Саҳрода 32:1-42 UZV2013 - Bible AI

1Рубен ва Гад қабилаларининг чорваси ниҳоятда кўп эди. Улар Язир ва Гилад ерларининг [1] чорвабоп эканлигини кўриб,

2Мусо, руҳоний Элазар ва жамоа йўлбошчиларининг олдига бориб шундай дейишди:

3— Отарўт, Дибон, Язир, Нимро, Хашбон, Элалей, Савом, Наво, Байўн шаҳарлари

4жойлашган бутун ўлкани Эгамиз Исроил халқига мағлуб қилиб берди. Бу ниҳоятда чорвабоп ерлар экан. Биз, қулларингизнинг, эса чорваси бор.

5Агар биз сизларнинг илтифотингизга сазовор бўлган бўлсак, ўша ерларни бизга мулк қилиб берсангизлар, бизни Иордан дарёсининг нариги томонига [2] олиб ўтмасангизлар.

6Шунда Мусо Гад билан Рубен қабилаларига шу гапни айтди: — Биродарларингиз урушга борганларида, сизлар бу ерда қоласизларми?

7Нимага сизлар, Исроил халқи Эгамиз берган юртга бормасин, деб уларнинг раъйини қайтаряпсизлар?

8Мен оталарингизни Кадеш–Барнадан юртни кўриб келиш учун жўнатганимда [3], улар ҳам худди шундай йўл тутишган эди.

9Улар Эшкўл сойлигигача бориб, юртни кўриб чиққан эдилар. Сўнг Эгамиз берган юртга Исроил халқи бормасин, деб уларнинг раъйини қайтарган эдилар.

10Ўша куни Эгамиз оталарингиздан қаттиқ ғазабланиб шундай қасам ичган эди:

11“Мисрдан чиққан йигирма ва ундан юқори ёшдаги одамлар Мен Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга ваъда қилган юртга кирмайдилар, чунки улар Менга содиқ қолмадилар.

12Ўша юртга фақат Ханаз уруғидан Яфунах ўғли Холиб билан Нун ўғли Ёшуа кирадилар, чунки улар икковигина Мен, Эгангизга, содиқ қолдилар.”

13Ҳа, Эгамиз Исроил халқидан қаттиқ ғазабланган эди. Эгамиз Унинг олдида қабиҳлик қилган аждодларингизни қирқ йил — улар батамом тугаб битмагунча саҳрода кездирди.

14Энди эса сиз, эй, гуноҳкорлар насли, оталарингизнинг ўрнини эгаллаб, Эгамизнинг ғазабини Исроил халқига қарши қўзғатяпсизлар!

15Агар Эгамиздан юз ўгирсангизлар, У Исроил халқини яна саҳрода ташлаб кетади. Бутун халқ сизлар туфайли қирилиб кетади.

16Лекин Рубен ва Гад қабилалари Мусога яқинлашиб, шундай дейишди: — Биз бу ерда сурувларимиз учун қўй қўралари, бола–чақаларимиз учун шаҳарлар қурамиз.

17Ўзимиз эса қуролланиб [4], Исроил халқини уларнинг юртига жойлаштирмагунимизча сафнинг бошида борамиз. Шу аснода болаларимиз мустаҳкам шаҳарларда қоладилар, маҳаллий халқлар уларга хавф солмайдилар.

18Исроил халқининг ҳар бири ўз мулкига эга бўлмагунча, биз уйимизга қайтмаймиз.

19Биз Иордан дарёсининг нариги томонидан ўзимизга мулк олмаймиз, чунки бизнинг мулкимиз Иорданнинг бу томонида — шарқ томонида бўлади.

20Мусо уларга шундай деди: — Агар сизлар ҳақиқатан ҳам айтганингизни қилсангизлар, Эгамиз олдида жанг қилиш учун қуролланинглар.

21Қўлига қурол тутган барча сипоҳларингиз Иордан дарёсидан ўтсин. Эгамиз Ўз ғанимларини қувиб юбормагунча, Унинг олдида боринглар.

22Эгамиз ўша юртни таслим қилгандан кейингина, шу ерга қайтиб келишингиз мумкин. Шунда сизлар Эгамиз олдида ҳам, Исроил халқи олдида ҳам ўз мажбуриятингиздан озод бўласиз. Иордан дарёсининг шарқ томонидаги ер сизнинг Эгамиздан олган мулкингиз бўлади.

23Агар шундай қилмасангизлар, сизлар Эгамизга қарши гуноҳ қилган бўласизлар. Гуноҳингиз ўз бошингизни ейди.

24Болаларингиз учун шаҳарлар, сурувларингиз учун қўралар қуринглар. Лекин ваъдангиз устидан чиқинглар.

25Гад ва Рубен қабилалари Мусога: — Ҳазрат нима буйруқ берсалар, қуллари шуни адо этгайлар, — дейишди.

26— Болаларимиз, хотинларимиз, подалару сурувларимиз шу ерда — Гиладдаги шаҳарларда қолади.

27Лекин қўлига қурол тутган ҳар бир эркагимиз, ҳазратимиз айтганларидай, Эгамиз бошчилигида жанг қилиш учун дарёнинг нариги томонига ўтади.

28Шундан кейин Мусо руҳоний Элазарга, Нун ўғли Ёшуага ва Исроил қабилаларининг уруғбошиларига буйруқ бериб деди:

29— Агар Гад ва Рубен қабилалари қуролланиб, Эгамиз бошчилигида жанг қилиш учун сизлар билан бирга Иорданнинг нариги томонига ўтишса, сизлар ўша юртни мағлуб қилганингиздан кейин Гилад ерларини уларга мулк қилиб беринглар.

30Борди–ю, улар сизлар билан бирга қуролланиб бормаса, бошқа қабилалар қатори, Канъон юртидан мулк олишади.

31Шунда Гад ва Рубен қабилалари: — Эгамиз қулларингизга қандай амр берган бўлса, ҳаммасини адо этамиз, — деб жавоб беришди.

32— Биз қуролланиб, Эгамиз бошчилигида Иордан дарёсининг нариги томонига ўтиб, Канъон юртига борамиз. Лекин Иорданнинг шу томонидаги ерлар бизнинг мулкимиз бўла қолсин.

33Шундан кейин Мусо Гад билан Рубен қабилаларига ҳамда Юсуф ўғли Манаше қабиласининг ярмига [5]Амор халқининг шоҳи Сихўннинг юрти билан Башан шоҳи Ўгнинг юртини — уларнинг жамики ерлару шаҳарларини, шаҳар атрофидаги ўлкаларни берди.

34[34-36] Гад қабиласи Дибон, Отарўт, Арор, Отрўт–Шифан, Язир, Ёҳбохо, Байт–Нимро ва Байт–Хорон деган мустаҳкам шаҳарларни қайтадан барпо қилиб, қўй қўраларини қурди.

37[37-38] Рубен қабиласи ҳам Хашбон, Элалей, Хиратайим, Наво, Баал–Миён (бу шаҳарларнинг номларини ўзгартирди) ва Сивмо шаҳарларини қайта қурди. Улар тиклаган шаҳарларига янги ном берди.

39Манаше ўғли Мохирнинг авлодлари Гилад ўлкасига боришди. Улар Гиладни босиб олиб, Амор халқини у ердан қувиб чиқаришди.

40Шундан кейин Мусо Гиладни Мохир авлодига берди. Мохир авлоди у ерда жойлашди.

41Манаше ўғли Ёвир эса Амор халқининг қишлоқларини эгаллади. У ўша ерларга Ёвир қишлоқлари [6], деб ном берди.

42Наваҳ Қанот шаҳрини ва унинг атрофидаги қишлоқларни эгаллади, у ерларга Наваҳ, деб ўзининг исмини берди.

e>