Римликларга 4:1-25 UZV2013 - Bible AI

1Хўш, биз бобокалонимиз Иброҳим ҳақида нима деймиз? Иброҳим қандай қилиб иноят топди?

2Агар Иброҳим савоб ишлари туфайли оқланганда эди, унинг мақтанишга ҳаққи бўларди, аммо Худонинг олдида ҳеч ким мақтана олмайди.

3Ахир, Муқаддас Битикларда нима деб ёзилган? “Иброҳим Худога ишонди, Худо уни ишончи учун, солиҳ, деб билди.”

4Меҳнаткашга тўланадиган маош илтифот эмас, хизмат ҳақидир.

5Бироқ қонунни бажаришга суянмай, балки бетавфиқни оқловчи Худога ишонган киши ўз ишончи туфайли оқланади.

6Мана, қонунни бажарганидан қатъий назар, Худо томонидан оқланган одамни Довуд ҳам бахтли, деб айтади:

7“Итоатсизлиги кечирилганлар бахтлидир, Эгамиз кимнинг гуноҳидан ўтган бўлса, Ўша инсон бахтлидир.

8Эгамиз кимнинг айбини ёзмаган бўлса, Ўша инсон бахтлидир.”

9Бу бахтиёрлик фақат суннат қилинганларга мансубми ёки суннатсизларга ҳам тегишлими? Айтиб ўтганимиздай, Иброҳим ишончи туфайли оқланди.

10Хўш, у қачон оқланди? Суннат бўлишидан олдинми ёки кейинми? Суннат бўлишидан олдин!

11У суннатни ишонч орқали эга бўлган солиҳлигининг муҳри сифатида қабул қилди. У суннат қилинмасдан олдин оқланганди. Шундай қилиб, Иброҳим суннатсиз ҳолда имон келтириб оқланган ҳар бир инсоннинг отаси бўлди.

12Айни замонда, Иброҳим суннатлиларнинг ҳам отаси ҳисобланади, шу шарт биланки, уларнинг имони ҳам отамиз Иброҳим суннат қилинмасдан олдин эга бўлган имонидай бўлиши керак.

13Худо Иброҳимга ва унинг наслига ер юзини мулк қилиб олиш тўғрисида ваъда берган эди. Иброҳим қонунга итоат қилгани учун эмас, балки Худо уни ишончи туфайли солиҳ, деб билгани учун Худо бу ваъдани берди.

14Агар ер юзини қонунга суянадиганлар мулк қилиб оладиган бўлса эди, унда имон беҳуда, ваъда эса қуруқ бўлиб қолар эди.

15Ахир, қонун Худонинг ғазабини қўзғатади, холос. Қонун бўлмаса, қонунбузарлик ҳам бўлмайди.

16Шу сабабдан, Худонинг ваъдаси Унинг иноятига боғлиқ бўлиб, фақат имон билан қабул қилинади. Натижада қонунга амал қилиб яшайдими, йўқми, худди Иброҳимнинг имонидай имонга эга бўлганларнинг ҳаммаси унинг зурриётидир. Худонинг ваъдаси албатта уларга ҳам дaxлдордир. Ахир, Иброҳим ҳаммамизнинг отамиздир.

17Муқаддас Битикларда қуйидагича ёзилган–ку: “Мен сени кўплаб халқларнинг отаси қиламан.” Ўликларни тирилтирувчи ва мавжуд бўлмаган нарсаларни вужудга келтирувчи Худога ишониб, Иброҳим ҳаммамизнинг отамиз бўлди.

18Худо Иброҳимга яна: “Сенинг наслинг сон-саноқсиз бўлади”, деган эди. Иброҳим кўп халқларнинг отаси бўлишга ҳеч бир умиди қолмаганига қарамасдан, имони туфайли умидвор эди.

19Ўзи юз ёшга яқинлашиб, бадани анча заифлашиб қолганига ва хотини Сорaнинг бепуштлигига қарамай, Иброҳимнинг имони заифлашмади.

20Имонсизлик қилиб, Худонинг ваъдасидан шубҳаланмади, балки имонида маҳкам туриб, Худони улуғлади.

21Худо берган ваъдасини бажо келтиришга қодир, деб Иброҳим қатъий ишонар эди.

22Мана шу ишончи учун Худо Иброҳимни солиҳ, деб билди.

23[23-24] Бу сўзлар фақатгина Иброҳимга тегишли эмас, балки биз учун ҳам айтилган. Агар Раббимиз Исони ўликдан тирилтирган Худога ишонсак, Худо бизни ҳам оқлайди.

25Бизнинг гуноҳларимиз учун Исо Масиҳ ўлимга топширилди ва оқланишимиз учун тирилтирилди.

icle>