Титусга 1:1-16 UZV2013 - Bible AI

1Худонинг қули ва Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен — Павлусдан салом! Худонинг танланган одамлари имонда собит бўлсинлар ва художўйликка чорловчи ҳақиқатни билиб олсинлар деб, Худо мени бу хизматга тайинлади.

2Ҳаворий сифатида мен уларни абадий ҳаётдан умидвор бўлишга даъват этаман. Зеро, Худо абадий ҳаётни азалданоқ ваъда қилган. У ҳеч қачон ёлғон ваъдалар бермайди.

3Белгиланган пайтда Худо абадий ҳаётга чорловчи Хушхабарни бизнинг воизлигимиз орқали аён этди. Нажоткоримиз Худо бу Хушхабарни менга топшириб, уни эълон қилишимни буюрди.

4Қадрдоним Титус, бизнинг эътиқодимиз бир, сен менга ўз ўғлимдай бўлиб қолгансан. Отамиз Худо ва Нажоткоримиз Исо Масиҳ сенга иноят ва тинчлик ато қилсин.

5Қолган ишларни битиришинг учун мен сени Крит оролида қолдирган эдим. Сенга буюрганимдек, оролнинг ҳар бир шаҳридаги имонлилар жамоати устидан оқсоқоллар тайинлагин.

6Жамоат оқсоқоли яхши ном чиқарган бўлиши шарт. У ўз хотинига вафодор бўлсин. Унинг фарзандлари имонли бўлиб, шалоқлик ва итоатсизлик айбидан ҳоли бўлишсин.

7Зеро, жамоат етакчиси Худонинг хонадонини бошқарувчи сифатида камчиликсиз бўлиши лозим, яъни у такаббур, жаҳлдор, майхўр, зўравон ёки пулпараст эмас,

8балки меҳмондўст, яхшиликни севадиган, вазмин, одил, оқ кўнгил ва нафсини тийган одам бўлсин.

9Ҳақиқатга ўргатилган, Хушхабар ақидаларига қаттиқ риоя қиладиган инсон бўлсин. Шунда у бошқаларга ҳам соғлом таълимот билан насиҳат қила олади, қаршилик қилувчиларни эса фош эта олади.

10Ахир, ҳеч кимга итоат қилмайдиган, қуруқ гап сотувчи ёлғончи биродарлар бор, айниқса суннатлилар орасида бундайлар кўп.

11Уларнинг сафсаталарини тўхтатиш керак. Зеро, улар пул ишлаш ниятида сохта таълимотлар ўргатиб, бутун оилаларни тўғри йўлдан оздирмоқдалар.

12Мана, улардан чиққан бир мутафаккир ўз юртдошлари ҳақида шундай деган:
Улар еб–тўймас дангасалардир, Гўёки йиртқич ҳайвонлардир”.

12“Критликлар доимо ёлғон гапиришади,

13Бу гапда жон бор. Шунинг учун бебошларга қаттиқ танбеҳ бер, токи улар ҳақ имонга қайтсинлар.

14Яҳудийларнинг афсоналарига ва ҳақиқатдан юз ўгирган одамларнинг кўрсатмаларига қулоқ солмасинлар.

15Қалби пок одамлар учун ҳамма нарса ҳалолдир. Бузуқ ва имонсизларнинг назарида эса ҳамма нарса ҳаромдир. Бундайларнинг ақли ҳам, виждони ҳам булғанган.

16Улар, Худони биламиз, дейдилар–у, ўз қилмишлари билан Уни инкор этадилар. Бундай қабиҳ, ўзбошимча одамлар ҳеч бир хайрли ишга ярамайдилар.

>