2Эй тоғлар, Эгамизнинг даъвосига қулоқ тутинг, Заминнинг мангу пойдеворлари, сиз ҳам эшитинг! Ўз халқи билан Эгамиз даъволашади, Халқи Исроил билан У баҳслашади.
3Эгамиз демоқда: “Эй халқим, сенга Мен нима қилдим?! Сенга тушдими бирор оғирлигим?! Қани, жавоб бергин–чи Менга!
4Мен сизларни Миср юртидан олиб чиққан эдим–ку, У ердаги қулликдан халос этган эдим–ку. Олдингизга юборгандим йўлбошчиларни — Мусо, Ҳорун ва Марямни.
5Эй халқим, наҳот эсламасангиз Мўаб шоҳи Болоқнинг ёвуз ниятини, Бавўр ўғли Баломнинг унга берган жавобини?! Шитимдан Гилгалга қилган сафарингизда ҳам Нималар юз берганини бир эсланг. Бу воқеаларни эсга олсангиз, Мен сизларни қутқармоқчи бўлиб, Не–не ишлар қилганимни кўрасиз!”
6Худойи Таолога сажда қилганимда, Нима олиб борай Эгамизнинг ҳузурига?! Унга атаб қурбонликлар куйдирсаммикан?! Бир ёшли бузоқларни назр қилсаммикан?!
7Унга атаб минглаб қўчқорларни сўйсам, Зайтун мойин дарё–дарё қилиб оқизсам Эгамиз мендан мамнун бўлармикан?! Итоатсизлигим учун тўнғич ўғлимни берайми?! Гуноҳим–чун ўз фарзандимни қурбон қилайми?!
8Эй инсон, нима яхши эканлигини Эгамиз сенга аён қилди. Шудир Унинг сендан қилган талаби: Адолатли иш тутгин, Меҳр–шафқат қилишдан завқ олгин, Камтар бўлиб, Худонинг йўлидан юргин.
9Худодан қўрқиш — донолик ахир! Эгамиз Қуддус аҳлига хитоб қилар: “Яхшилаб қулоқ солинг! Мен сизларни ҳадемай жазолайман!
10Эй фосиқлар, ҳаром бойлигингизга қандай кўз юмай?! Тарозидан уриб йиққан давлатингизни қандай унутай?! Бундай бойликдан жирканаман, ахир!
11Нотўғри тарозини ишлатган одамни қандай оқлайин?! Сохта қадоқ тошлардан фойдаланган кишига қандай чидайин?!
12Эй Қуддус бойлари, сизлар зўравонлик қиляпсиз, Эй шаҳар одамлари, сизлар алдаяпсиз. Ёлғондан бошқани билмас тилларингиз.
13Шунинг учун Мен сизларга қақшатгич зарба бераман, Гуноҳларингиз учун сизларни хароб қиламан.
14Сизлар ейсиз, лекин тўймайсиз, Қорнингиз доим оч бўлади. Нарса йиғасизу сақлай олмайсиз, Йиққанларингизни урушда нобуд қиламан.
15Сиз экасиз, аммо ўриб олмайсиз. Мой оласиз, аммо ундан фойдаланмайсиз. Узум эзасиз, аммо шаробидан ичмайсиз.
16Ахир, сизлар шоҳ Омрининг одатларини ташламаяпсиз. Ахаб хонадонининг барча қилмишларига тақлид қиляпсиз, Уларнинг йўлини тутяпсиз. Шунинг учун Мен сизларни хароб қиламан. Сизни кўрганлар сизлардан ҳазар қилади, Барча халқлар сизларни ҳақорат этади.”