Саҳрода 13:1-34 UZV2013 - Bible AI

1Шундан сўнг халқ Хазерўтдан йўлга чиқиб, Порон саҳросига [1] келиб қароргоҳ қурди.

2Эгамиз Мусога деди:

3“Мен Исроил халқига бераётган Канъон юртига айғоқчилар юбор. Ҳар бир қабиладан биттадан йўлбошчини жўнат.”

4Мусо, Эгамизнинг амрига мувофиқ, қабила йўлбошчиларини Порон саҳросидан Канъон юртига жўнатди.

5Уларнинг исми қуйидагичадир:

5Рубен қабиласидан — Заккур ўғли Шаммува.

6Шимўн қабиласидан — Хўри ўғли Шофот.

7Яҳудо қабиласидан — Яфунах ўғли Холиб.

8Иссахор қабиласидан — Юсуф ўғли Йихал.

9Эфрайим қабиласидан — Нун ўғли Хўшея [2].

10Бенямин қабиласидан — Рофу ўғли Палти.

11Забулун қабиласидан — Сўди ўғли Гаддиэл.

12Юсуф қабиласидан, яъни Манаше қабиласидан — Сусих ўғли Гадди.

13Дан қабиласидан — Гамали ўғли Омиёл.

14Ошер қабиласидан — Микойил ўғли Сатур.

15Нафтали қабиласидан — Вофси ўғли Нахби.

16Гад қабиласидан — Мохи ўғли Гувал.

17Мусо Канъон юртига айғоқчиликка юборган одамларнинг исми ана шулардир. Мусо Нун ўғли Хўшеянинг исмини ўзгартириб, уни Ёшуа, деб атади [3].

18Мусо уларни Канъон юртига айғоқчиликка юборар экан, шундай деди: “Шимолга қараб юринглар, Нагав чўлини [4] айланиб чиққанингиздан кейин, чўлдан шимолда жойлашган қирли ерларни ҳам кўриб чиқинглар.

19У ерлар қандай жой, у ерда яшаётган халқ кучлими ёки заифми, кўпми ёки озми,

20юрти яхшими ёки ёмонми, шаҳарлари девор билан ўралганми ёки йўқми,

21ерлари унумдорми ёки камҳосилми, дарахтлари борми ёки йўқми, билиб келинглар. Ўша юртнинг меваларидан олиб келишнинг иложини қилинглар.” Узум мавсуми энди бошланган эди.

22Шундай қилиб, айғоқчилар шимолга қараб кетишди. Зин чўлидан бошлаб, Лево–Хомат [5] яқинидаги Рехоб шаҳригача бўлган ҳамма жойларни кўздан кечириб чиқишди.

23Даставвал улар Нагав чўлини кесиб ўтиб, Хеврон шаҳрига [6] боришганди. Ўша ерда Иноқдан келиб чиққан [7] Охиман, Шешай ва Талмай уруғлари яшашарди. Хеврон Мисрдаги Зўван шаҳридан етти йил олдин қурилган эди.

24У ердан айғоқчилар Эшкўл сойлигига бориб, бир бош узумни шохи билан қирқиб олишганди. Бу бош узумни икки киши ходага осиб кўтариб кетганди. Бундан ташқари, улар анор ва анжирлардан ҳам олишганди.

25Айғоқчилар сойликдан бир бош узум қирқиб олганлари учун ўша сойликка Эшкўл [8], деб ном берилди.

26Ниҳоят, улар юртни кўриб чиқиб, қирқинчи куни қайтишди.

27Порон саҳросидаги Кадешга [9] — Мусо, Ҳорун ва бутун Исроил жамоаси олдига келишди. Уларга кўрган–билганларини айтиб, ўша юртнинг меваларини кўрсатишди.

28Улар Мусога шундай деб айтишди:

28— Сиз бизни юборган юртга бордик, у ерда чиндан ҳам сут ва асал оқиб ётибди [10]. Мана бу мевалар ўша ердан.

29Лекин у ердаги халқлар кучли, шаҳарлари мустаҳкам ва ниҳоятда улкан экан. Биз у ерда ҳатто Иноқ авлодини [11] ҳам кўрдик!

30Омолек халқи — Нагав чўлида, Хет, Ёбус ва Амор халқлари — қирларда, Канъон халқи эса Ўрта ер денгизи қирғоқларида ва Иордан дарёси бўйларида истиқомат қилишар экан.

31Холиб Мусонинг рўпарасида турган халқни тинчлантириб: — Бўла қолинглар, ўша юртга ҳужум қилиб, уни эгаллаб олайлик. Ўша юртни босиб олишга албатта кучимиз етади, — деди.

32Лекин Холиб билан бирга борганлар: — У халққа бас кела олармидик?! Улар биздан кучлироқ–ку! — дейишди.

33Шундай қилиб, улар ўзлари кўриб келган юрт тўғрисида Исроил халқи орасида бўлмағур миш–мишлар тарқата бошлашди: “Биз кўриб келган юрт у ерда яшашга борадиганларни ютиб юборар экан. Ўша юртдаги ҳамма одамлар дев қомат экан.

34Биз у ерда ҳатто улкан паҳлавонлар [12] уруғидан бўлган Иноқ авлодини кўрдик. Уларнинг олдида ўзимизни худди чигирткадай ҳис қилдик. Ҳа, уларнинг назарида ҳам биз чигирткадай эдик.”

e>