Саҳрода 27:1-23 UZV2013 - Bible AI

1[1-2] Бир куни Залофходнинг қизлари Учрашув чодири кираверишига келишди. Залофход Хафернинг ўғли, Гиладнинг невараси, Мохирнинг эвараси, Юсуф ўғли Манашенинг чевараси эди. Хуллас, Залофход Манаше уруғидан эди. Залофход қизларининг исмлари Махло, Нуваҳ, Хўглах, Милхо ва Тирза эди. Улар Мусо, руҳоний Элазар, йўлбошчилар ва бутун жамоанинг олдида туриб шундай дейишди:

3— Отамиз саҳрода вафот этди. У Эгамизга қарши йиғилган Кўрахнинг тўдасига шерик бўлмаган, ўз гуноҳи туфайли оламдан ўтди. Отамизнинг ўғли йўқ.

4Ўғли бўлмагани учун отамизнинг номи уруғи орасидан ўчиб кетиши керакми? Бизга ҳам амакиларимиз қатори ерни мулк қилиб беринглар.

5Мусо уларнинг талабини Эгамизга айтди.

6Эгамиз шундай жавоб қайтарди:

7— Залофходнинг қизлари ҳақ гапни айтишяпти. Уларга албатта амакилари қатори ерни мулк қилиб беринглар. Отасининг улуши қизларига берилсин.

8Исроил халқига ҳам шундай деб уқтир. Агар бирор киши вафот этса–ю, ўғли бўлмаса, унинг мулки қизига қолсин.

9Агар қизи ҳам бўлмаса, у одамнинг мулки ака–укаларига қолсин.

10Борди–ю, марҳумнинг ака–укалари ҳам бўлмаса, унинг мулки амакиларига қолсин.

11Агар марҳумнинг амакилари ҳам бўлмаса, унинг мулки уруғидаги энг яқин қариндошига қолсин. Ўша қариндоши меросхўр бўлсин. Сен орқали, Мен, Эгангиз, берган амр Исроил халқи учун қонун бўлиб қарор топсин.

12Эгамиз яна Мусога деди: — Аборим тизмасидаги [1] анави тоққа чиқиб, Мен Исроил халқига берадиган юртга қара.

13Ўша юртни кўрганингдан кейин аканг Ҳорун сингари оламдан ўтасан.

14Чунки жамоа Зин чўлида Мендан нолиганда, сизлар икковингиз Менинг амримга қарши исён қилган эдингизлар. Марива сувлари ёнида жамоанинг кўзи олдида Менинг муқаддаслигимни намоён қилмадингизлар [2]. (Ўша Марива сувлари [3] Зин чўлидаги Кадеш яқинидадир.)

15Мусо Эгамизга деди:

16— Эй, Эгам, одамзод руҳларининг Худоси, жамоа устидан бир одамни тайинла.

17У халқни жангларга бошлаб борсин, токи Сенинг жамоанг чўпонсиз қўйдай бўлиб қолмасин.

17Шунда Эгамиз Мусога:

18— Нун ўғли Ёшуани ёнингга ол, — деди. — Унда Менинг Руҳим бор [4]. Ёшуага қўлингни қўй [5].

19Кейин уни руҳоний Элазарнинг ва бутун жамоанинг олдида турғизиб, халқ йўлбошчиси этиб тайинла.

20Бутун Исроил жамоаси унга итоат қилиши учун, Ёшуага ўз салоҳиятингдан бер.

21Ёшуа ҳамма ишни Элазар билан бамаслаҳат қилсин. Элазар Урим орқали Ёшуа учун Менинг иродамни билиб берсин [6]. Ёшуа ва бутун Исроил жамоаси ҳамма вазиятда шунга қараб иш тутсин.

22Эгамиз амр этгандай, Мусо Ёшуани руҳоний Элазар ва бутун жамоанинг олдида тик турғизиб қўйди.

23Сўнг Эгамизнинг Мусога берган амрига мувофиқ, қўлини Ёшуага қўйиб, Исроил халқининг йўлбошчиси қилиб тайинлади.

e>