Римликларга 16:1-24 UZV2013 - Bible AI

1Мен Кенхрея шаҳридаги жамоатда хизмат қилаётган опамиз Фивани сизларга таништирай.

2Сизлар Худонинг азизларисиз, шунинг учун Раббимиз Исо ҳақи Фивани меҳмондўстлик билан қабул қилинглар. У нимага муҳтож бўлса, ёрдам беринглар. Зеро, у кўпларга, айниқса менга кўп ёрдам кўрсатган.

3Прискилла ва Акилга салом айтинг, улар мен қатори Исо Масиҳнинг хизматидалар.

4Улар менинг жонимни асраб қолиш учун ўзларини ўлим хавфи остига қўйдилар. Нафақат мен, балки ғайрияҳудийлардан иборат бўлган жамоатлар ҳам улардан миннатдорлар.

5Уларнинг уйида йиғиладиган жамоатга ҳам салом айтиб қўйинглар. Асия ўлкасидагилар орасида биринчи бўлиб Масиҳга имон келтирган азиз дўстим Епенетга салом айтинг.

6Сизлар учун кўп меҳнат қилган Марямга салом айтинглар.

7Биродаримиз Андроник ва опамиз Юнияга салом айтинглар. Улар мен билан бирга ҳибсда бўлган қондошларим. Бу обрўли ҳаворийлар мендан олдин Масиҳга имон келтирган эдилар.

8Раббимиз Исо туфайли менинг азиз дўстим бўлиб қолган Амплиатга салом айтинг.

9Масиҳ хизматида ҳамкоримиз бўлган Урбан ва азиз дўстим Стахисга салом айтинг.

10Масиҳга содиқлигини исботлаган Апеллисга салом айтинг. Аристовул хонадонига ҳам салом айтиб қўйинг.

11Қондошим Ҳиродионга салом айтинг. Наркис хонадонидаги Раббимиз Исога тегишли бўлганларга ҳам салом айтиб қўйинг.

12Раббимизга жону диллари билан хизмат қилаётган опаларимиз Трифена билан Трифосага салом айтинглар. Раббимизга астойдил хизмат қилаётган азиз опамиз Персисага ҳам салом айтинг.

13Раббимизнинг танланган хизматкори Руфусга ва менга онадай бўлиб қолган унинг онасига ҳам салом айтинг.

14Асинкрит, Флегон, Ҳермес, Патровас, Ҳармасларга ва улар билан бирга бўлган биродарларга салом айтинглар.

15Филалогус билан Юлияга, Нирей ва унинг синглисига, Олимпас ҳамда улар билан бирга бўлган барча азиз биродарларга салом айтинглар.

16Бир–бирингиз билан ўпишиб кўришинглар. Барча Масиҳ жамоатлари сизларга салом йўллаяптилар.

17Сизларга ёлвораман, олган таълимотингиздан айнитиб, орангизга низо ва ғулғула соладиган одамлардан эҳтиёт бўлинглар. Улардан ўзингизни олиб қочинглар.

18Ахир бундай одамлар Раббимиз Исо Масиҳнинг эмас, балки ўз нафсларининг қулидирлар. Улар ширин сўзлару хушомадгўйлик билан софдил инсонларни йўлдан оздирадилар.

19Сизларнинг Худога бўлган итоаткорлигингиз ҳаммага маълум. Мен сизлардан жуда хурсандман, аммо яхшиликка келганда доно, ёмонликка келганда эса норасида бўлишингизни истайман.

20Тинчлик манбаи бўлган Худонинг Ўзи тез орада шайтонни оёқларингиз остида эзиб ташлайди. Раббимиз Исонинг инояти сизларга ёр бўлсин.

21Менинг ҳамкорим Тимўтий ҳамда қондошларим Луций, Ясон ва Сосипатрлар сизларга салом йўллаяптилар.

22Бу мактубни қоғозга тушираётган, Раббимизнинг қули мен — Тертийдан ҳам сизларга салом.

23Бутун жамоатга меҳмондўстлик кўрсатадиган ва ҳозирда менинг мезбоним бўлган Гайус сизларга салом айтяпти. Шаҳарнинг хазинадори Ераст ва биродаримиз Кварт ҳам салом йўллаяптилар.

24[1] [25] Мен баён қилаётган Хушхабарга, яъни Исо Масиҳнинг Хушхабарига биноан сизларни имонда собитқадам қилишга қодир бўлган Худога ҳамду санолар бўлсин! Бу Xушхабар қадимдан сир тутилган эди, энди эса у очилди. [26] Ҳа, бу сир ошкор қилинди ва пайғамбарларнинг битиклари орқали, Худонинг амри бўйича барча халқларга аён бўлди, токи улар ҳам имон орқали Худога итоаткор бўлсинлар. [27] Донолик соҳиби бўлган ягона Худога Исо Масиҳ орқали то абад шон–шарафлар бўлсин! Омин! [2]

ticle>