Михо 3:1-12 UZV2013 - Bible AI

1Мен шундай дедим: “Эй Ёқуб йўлбошчилари эшитинг! Эй Исроил ҳукмдорлари қулоқ солинг! Адолат ўрнатиш сизнинг вазифангиз–ку!

2Сизлар эса яхшиликдан нафратланасиз, Қабиҳликка меҳр қўясиз, Сиз халқимнинг терисини шилиб, Этини суягидан ажратиб оласиз.

3Сиз халқимнинг этини ейсиз, Терисини шилиб, суякларини майдалайсиз, Қозонга солинадиган гўштдай уларни нимталайсиз.

4Вақти келиб, Эгамизга илтижо қиларсиз, Ўшанда Худодан жавоб олмайсиз. Сизлар қабиҳларча иш тутдингиз, Шу боис У сизлардан юз ўгиради.”

5Эгамиз шундай демоқда: “Эй халқимни йўлдан оздирган пайғамбарлар! Сизлар қорнингизни тўйғизганларга тинчликни башорат қиласиз, Оғзингизни мойламаганларга эса урушни эълон қиласиз.

6Энди устингизга тун бостириб келади, Сизлар ваҳийларни кўрмайсиз. Қаро зулмат сизни ўраб олади, Башорат қилишингизга имкон бўлмайди. Сизлар учун қуёш ботади, Кундуз ҳам зулмат бўлади.

7Шарманда бўласиз, эй валийлар, Уятга қоласиз, эй фолчилар. Мендан сўз олмаганингиз учун, Оғзингизни ёпасиз.”

8Аммо менинг вужудим кучга тўлган, Эгамизнинг Руҳи мени тўлдирган. Қудрат ва адолатга тўлганман. Энди мен Ёқубнинг итоатсизлигини фош қиламан, Исроил халқининг гуноҳини юзига соламан.

9Эй Ёқуб насли йўлбошчилари, эшитинг! Эй Исроил раҳнамолари, қулоқ солинг! Сизлар адолатдан ҳазар қиласиз, Ҳақиқатни бузиб кўрсатасиз.

10Қонлар эвазига барпо қилдингиз Қуддусни, Зулм эвазига бунёд этдингиз Сионни!

11Эй Қуддус ҳокимлари, сизлар пора олиб ҳукм қиласиз, Эй Қуддус руҳонийлари, сизлар тама қилиб таълим берасиз, Эй Қуддус пайғамбарлари, сизлар пул учун башорат қиласиз. Тағин Эгамизнинг номини рўкач қилиб, айтасиз: “Эгамиз биз билан, бунга шубҳа йўқ! Бошимизга бирор кўргилик тушмас.”

12Сизлар сабабли Қуддус даладай шудгор қилинади, Сион харобазор бўлади, Эгамизнинг уйи турган тоғни Қалин ўрмонзор қоплайди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>