Тимўтийга 2чи 1:1-18 UZV2013 - Bible AI

1[1-2] Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен — Павлусдан севимли ўғлим Тимўтийга салом! Худо абадий ҳаётни эълон қилишим учун мени юборди. У ваъда қилган бу ҳаётга Исо Масиҳга бўлган имон орқали эришилади. Ўғлим Тимўтий, сенга Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳ иноят, марҳамат ва тинчлик ато қилсин.

3Тимўтий, борингга шукр! Мен ота–боболарим каби, Худога виждонан хизмат қилиб, кечаю кундуз сен учун ибодат қиламан.

4Сени жуда соғинганман, кўз ёш тўкканларинг ҳамон ёдимда. Қанийди, дийдорингни кўрсаму қалбим қувончга тўлса, дейман.

5Сенинг самимий имонингни доим эслайман. Аввалдан бувинг Лоида ҳамда онанг Эвника ўз қалбларига жо этган ўша имон энди сенда ҳам равнақ топаётганига аминман.

6Шу сабабдан, ёдингда бўлсин: мен устингга қўлларимни қўйиб дуо қилганимда, сен Худодан Муқаддас Руҳни инъом қилиб олгансан. Ичингдаги ўша Муқаддас Руҳ инъомини алангалатиб тур.

7Зеро, Худо берган Руҳ қалбимизга қўрқув солмайди, аксинча, бизга куч, муҳаббат ва ақли расоликни ато қилади.

8Шундай экан, Раббимиз Исо ҳақида шоҳидлик беришдан ор қилма, мен Раббимиз туфайли занжирбанд бўлганимдан ҳам уялма. Мендан ибрат олиб, Хушхабар туфайли азоб чекишга тайёр тургин, бунинг учун Худонинг берган кучига таянгин.

9Ахир, Худо бизга нажот берди, Хушхабар айтиш каби муқаддас хизматга бизни даъват этди. Бунга бизнинг савоб ишларимиз эмас, аксинча, Худонинг мурод–мақсадию инояти сабаб бўлди. Худо азалданоқ Исо Масиҳ орқали бизга иноят кўрсатишга қарор қилган эди.

10Мана энди, бу иноят Халоскоримиз Исо Масиҳнинг оламга келиши билан яққол намоён бўлди. Масиҳ ўлим кучини йўқ қилди. У мангу ҳаётга элтувчи йўлни бизга Хушхабар орқали ёритиб берди.

11Худо мени бу Хушхабарни турли халқларга етказувчи воиз, ҳаворий ва муаллим қилиб тайинлади.

12Шу сабабдан ҳам бу азобларни тортяпман. Бироқ мен бундан ор қилмайман, чунки Кимга эътиқод қилганимни яхши биламан. Ишончим комилки, Худо менга топширган Хушхабарни қиёмат кунигача Унинг Ўзи тўлиғича сақлашга қодир.

13Сен мендан эшитган бу соғлом таълимотдан намуна олгин, уни асрагин. Исо Масиҳга тегишли бўлган инсон сифатида имон ва муҳаббатга тўла ҳаёт кечиргин.

14Сенга ишониб топширилган бу эзгу таълимотни ичимизда яшаётган Муқаддас Руҳ ёрдамида авайлаб–асрагин.

15Асия вилоятидаги барча биродарлар, шу жумладан, Фигел билан Ҳермоген мендан юз ўгирганларини биласан.

16Онисифор барака топсин, Раббимиз Исо унинг хонадонига марҳамат қилсин. Онисифор бир неча марта келиб, менинг кўнглимни кўтарди. Занжирбандлигимдан ор қилмай,

17Римга келиши биланоқ, мени астойдил қидириб, охири топди.

18У менга Эфес шаҳрида ҳам қанчалар хизмат қилганини ўзинг яхши биласан. Ё Раббим Исо, қиёмат кунида Ўз марҳаматингни Онисифордан дариғ тутмагин!

rticle>