўша вақтдан бошлаб Яҳудо Исони тутиб бериш учун қулай фурсатни кута бошлади.

17Хамиртурушсиз нон байрамининг биринчи кунида шогирдлар Исонинг олдига келиб дедилар: — Фисиҳ таомини қаерда емоқчисиз? Биз бориб тайёргарлик кўрайлик.

18Исо деди: — Шаҳарга фалончининг олдига бориб, унга шундай деб айтинглар: Устозимиз сизга: “Вақтим етди. Мен Фисиҳ зиёфатини шогирдларим билан сизнинг уйингизда ўтказмоқчиман”, деб айтиб юбордилар.

19Шогирдлар Исонинг айтганини қилиб, Фисиҳ таомини тайёрладилар.

20Кеч кирганда, Исо ўн икки шогирди билан дастурхон атрофига ёнбошлади.

21Овқатланаётганларида Исо:

21— Сизларга чинини айтайин, орангиздан биттангиз Менга хиёнат қилади, — деди.

22Шогирдлар қаттиқ хафа бўлиб, бирин–кетин: Ҳазрат, наҳотки мени назарда тутаётган бўлсангиз? — деб сўрадилар.

23У эса шундай жавоб берди: — Мен билан баравар косага нонни ботирган Менга хиёнат қилади.

24Ҳа, Инсон Ўғли У ҳақда ёзилгандай жон беради. Аммо Инсон Ўғлига хиёнат қилган одамнинг ҳолига вой! Унинг туғилганидан кўра туғилмагани яхшироқ эди.

25Сотқин Яҳудо Исога: — Устоз, наҳотки ўша мен бўлсам? — деди. — Ўзинг айтдинг, — деб жавоб берди Исо.

26Улар овқатланаётганда, Исо нонни олди, дуо ўқиб синдирди. Нонни шогирдларига бериб: — Олиб енглар, бу Менинг танамдир, — деди.

27Шароб қуйилган косани ҳам олди, шукрона дуосини ўқиб, уларга узатди:

27— Бундан ҳаммаларинг ичинглар, — деди.

28— Бу шароб Худонинг аҳдини билдиради. Бу Аҳд кўпларнинг гуноҳини ювиш учун тўкиладиган қоним эвазига кучга киради.

29Сизларга шуни айтай: бир кун келиб, Мен сизлар билан бирга Отамнинг Шоҳлигида янги шароб ичаман. Аммо ўша кун келмагунча энди шаробни оғзимга ҳам олмайман.

30Сўнг улар ҳамду сано куйлаб, Зайтун тоғи томон кетдилар.

31Исо шогирдларига деди: — Бугун кечаси ҳаммаларингиз Мени ташлаб, қочиб кетасизлар. Чунки ёзилган:
“Мен чўпонни ўлдираман, Шунда сурувдаги қўйлар ҳар ёққа тарқалиб кетади.”

32Бироқ Мен тирилганимдан кейин, сизларни Жалилада кутаман.

33Бутрус Исога деди: — Сизни ҳамма ташлаб кетса ҳам, мен ташлаб кетмайман!

34Исо унга: — Сенга чинини айтайин, шу кечасиёқ, хўроз қичқирмасдан олдин, сен Мендан уч марта тонасан, — деди.

35Бутрус Унга:

35— Керак бўлса, Сиз билан бирга ўламан! Аммо Сиздан асло тонмайман! — деди. Бошқа ҳамма шогирдлари ҳам шундай дедилар.

36Шундан кейин Исо шогирдлари билан Гетсимания деган жойга борди. Исо шогирдларига: — Шу ерда ўтириб туринглар, Мен нарироққа бориб, ибодат қиламан, — деди.

37У ёнига Бутрусни ва Забадийнинг икки ўғлини олди. Исони қайғу, ғам қамради.

38У шогирдларига:

38— Юрагимдаги оғир қайғу Мени ўлгудай қийнаб юборди. Шу ерда қолинглар–да, кўз–қулоқ бўлиб туринглар, — деди.

39Сўнг бир оз нари кетиб, ерга мук тушди–да, шундай деб ёлворди:

39— Эй Отам, агар иложи бўлса, бу азоб косаси Мени четлаб ўтсин. Аммо Менинг хоҳишим эмас, Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин.

40У шогирдлари ёнига келиб, уларнинг ухлаб ётганини кўрди. Бутрусга деди: — Мен билан бирга бир соатгина ҳам уйғоқ ўтира олмабсизлар–да!

41Кўз–қулоқ бўлиб туринглар, васвасага тушмаслик учун ибодат қилинглар. Руҳ тетик, тана эса заифдир.

42Исо иккинчи марта кетиб, шундай деб илтижо қилди: — Эй Отам! Агар бу азоб косасидан қутулишимнинг иложи бўлмаса, майли, Мен ўша косадан ичаман. Сенинг хоҳишинг бажо бўлсин.

43У қайтиб келиб, шогирдларининг яна ухлаб ётганини кўрди. Уларнинг кўзлари юмилиб кетаётган эди.

44Исо уларнинг олдидан яна кетиб, аввалги сўзларини такрорлаб, учинчи марта ибодат қилди.

45Сўнг У шогирдлари ёнига қайтиб келиб, уларга деди: — Ҳалигача дам олиб, ухлаб ётибсизларми?! Мана, вақт–соати келди, Инсон Ўғли гуноҳкорлар қўлига тутиб бериляпти.

46Туринглар, кетайлик! Ана, Менга хоинлик қилувчи келяпти!

47Исо ҳали гапириб бўлмасидан, Яҳудо келиб қолди. У ўн икки шогирддан бири бўлиб, унинг ёнида қилич ва таёқ кўтариб олган оломон бор эди. Бу оломонни бош руҳонийлар ва оқсоқоллар юборган эдилар.

48Хоин Яҳудо оломон билан тил бириктириб, шундай деганди: “Мен кимни ўпсам, У ўша Кишидир. Уни қўлга олинглар.”

49У тўғри Исонинг олдига бориб:

49— Ассалому алайкум, Устоз! — деб, Уни ўпди.

50Исо унга:

50— Дўстим, қиладиган ишингни қилақол, — дейиши биланоқ, одамлар Исони ушлаб, қўлга олдилар.

51Шунда Исо билан бирга бўлганлардан бири қиличини қинидан суғурди–да, олий руҳонийнинг хизматкорига бир уриб, қулоғини кесиб ташлади.

52Лекин Исо унга деди:

52— Қиличингни қинига солиб қўй! Қилич кўтарганларнинг ҳаммаси қиличдан ҳалок бўлади.

53Керак бўлганда эди, Мен Отамга илтижо қилган бўлардим. У Менга ўша заҳотиёқ ўн минглаб фариштларини юборган бўларди. Шуни билмайсанми?

54Лекин бундай қилганимда эди, қандай қилиб Муқаддас Битиклар амалга ошарди? Ахир, буларнинг ҳаммаси содир бўлиши керак–ку!

55Шундан сўнг Исо оломонга деди: — Мен қароқчимидим, Мени олиб кетгани қиличу таёқлар билан келибсизлар?! Мен ҳар куни Маъбад ҳовлисида таълим берардим. Сизлар ўшанда Мени қўлга олмадингизлар.

56Аммо буларнинг ҳаммаси пайғамбарларнинг Муқаддас Битиклардаги башоратлари бажо бўлиши учун рўй берди.

56Ўшанда ҳамма шогирдлари Исони қолдириб, қочиб кетишди.

57Исони қўлга олганлар Уни олий руҳоний Каяфанинг ҳузурига олиб келдилар. У ерда Таврот тафсирчилари билан оқсоқоллар ҳам йиғилишган эди.

58Бутрус эса Исога узоқдан эргашиб, олий руҳонийнинг ҳовлисигача келди. Бутрус ичкарига кириб, охири нима билан тугаркин, деб кузатиш учун соқчиларнинг ёнига ўтирди.

59Бош руҳонийлар ва Олий кенгашнинг барча аъзолари Исони ўлимга маҳкум қилиш учун Унга қарши сохта далиллар излар эдилар.

60Анча гувоҳлар чиққан бўлса–да, етарлича айбловчи далиллар топилмади. Ниҳоят, икки сохта гувоҳ сўзга чиқиб,

61шундай айтишди:

61— Бу Одам: “Мен Худонинг Маъбадини бузиб, уч кунда уни тиклай оламан”, деган.

62Олий руҳоний ўрнидан туриб, Исога: — Индамай тураверасанми?! Уларнинг Сенга қўйган айбларига жавоб қайтармайсанми?! — деди.

63Исо эса индамади. Олий руҳоний Унга деди:

63— Барҳаёт Худо ҳақи қасам ичиб, айт: Худонинг ЎғлиМасиҳ Сенмисан?

64Исо унга: — Гапингиз тўғри, — деди. — Бундан буён сизлар Инсон Ўғлини Қодир Худонинг ўнг томонида ўтирганини ва осмон булутларида келаётганини кўрасизлар.

65Шунда олий руҳоний кийимларини йиртиб деди: — У куфрлик қиляпти–ку! Бизларга бошқа гувоҳларнинг нима кераги бор?! Унинг куфрлик қилганини ҳозиргина ўзларингиз эшитдингизлар.

66Сизларнинг қарорингиз қандай?

66— У ўлимга лойиқ! — деб жавоб берди улар.

67Сўнг улар Исонинг юзига тупуриб, Уни муштлай бошладилар. Бошқалари эса Унга шапалоқ уриб:

68— Эй Масиҳ! Қани топ–чи, Сени ким урди экан? — дердилар.

69Бу пайтда Бутрус ташқарида ҳовлида ўтирган эди. Бир чўри қиз унинг ёнига келиб: — Сиз ҳам ўша Жалилалик Исо билан бирга эдингиз–ку! — деди.

70Лекин Шимўн ҳамманинг олдида буни инкор этиб деди:

70— Нима тўғрисида гапираётганингизни тушунмаяпман.

71Сўнг дарвоза олдига борди. Шунда бошқа бир хизматкор аёл уни кўриб, у ерда турганларга: — Мана бу одам Носиралик Исо билан бирга эди, — деди.

72Шимўн эса қасам ичиб:

72— Мен Уни танимайман! — деб яна Исодан тонди.

73Бир оздан кейин у ерда турганлар келиб, Бутрусга: — Сиз ўшалардан эканингиз шевангиздан билиниб турибди, — дейишди.

74— Худо урсин! Мен бу Одамни танимайман! — деб қасам ичди Бутрус. Шу пайт хўроз қичқирди.

75Шунда Бутрус Исонинг: “Хўроз қичқирмасидан олдин, сен Мендан уч марта тонасан”, деган гапини эслади. У ҳовлидан чиқиб, аччиқ–аччиқ йиғлади.