Нохум 3:1-19 UZV2013 - Bible AI

1Ҳолингга вой, эй қўли қон шаҳар! Ўтакетган маккор, ўлжага тўлган шаҳар! У ердаги қотилликлар ҳеч тугамас!

2Қулоққа чалинар қамчиларнинг визиллаши, Ғилдиракларнинг тарақ–туруғи, Елаётган от туёқларининг товуши, Жанг араваларнинг гумбурлаши!

3Жангга кирмоқда отлиқ сипоҳлар, Ялт–юлт этмоқда қиличлар, Ярқирамоқда найзалар, Уйилиб кетди ўликлар, Уюм–уюм бўлди жасадлар, Мурдаларнинг сон–саноғи йўқ. Қоқилишар жасадларга одамлар!

4Эй Найнаво, ўзингни бузуқ фоҳишадай тутдинг, Суюқоёқ жодугардай одамларни ром қилдинг, Бузуқлигинг билан халқларни қул қилдинг, Сеҳр–жодуларинг билан ўзингга оғдирдинг.

5“Мен сенга қаршиман! — деб айтмоқда Сарвари Олам. — Мен кўйлагингни кўтариб, Халқларга яланғоч танангни кўрсатаман, Эллар олдида шармандангни чиқараман.

6Устингдан ахлат ёғдириб, сени хўрлайман. Одамларга сен томоша бўласан.

7Сени кўрганлар орқага чекиниб, шундай дейишар: ‘Найнаво вайрон бўлди! Ким унга ачинар экан?!’ Сени юпатадиган ҳеч ким йўқ!”

8Нў шаҳридан сенинг ортиқ жойинг бормиди?! Ўша шаҳар Нил дарёси бўйида жойлашганди, Сувлар қуршовида турганди, Дарё — унинг истеҳкоми, Сувлар — ҳимояси бўлганди.

9Ҳабашистону Миср унинг устидан ҳукмронлик қиларди, Кучининг чек–чегараси йўқ эди. Фут билан Ливия унинг иттифоқдошлари эди.

10Шундай бўлса–да, Нў шаҳрининг аҳолиси сургун қилинди, Одамлари асирликка олиб кетилди, Ҳар бир кўчанинг бошида Тошга уриб ўлдирилди гўдаклари, Аслзодалари учун қуръа ташланди, Барча зодагонлари занжирбанд бўлди.

11Эй Найнаво, сен ҳам маст бўлиб, гандираклаб қоласан, Бекинасан, душманларингдан қочиб, паноҳ излайсан.

12Сенинг ҳамма қалъаларинг Меваси пишган анжир дарахтига ўхшар. Анжирни силкитсанг, Анжирлар хўранданинг оғзига тушар.

13Лашкарингга бир қарасанг–чи! Хотин кишидан фарқи йўқ–ку уларнинг. Юртингнинг дарвозалари ёв учун кенг очилди, Дарвозаларнинг тамбаларини олов йўқ қилди.

14Қамалга тайёрлангин! Сувга тўлдир идишларингни! Мустаҳкамла қўрғонларингни! Оёқ билан эзгин лойни, Тайёрла тезроқ қолипларингни!

15Барибир олов сени ямлаб юборар, Чигиртка экинларни қиртишлагандай, Қилич сени қириб ташлар.

15 Чигирткадай кўпаявер!

16Савдогарларингни осмондаги юлдузлардан ҳам кўп қилдинг, Бироқ улар чигирткадай юртингни талашар, Сўнг қанот қоқиб учиб кетишар.

17Совуқ кунда деворларга қўнадиган, Қуёш чиққач эса учиб йўқ бўладиган Чигирткадайдир сенинг посбонларинг, Чигиртка галасидайдир сенинг аъёнларинг. Улар қаерга ғойиб бўлганини билмайди ҳеч ким.

18Эй Оссурия шоҳи, Чўпонларингнинг кўзи юмилган, Йўлбошчиларинг абадий уйқуга кетган, Сенинг халқинг тоғларга тарқалган, Уларни йиғадиган бирор кимса йўқ.

19Сенинг ярангни даволаб бўлмас, Жароҳатинг ҳалокатлидир. Бу ҳақда хабар топган ҳамма одамлар Хурсандлигидан чапак чалар. Зотан ҳеч ким чексиз зулмингдан Қочиб қутула олмаган.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>