Тимўтийга 1чи 6:1-21 UZV2013 - Bible AI

1Қуллик бўйинтуруғи остида бўлганлар ўз хўжайинларини камоли эҳтиромга лойиқ ҳисобласинлар. Токи, ҳеч ким Худонинг номини ва таълимотини ҳақоратламасин.

2Хўжайинлари имонли бўлган қуллар, “бир–биримизга биродармиз”, деб хўжайинларига ҳурматсизлик қилмасинлар. Аксинча, янада кўпроқ тиришиб, уларга хизмат этсинлар. Чунки азиз биродарлари бўлмиш хўжайинлари ўз қулларининг фаровонлигини кўзлаб, нонини бут қиляптилар.

2Ана шу барча кўрсатмаларим ҳақида таълим бериб, насиҳат қил.

3Агар ким бегона таълимотни ёйса ва Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳақиқий каломига қарши чиқиб, художўйликка чорловчи таълимотимизни рад этса,

4у босар–тусарини билмай қолган нодондир. Бундай одам бирор масала борасида талашиш ва икир–чикир гаплар ҳақида баҳслашиш касалига йўлиққан, унинг ғаламисона гаплари ҳасад, жанжал, туҳмат, тубан гумонлар

5ва тўполонларга сабаб бўлади. Фикри бузуқ бундай одамлар ҳақиқатдан маҳрумдирлар. Улар сохта художўйлигини фойда манбаи, деб биладилар.

6Тўғри, художўйликдан фойда катта, қачонки биз бори билан қаноатлансак.

7Ахир, биз бу дунёга ҳеч нарса олиб келмадик ва ундан ҳеч нарса олиб кета олмаймиз.

8Қорнимиз тўқ, устимиз бут бўлса, шулар билан қаноат қилайлик.

9Бойликка ўч бўлганлар эса васваса тузоғига тушадилар, улар кўп бемаъни ва зарарли ҳавасларга берилиб, ҳалокат гирдобига ғарқ бўладилар.

10Пулпарастлик ҳар қандай ёмонликнинг негизидир. Мана, баъзилар бойлик кетидан қувиб, имондан қайтиб кетдилар ва ўзларини кўпгина азобларга дучор қилдилар.

11Эй Худонинг қули Тимўтий, сен эса ўзингни бу иллатлардан олиб қоч. Солиҳлик, художўйлик, имон, севги, сабр–тоқат ва мулойимликнинг пайида бўл.

12Абадий ҳаётга эришиш мақсадида, имон учун бўладиган улуғ курашда жанг қил. Ахир, Худо сени абадий ҳаётга даъват этган. Сен бу ҳаётга эга бўлиш учун кўп гувоҳлар олдида Исо Масиҳга бўлган имонингни мардларча тан олгансан.

13Пўнтий Пилат қошида ҳақиқатни мардларча тан олган Исо Масиҳ ҳузурида ва бутун борлиққа ҳаёт бағишлаган Худо ҳузурида сенга буюраман:

14зиммангдаги хизматингни ҳалоллик билан бажар. Раббимиз Исо Масиҳ келадиган кунгача ўзингни гап тегмайдиган қилиб тут.

15Ягона муборак Ҳоким бўлган Худо Ўзи белгилаган пайтда Исо Масиҳни юборади. Худо шоҳларнинг Шоҳи, ҳукмдорларнинг Ҳукмдоридир.

16У ягона мангу Худодир. У яқинлашиб бўлмайдиган нурда яшайди, Уни ҳеч бир инсон кўрмаган ҳамда кўриши мумкин эмас. Абадий салтанат Соҳиби бўлган Худога шон–шарафлар бўлсин! Омин.

17Бу дунёда бойлик топган биродарларга айт, мағрурланмасинлар, бевафо бойликка умид қилмасинлар. Аксинча, умидини Худога боғласинлар. Худо бизга ҳамма нарсани хурсанд бўлишимиз учун саховат билан беради.

18Уларга буюр, яхшилик қилсинлар, хайрли ишларга бой, сахий, очиқ қўл бўлсинлар.

19Шунда улар асл хазина тўплаб, келгуси дунё учун ўзларига мустаҳкам замин яратган бўладилар, ҳақиқий ҳаётга эришадилар.

20Эй Тимўтий, сенга ишониб топширилган Хушхабарни асрагин. Худодан узоқлаштирадиган қуруқ гаплару ҳақиқатга зид бўлган таълимотлардан қочгин. Баъзи одамлар адашиб, буларни “билим”, деб атайдилар.

21Бундай “билимга” таянган баъзилар ҳақ йўлдан оздилар.

21Худонинг инояти сизларга ёр бўлсин.

rticle>