Нохум 1:1-15 UZV2013 - Bible AI

1Найнаво шаҳри ҳақида башорат. Бу китобда Элқўшлик Нохумга келган ваҳий баён қилинган.

2Эгамиз рашкчи, қасоскор Худодир, Эгамиз қасоскор, дарғазабдир. Ғанимларидан Эгамиз қасос олар, Душманларидан ғазабланиб юрар.

3Эгамизнинг жаҳли тез чиқмас, Унинг кучи буюкдир, Айбдорни Эгамиз асло оқламас! Юрган йўли қуюну бўрон бўлар. Оёғи остидан чангдай Кўтарилар қора булутлар.

4У денгизга дўқ уриб, уни қуритар, Барча дарёларни қақратиб юборар. Башан ва Кармил яйловлари хазон бўлади, Лубнон гуллари сўлиб қолади.

5Унинг олдида силкинар тоғлар, Парчаланиб кетар адиру қирлар. Ҳузурида замин тебранар, Бутун жаҳон ва ундаги мавжудот қалтирар.

6Унинг қаҳрига ким бардош бергай?! Алангали ғазабидан ким омон қолгай?! Унинг ғазаби оловдай ёйилар, Унинг олдида қоялар чилпарчин бўлар.

7Эгамиз яхшидир, Кулфат кунида қўрғондир У, Худода паноҳ топганларни сақлайди У.

8Тошқин сел билан Найнавони вайрон қилар, Ёвларининг пайига тушиб, зулматга ҳайдар.

9Эй Найнаво, нечун Эгамизга қарши фитна уюштирасан?! Ахир, У бир уриб сени қириб ташлайди, Иккинчи уришига ҳожат бўлмайди.

10Чирмашган тикану қуруқ хас–чўп каби, Сизлар ҳам, эй майхўрлар, ёндириб ташланасиз!

11Эй Найнаво, қабиҳ шоҳ сендан чиқди, Эгамизга қарши у фитна–фасод қилди.

12Эгамиз эса шундай айтур: Оссурияликлар кучли ва беҳисоб бўлса–да, Улар қирилиб, йўқ бўлади. Эй халқим, бошингга кулфат солдим! Энди бундай кулфат солмайман зинҳор!

13Сени Оссурия бўйинтуруғидан озод қиламан, Кишанларингни узиб ташлайман.”

14Сен ҳақингда, эй Оссурия, Эгамиз шундай амр этар: “Сенинг номинг дунёдан ўчар. Йўқ қиламан худоларинг уйидаги қуймаю ўйма бутларни, Ярамас хулқ–атворинг учун ҳозирлайман қабрингни.”

15Қаранг! Хушхабар келтирувчи кимса, Тоғлар оша шошиб келади бу ёққа. Тинчликни эълон қилади У сизга! Эй Яҳудо, нишонлагин байрамларингни, Олиб кел онт ичиб атаган назрларингни. Юртингга тажовуз қилмас энди қабиҳлар, Зеро, тамомила йўқ бўлди улар.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>