Матто 5:1-48 UZV2013 - Bible AI

1Исо катта бир оломонни кўриб, тоққа чиқиб ўтирди. Шогирдлари Унинг олдига келишди.

2Исо шогирдларига таълим бериб, гап бошлади:

3“Руҳан камбағал бўлганлар бахтлидир, Чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир.

4Йиғлаётганлар бахтлидир, Чунки улар тасалли топадилар.

5Камтарин бўлганлар бахтлидир, Чунки улар ер юзига эга бўладилар.

6Адолатга ташна бўлганлар бахтлидир, Чунки Худо уларни қондиради.

7Раҳмдил бўлганлар бахтлидир, Чунки улар раҳм–шафқат топадилар.

8Покдил бўлганлар бахтлидир, Чунки улар Худони кўрадилар.

9Тинчлик ўрнатувчилар бахтлидир, Чунки улар Худонинг фарзандлари деб аталадилар.

10Худонинг йўлидан юргани учун Қувғин бўлганлар бахтлидир, Чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир.

11Одамлар Мен туфайли сизларни ҳақоратлаб қувғин қилганларида, сизлар ҳақингизда ёлғон гапириб туҳмат қилганларида, бахтлисизлар!

12Севининглар, хурсанд бўлинглар. Сизларни осмонда буюк мукофот кутмоқда. Ахир сиздан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам худди шундай қувғин бўлганлар.

13Сизлар ернинг тузисизлар. Лекин туз ўз таъмини йўқотса, уни яна қандай шўр қилиб бўлади? Бундай туз бошқа ҳеч нарсага ярамайди, уни оёқ остига ташлаб юборишади.

14Сизлар дунёнинг нурисизлар. Тепаликка қурилган шаҳарни кўздан пинҳон тутиб бўлмайди.

15Ҳеч ким чироқни ёқиб, устини идиш билан ёпиб қўймайди. Аксинча, уни чироқпояга қўйишади, шунда чироқ уйдагиларнинг ҳаммасига ёруғлик беради.

16Сизнинг нурингиз ҳам инсонлар олдида шундай порласинки, токи улар яхши ишларингизни кўриб, осмондаги Отангизни улуғласинлар.

17Мени, Таврот ёки пайғамбарларнинг битикларини бекор қилгани келган, деб ўйламанглар. Мен бекор қилгани эмас, балки бажо келтиргани келдим.

18Сизга чинини айтайин: еру осмон йўқ бўлиб кетиши мумкин. Аммо Тавротдаги на бир ҳарф, на бир нуқта ўчади. Унда ёзилган ҳамма нарса амалга ошади.

19Шу боис ким бу амрларнинг энг кичигига ҳам риоя қилмай, уни бошқаларга бузиб ўргатса, Осмон Шоҳлигида энг кичик бўлади. Лекин ким бу амрларни бажариб, бошқаларга ўргатса, Осмон Шоҳлигида буюк бўлади.

20Сизларга айтиб қўяй: агар сизларнинг солиҳлигингиз Таврот тафсирчилари ва фарзийларнинг солиҳлигидан устун келмаса, сизлар ҳеч қачон Осмон Шоҳлигига киролмайсизлар.

21Аждодларимизга шундай айтилганини эшитгансизлар: “Қотиллик қилма. Қотиллик қилган одам ҳукм қилинади.”

22Лекин Мен сизларга айтаман: ҳаттоки биродаридан ғазабланган одам ҳам ҳукм қилинади. Биродарини ҳақоратлаган одам олий маҳкамада жавоб беради. Биродарига: “Аҳмоқсан”, деган эса, дўзах оловига ташланади.

23Шундай экан, сиз эҳсонингизни қурбонгоҳга олиб келганингизда, биродарингиз нимадандир сиздан хафа эканлиги ёдингизга тушса,

24эҳсонингизни қурбонгоҳ олдида қолдиринг. Биринчи навбатда бориб, биродарингиз билан ярашинг, кейин келиб, эҳсонингизни назр қилинг.

25Биров сизни айблаб қозихонага олиб борса, вақтни бой бермай, йўлдаёқ айбловчингиз билан келишиб олинг. Акс ҳолда, айбловчингиз сизни қози олдига олиб боради, қози эса сизни миршабга топширади. Сизни зиндонга ташлашади.

26Сизларга чинини айтай: охирги тийинингизни тўламагунингизча, у ердан чиқолмайсиз.

27“Зино қилма”, — деб айтилганини ҳам эшитгансизлар.

28Лекин Мен сизларга айтаман: агар сиз аёлга шаҳват билан қарасангиз, хаёлингизда у билан зино қилган бўласиз.

29Борди–ю, ўнг кўзингиз гуноҳ қилишингизга сабабчи бўлса, уни ўйиб олиб, улоқтириб юборинг. Бутун баданингиз дўзахга ташлангандан кўра, аъзоларингиздан биттаси йўқ бўлгани сиз учун яхшироқдир.

30Агар ўнг қўлингиз гуноҳ қилишингизга сабабчи бўлса, уни кесиб ташлаб, улоқтириб юборинг. Бутун баданингиз дўзахга йўлиққандан кўра, аъзоларингиздан биттаси йўқ бўлгани сиз учун яхшироқдир.

31Яна дейилганки: “Ким хотини билан ажрашмоқчи бўлса, унга талоқ хатини ёзиб берсин.”

32Лекин Мен сизларга айтаман: ким бевафолик айбидан бошқа сабаб туфайли ўз хотини билан ажрашса, унга зино қилишга сабаб топиб беради. Шунингдек, ким ажрашган хотинга уйланса, зино қилган бўлади.

33Аждодларимизга: “Ичган қасамингдан қайтма. Эгамизга берган ваъдаларингни бажаргин”, — деб айтилганини ҳам эшитгансизлар.

34Лекин Мен сизларга айтаман: умуман қасам ичманглар. Осмон ҳақи дея қасам ичманглар, чунки осмон Худонинг тахтидир.

35Ер ҳақи дея қасам ичманглар, чунки ер Худонинг пойандозидир. Қуддус ҳақи дея ҳам қасам ичманглар, чунки Қуддус буюк Шоҳнинг шаҳридир.

36Бошингиз ҳақи ҳам қасам ичманглар, чунки ўзларингиз сочингизнинг бир толасини ҳам оқ ёки қора қила олмайсиз.

37Сизларнинг сўзингиз фақат “ҳа” ёки “йўқ” бўлсин. Бундан ортиғи эса ёвуз шайтондандир.

38Сизлар: “Кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш”, — деб айтилганини ҳам эшитгансизлар.

39Лекин Мен сизларга айтаман: сизга ёмонлик қилган одамга қаршилик кўрсатманг. Агар кимдир ўнг чаккангизга урса, унга чапини ҳам тутинг.

40Ким сиз билан даъволашиб, кўйлагингизни олмоқчи бўлса, унга тўнингизни ҳам бериб юборинг.

41Биров сизни бир чақирим йўл юришга мажбур қилса, у билан бирга икки чақирим юринг.

42Сиздан сўраганга беринг, сиздан қарз олмоқчи бўлгандан юз ўгирманг.

43“Биродарингни яхши кўр, душманингдан нафратлан”, — деб айтилганини ҳам эшитгансизлар.

44Лекин Мен сизларга айтяпман: душманларингизни яхши кўринглар. Сизларни қувғин қилганлар учун ибодат қилинглар.

45Шунда сиз осмондаги Отангизнинг ўғиллари бўласизлар. Чунки У Ўз қуёшини ёвузлар устида ҳам, яхшилар устида ҳам балқитади, ёмғирини солиҳлар устига ҳам, фосиқлар устига ҳам ёғдиради.

46Агар сизни яхши кўрганларнигина яхши кўрсангиз, сизларга қандай мукофот бўлади? Ахир, солиқчилар ҳам шундай қилишмайдими?

47Агар сиз фақат биродарларингиз билангина саломлашсангиз, бошқалардан нима фарқингиз қолади?! Ахир, бутпарастлар ҳам худди шундай қилишмайдими?!

48Осмондаги Отангиз баркамол бўлгани каби, сизлар ҳам баркамол бўлинглар.”

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>