Салоникаликларга 1чи 2:1-20 UZV2013 - Bible AI

1Биродарлар, ўзларингиз биласиз, сизларнинг олдингизга келганимиз бекор кетмади.

2Яна ўзингизга маълумки, биз Филиппи шаҳрида кўп азоб чеккандик, ҳақоратларга учрагандик. Аммо кўп қаршиликларга қарамай, Худонинг Хушхабарини сизга айтишимиз учун Унинг Ўзи бизга жасорат берди.

3Ахир, биз сизларга таълим берганимизда, бизда на хатолик, на нопок ният, на бирон ҳийла бўлган.

4Хушхабарни ишониб топширишга Худо бизни лойиқ топди. Шундай экан, биз инсонларни мамнун қилайлик деб эмас, балки юракларимизни текширадиган Худони мамнун қилайлик, дея таълим берамиз.

5Ўзларингиз биласиз, биз ҳеч қачон тилёғламалик қилмадик, тамагирлик ниятида гапирмадик. Худонинг Ўзи бунга шоҳид.

6Биз ҳеч кимнинг, на сизларнинг, на бошқаларнинг, мақтовига сазовор бўлайлик, деб иш қилмадик.

7Масиҳнинг ҳаворийлари сифатида биз сизларнинг олдингизга талаблар қўйишимиз мумкин эди. Aммо биз, болаларини ардоқлаган эмизикли онадай, сизларга меҳрибон бўлдик.

8Сизларга жуда қаттиқ кўнгил боғлаган эдик. Шунинг учун сизларга Худонинг Хушхабарини айтибгина қолмадик, балки юрагимиздан ҳам жой бердик. Чунки сизлар бизга жуда азиз бўлиб қолгандингиз.

9Эй биродарлар, машаққат билан меҳнат қилганимиз ёдингизда бўлса керак. Сизларга Худонинг Хушхабарини айтаётганимизда ҳеч бирингизга юк бўлмайлик, дея кечаю кундуз ишладик.

10Сиз, имонлилар билан бўлган муносабатимизда қандай покдил, солиҳ ва бенуқсон бўлганимизга ўзингиз ҳам, Худо ҳам гувоҳ.

11Яна ўзингиз биласизки, ота фарзандига қандай муомала қилса, биз ҳам ҳар бирингизга шундай муомалада бўлдик.

12Сизларга далда бердик, юпатдик. Худони мамнун қиладиган ҳаёт кечиринг, деб сизларга ёлвордик. Ахир, У сизларни Ўз Шоҳлигига ва улуғворлигига чорлаяпти.

13Бизнинг тинмай Худога шукр қилишимизнинг сабаби ҳам шудир. Биздан Худонинг каломини эшитганингизда, буни инсон сўзи сифатида эмас, балки Худонинг каломи сифатида қабул қилдингиз. Бу калом ҳақиқатан Худонинг каломидир. Сиз, имонлиларда бу калом ўз таъсирини кўрсатяпти.

14Эй биродарлар, сизлар Худонинг Исо Масиҳга тегишли бўлган, Яҳудия ўлкасидаги жамоатлардай бўлдингиз. Улар Яҳудийлардан қандай азоб чеккан бўлса, сизлар ҳам ўз юртдошларингиз томонидан шундай азобларга йўлиқдингиз.

15[15-16] Яҳудийлар Раббимиз Исони ва пайғамбарларни ўлдиришган. Бизни ҳам қувғин қилишди. Бошқа халқлар нажот топсин, деб гапиришимизга ҳам тўсқинлик қиляптилар. Шу сабабдан улар Худони мамнун қилмайди ва барча инсонларга қарши чиқади. Мана шу ишлари орқали Яҳудийларнинг гуноҳлари авжига чиқмоқда. Ва ниҳоят, Худонинг ғазаби уларнинг бошига тушди.

17Эй, биродарлар, энди биз дилимиз билан бўлмаса–да, вужудимиз билан қисқа бир муддатга сизлардан жудо бўлдик. Аммо сизларни жуда соғиниб, дийдорингизни кўришга жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қилдик.

18Ҳа, биз қайта–қайта сизнинг олдингизга бормоқчи бўлдик. Айниқса мен, Павлус, боришни жуда хоҳлагандим, лекин шайтон бунга йўл қўймади.

19Ахир, бизнинг умидимиз ва қувончимиз ким?! Раббимиз Исо келганда, Унинг олдида фахр тожимиз сиз эмасми?!

20Ҳа, сизлар бизнинг шарафимиз ва қувончимизсиз!

ter>