Михо 5:1-15 UZV2013 - Bible AI

1Эй Қуддус, йиққин лашкарингни! Ғанимлар бизни қуршовга олди! Улар Исроил ҳукмдорининг бетига таёқ билан уради.

2Аммо Эгамиз демоқда: “Эй Эфратдаги Байтлаҳм, Сен Яҳудонинг митти шаҳри бўлсанг ҳам, Исроилни Мен учун бошқарадиган зот сендан чиқади. Унинг насаби қадимларга бориб тақалади.”

3Ҳа, Эгамиз Исроил халқини бир муддатга душманларга таслим қилади, Аммо бу ҳол узоқ давом этмайди. Ҳомиладор аёлнинг кўзи ёриганда, Бўлғуси ҳукмдорнинг биродарлари сургундан қайтади. Улар Исроил халқи билан бирлашади.

4Эгамизнинг қудрати ила ўша ҳукмдор сурувини боқади, Эгамиз Худо Ўз улуғворлиги ила уларни бошқаради. Исроил халқи хатарсиз яшайди, Ахир, ҳукмдорининг довруғи бутун дунёга ёйилади.

5[5-6] Ўша зот тинчлик ўрнатувчи бўлади. Мабодо Оссурияликлар Юртимизга бостириб келса, Чегарамизга қадам босишса, Ҳукмдоримиз бизни қутқаради. Xa, Оссурияликлар Юртимизга бостириб келса, Қалъаларни улар ёриб ўтса, Биз уларга қарши етти йўлбошчини танлаймиз, Ҳатто саккиз раҳнамони тайинлаймиз. Улар қилич кўтариб, Оссурияда ҳукмронлик қилишади, Қилич ўйнатиб, Нимрўднинг ерида ўз ҳукмини ўтказишади.

7Кўп халқлар орасида Ёқуб наслининг омон қолганлари Эгамиз осмондан тушира оладиган Шудрингдай бўлишади, Майсаларни суғорадиган Ёмғирга ўхшаган бўлишади. Уларни ҳеч ким тўхтата олмайди, Улар душманлари устига бостириб боришади.

8Ҳа, кўп халқлар орасида Ёқуб наслининг омон қолганлари Ўрмон ҳайвонлари орасидаги Арслондай бўлишади, Қўй сурувига кириб қолган Шер боласига ўхшаган бўлишади. Юрган йўлларида ҳаммага ташланиб ғажишади, Уларнинг қўлидан ҳеч ким қутқара олмайди.

9Эй Исроил, сенинг қўлинг ёвлардан баланд келади, Барча душманларинг қирилиб кетади.

10Эгамизнинг каломи шудир: “Ўша куни отларингизни Мен йўқ қиламан, Жанг араваларингизни парча–парча этаман.

11Вайрон қиламан юртингиз шаҳарларини, Яксон этаман жамики қалъаларингизни.

12Юртингизда сеҳр–жодуга барҳам бераман, Орангизда биронта фолбинни қолдирмайман.

13Йўқ қиламан тасвиру бутсимон тошларингизни, Бошқа сажда қилмайсиз қўлингиз ижодига.

14Қўпориб ташлайман Ашеранинг устунларини, Шаҳарларингиз кулини кўкка совураман.

15Менга итоат қилмаган халқлар устига Қаҳру ғазабимни ёғдириб, қасос оламан.”

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>