Михо 4:1-13 UZV2013 - Bible AI

1Шундай кунлар келадики, Эгамизнинг уйи турган тоғ Тоғларнинг энг юксаги бўлиб, қарор топади. Бу тоғ ҳаммасидан ҳам баланд бўлади, Халқлар у ерга дарёдай оқиб келади.

2Кўплаб эллар келади, Улар шундай деб айтади: “Қани, юринглар! Чиқайлик Эгамизнинг тоғига! Қани, юринглар! Борайлик Ёқуб наслининг Худоси уйига! Токи У бизга ўргатсин Ўзининг йўлларини, Токи юрайлик бизлар Унинг сўқмоқларидан.” Ахир, Эгамизнинг каломи келиб чиқар Қуддусдан, Ҳа, Худонинг таълимоти келиб чиқар Сиондан.

3Эгамиз ҳукм қилади кўп халқларнинг орасида, Ажрим қилади олисдаги кучли миллатлар орасида. Қиличларини айлантиришади омочга, Найзаларини эса ток қайчиларига. Қилич кўтармайди бир–бирига халқлар, Ҳеч қачон жанг қилмайди улар.

4Ором олар ҳар ким ўз узумзорида, Ўтирар ҳар ким ўз анжирзорида, Бирор кимса уларга таҳдид солмайди. Буни Сарвари Оламнинг Ўзи айтди!

5Ҳамма халқлар ўз худоларига эргашаверсин, Биз эса абадулабад Эгамиз Худонинг йўлидан юрамиз.

6Эгамизнинг каломи шудир: “Шундай вақт келадики, Мен чўлоқларни йиғиб оламан. Ҳайдаб юборилганларни тўплайман, Ўзим азобга гирифтор қилганларимни йиғаман.

7Чўлоқларни омон сақлайман, Ҳайдаб юборилганлардан кучли бир халқ бунёд этаман, Ўша кундан бошлаб то абад Мен, Эгангиз, Сион тоғида уларга ҳукмронлик қиламан.”

8Эй Қуддусдаги шоҳ қалъаси, Худо халқининг кузатув минораси, Собиқ ҳокимиятинг ўзингга қайтади. Эй Қуддус шаҳри, Сенинг салтанатинг қайта тикланади.

9Энди эса нечун фарёд қиляпсан? Нима бўлди, ҳукмдоринг йўқмиди?! Нечун тўлғоқ тутган аёл каби азобланяпсан? Маслаҳатчинг нобуд бўлдими?!

10Эй қиз Қуддус, Туғаётган хотин каби оҳ–воҳ қилмайсанми?! Ўзингни ҳар томонга ташламайсанми?! Ахир, ҳозир шаҳардан чиқиб кетасан! Яланг қирларга бориб маскан қиласан! Ҳа, Бобилга сен сургун бўласан. Бироқ у ерда сен нажот топасан, Душман қўлидан халос қилар Эгамиз сени.

11Сенга қарши бирлашди талай халқлар, Сен ҳақингда шундай деб айтади улар: “Қани келинглар, Қуддусни хўрлаймиз, Шаҳват билан уни томоша қиламиз.”

12Аммо билмас улар Эгамизнинг ниятини, Асло тушунмаслар Унинг режаларини, Билмас не сабабдан Эгамиз уларни йиққанини, Англамас буғдойдай уларни янчимоқчи эканини.

13Эгамиз демоқда: “Туринг, эй Қуддус аҳолиси! Янчиб ташланг уларни! Темирдан қиламан шохларингизни, Бронзадан ясайман туёқларингизни, Эзиб мажақлайсиз кўплаб халқларни.” Эгамизга бағишлайсиз олган ўлжангизни, Бутун олам Раббийсига ёв бойлигини.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>