Матто 7:1-29 UZV2013 - Bible AI

1“Бошқаларни ҳукм қилишни бас қилинглар, шунда Худо ҳам сизларни ҳукм қилмайди.

2Сизлар бошқаларни қандай ҳукм қилсангизлар, Худо ҳам сизларни худди шундай ҳукм қилади. Сизлар бошқаларни ҳукм қилганда қандай ўлчовдан фойдалансангизлар, Худо ҳам сизни ҳукм қилганда худди ўшандай ўлчовдан фойдаланади.

3Нега сен биродарингнинг кўзидаги зирапчани кўрасан–у, ўз кўзингдаги ходани сезмайсан?

4Ўз кўзингда хода бўла туриб, қандай қилиб биродарингга: “Кел, кўзингдаги зирапчани олиб ташлайлик”, — деб айтасан?

5Ҳой, иккиюзламачи! Олдин кўзингдаги ходани чиқариб ол, шунда кўзинг тиниқ кўради ва биродарингнинг кўзидан зирапчани чиқара оласан.

6Муқаддас бўлган нарсани итларга берманг, марваридларингизни чўчқалар олдига ташламанг. Акс ҳолда, улар муқаддас нарсаларингизни оёқ ости қилиб, ўзингизни ҳам тилка–пора қиладилар!”

7“Сўранг, сизга берилади. Изланг, топасизлар. Тақиллатинг, эшик очилади.

8Чунки сўраган ҳар бир одам олади, излаган топади, тақиллатганга эшик очилади.

9Орангиздан қайси бир ота ўғли нон сўраганда, унга тош беради?

10Ёки балиқ сўраганда, унга илон беради?

11Сизлар гуноҳкор бўла туриб болаларингизга яхши ҳадялар бера олар экансиз, осмондаги Отангиз ҳам Ундан сўраганларга аъло неъматлар беришга қанчалар тайёр!

12Одамлар сизларга нима қилишларини истасангиз, сизлар ҳам уларга ўшани қилинглар. Таврот ва пайғамбарлар таълимотининг мағзи шундадир.”

13“Тор эшикдан киринглар! Чунки ҳалокатга олиб борадиган дарвоза энли, йўли ҳам кенгдир. Бу йўлдан юраётганлар кўп.

14Ҳаётга олиб борадиган эшик эса жуда тор, йўли энсиздир. Бу йўлни топадиганлар оз.”

15“Сохта пайғамбарлардан эҳтиёт бўлинглар! Улар сизнинг олдингизга қўй пўстинида келадилар, лекин ичларидан йиртқич бўрилардир.

16Уларнинг кимлигини қилган ишларидан билиб оласиз. Ахир, тиканзордан узумни, янтоқдан анжирни териб бўлмайди–ку!

17Ҳар бир яхши дарахт яхши мева беради, ёмон дарахт эса ёмон мева беради.

18Яхши дарахт ёмон мева беролмайди, ёмон дарахт ҳам яхши мева беролмайди.

19Яхши мева бермайдиган ҳар бир дарахт эса кесилиб, оловга ташланади.

20Шундай қилиб, сохта пайғамбарларни меваларидан билиб оласизлар.

21Мени “Ё Раббий, ё Раббий!” деб чақирган ҳар ким Осмон Шоҳлигига киравермайди. У ерга фақат осмондаги Отамнинг иродасини бажарган одамларгина киради.

22Қиёмат кунида кўплар Менга шундай дейдилар: “Ё Раббий, ё Раббий, биз Сенинг номинг билан ваъз қилган эдик! Сенинг номинг билан жинларни қувиб чиқаргандик! Сенинг номинг билан кўп мўъжизалар қилган эдик–ку!”

23Мен эса уларга дейман: Мен сизларни асло танимайман! Йўқолинглар, эй бадкирдорлар!”

24“Ким Менинг бу сўзларимни эшитиб, уларга амал қилса, уйини тош устига қурган доно одамга ўхшайди.

25Ёмғир ёғиб, селлар тошиб, шамоллар эсиб, ўша уйни босиб қолибди. Лекин тош устига ўрнатилгани учун уй қуламабди.

26Бироқ ким Менинг бу сўзларимни эшитиб, уларга амал қилмаса, ўз уйини қум устига қурган аҳмоқ одамга ўхшайди.

27Ёмғир ёғиб, селлар тошиб, шамоллар эсиб, ўша уйни босиб қолибди. Уй қулаб, бутунлай вайрон бўлибди!”

28Исо бу гапларини айтиб бўлгандан кейин, оломон Унинг таълимотидан ҳайратга тушди.

29Чунки Исо Таврот тафсирчиларидай эмас, балки ҳокимият эгасидай таълим берар эди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>