Тимўтийга 2чи 4:1-22 UZV2013 - Bible AI

1Худо ҳузурида ҳамда тиригу ўликларни ҳукм қиладиган Исо Масиҳ ҳузурида, Унинг келиши ва ҳукмронлиги ҳақи, сенга қатъий буюраман:

2Худонинг каломини тарғиб қил. “Ҳозир бунинг вақтими, вақти эмасми?” демай, уни астойдил эълон қил. Одамларга таълим бериб, уларни тўғри йўлга сол, танбеҳ бер, насиҳат қил. Ҳаммасини сабр–тоқат билан бажар.

3Чунки шундай вақт келадики, одамлар соғлом таълимотга тоқат қилмайдиган бўладилар, улар атрофига ўзларига мос, қулоқларига ёқимли сўзлар айтадиган муаллимлар тўплайдилар.

4Улар ҳақиқатдан юз ўгириб, афсоналарга берилиб кетадилар.

5Аммо сен ҳар қандай шароитда ақл билан иш тут, азобларга чида, Хушхабарни тарғиб қил, ўз хизматингни тўлиқ бажаргин.

6Мен ҳадемай бу дунёдан ўтиб кетаман, жоним Худога қурбон.

7Мен улуғ курашда жанг қилдим, зиммамдаги вазифани охирига етказдим, Хушхабарга содиқ қолдим.

8Мени солиҳлик тожи кутмоқда. Одил ҳакам — Раббимиз Исо келган кунида ўша тожни менга Ўзи беради. Бундай тож фақат менга эмас, балки Унинг келишини интизорлик билан кутаётганларнинг ҳаммасига насиб бўлади.

9Менинг олдимга тезроқ келишга ҳаракат қил.

10Чунки Димас бу дунёга кўнгил боғлаб, мени тарк этди. У Салоника шаҳрига кетди. Криский Галатияга, Титус Далматияга кетди. Ёнимда фақат Луқо бор.

11Маркни ўзинг билан бирга олиб кел, у хизматимда менга ёрдам беради.

12Мен Тихикни Эфес шаҳрига юбордим.

13Келаётганингда ўзинг билан тўнимни олиб кел, мен уни Троас шаҳридаги Карпникида қолдирганман. Қўлёзмаларни ҳам, айниқса, чармга ёзилганларини олиб кел.

14Темирчи Искандар менга кўп ёмонлик қилди. Раббимиз Исо уни қилмишига яраша жазолайди.

15Сен Искандардан эҳтиёт бўл, чунки у бизнинг таълимотимизга қаттиқ қаршилик кўрсатди.

16Мени биринчи марта маҳкамага олиб боришганда, ҳеч ким мени ёқламади. Ҳамма мени ташлаб кетди. Худо бу айбни уларнинг бўйнига қўймасин!

17Аммо Раббим Исо ёнимда турди, Хушхабарни тўлиғича барча халқларга етказишим учун Унинг Ўзи менга куч берди. У мени ўлим чангалидан қутқарди.

18Раббим мени бундан кейин ҳам ҳар қандай ёмонликдан халос қилади ва Ўзининг самовий Шоҳлигига соғ–саломат етказади. Унга абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.

19Прискилла билан Акилга ва Онисифорнинг хонадонига салом айтиб қўй.

20Ераст Коринф шаҳрида қолди. Трофим эса касал бўлгани учун, уни Милит шаҳрида қолдирдим.

21Қиш бошланмасдан олдин келишга ҳаракат қил. Эввул, Пуд, Лин, Клавдия ва қолган ҳамма биродарлар сенга салом йўллаяптилар.

22Раббимиз Исо сенга ҳамроҳ бўлсин. Унинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин.

rticle>