5Ёқуб насли итоатсизлик қилгани учун, Исроил гуноҳга ботиб кетгани учун, Бу воқеалар содир бўлади. Ёқуб насли орасида итоатсизлик қилган ким? Пойтахт шаҳар Самария эмасми?! Бутпарастлар уяси Яҳудонинг қаерида жойлашган? Қуддуснинг нақ ўзида эмасми?!
6Эгамиз шундай дейди: “Мен Самарияни йўқ қиламан. Уни ток экиладиган жойга, Очиқ майдондаги бир уюм тошга айлантираман. Шаҳар тошларини водийга юмалатаман, Унинг пойдеворларини очиб ташлайман.
7Самариянинг бутлари парча–парча бўлади, Барча санамлари синдириб, ёндирилади. Фаҳш йўли билан келган бутларнинг қимматбаҳо безаклари Ўзга юрт фоҳишаларига тўлов қилиб берилади.”
8Бундай мусибатдан йиғлаб, фарёд қиламан, Яланғоч, оёқ яланг юраман, Чиябўридай увиллаб фиғон чекаман, Бўта каби бўзлаб йиғлайман.
9Ахир, даво йўқ Самариянинг ярасига, Ёпишди Яҳудога ҳам у яра, Халқим дарвозаси — Қуддусга юқди.
10Гат аҳолисига буни ҳасрат қилманг, Улар олдида кўз ёшингизни тўкманг! Байт–Лафрога бориб, У ерда қайғудан тупроққа юмаланг!
11Эй Шофир аҳли, Сиз асирликка кетасиз, Яланғоч, шарманда бўлиб борасиз. Занон халқи ташқарига чиқишга журъат этмайди. Байт–Эзел аҳли мотам тутади, Энди улар сизга паноҳ бермайди.
12Морўт аҳолиси мадад кутган эди, Аммо Эгамиз фалокат юборди. Бу фалокат ҳатто Қуддус дарвозаларига етди.
13Эй Лахиш аҳли, Отларингизни араваларга қўшинг! Сиз итоатсиз Исроил халқига тақлид қилдингиз, Қуддус аҳлини илк бор гуноҳга бошладингиз!
14Шундай экан, эй Яҳудо халқи, Энди Мўрашат шаҳри билан хайрлашаверинг, Эсдалик совғаларингизни уларга тақдим қилинг. Аттанг, Ахсиб аҳли Исроил шоҳларига панд берди, Бера олмайдиган ёрдамни уларга ваъда қилди.
15Эй Моришо аҳли, Эгамиз устингизга бир босқинчини юборади. Исроил йўлбошчилари Адулламга қочиб боришади.
16Суюкли фарзандларингизни деб Сочингизни олдиринг. Калхатлар каби сийқа бош бўлинг, Ахир, болаларингиз сургун қилинади.