Хабаққуқ 3:1-19 UZV2013 - Bible AI

1Xабаққуқ пайғамбарнинг куйга солинган ибодати:

2“Эй, Эгам, мен Сенинг шуҳратинг ҳақида эшитдим. Қилган буюк ишларингдан ҳайратда қолдим. Эй, Эгам, бизнинг давримизда ҳам шундай ишларингни қилгин. Одамлар Сенинг нималарга қодир эканлигингни билиб қўйишсин. Ғазабланганингда меҳр–шафқатни эсдан чиқармагин.

3Худо келади Эдом юртидан, Муқаддас Худо келади Порон қирларидан. Унинг улуғворлиги кўкни порлатар, Ҳамду саноларига бутун дунё тўлар.

4Улуғворлиги чақмоқдай чақнар, Нур сочилар Унинг қўлидан — Куч яширинган билагидан.

5Унинг олдида юради ўлат, Унинг кетидан эргашади офат.

6Тўхтаганда ер силкинади, Назар солганда халқларни титроқ босади. Унинг қадимдан юрган йўлларидаги Мангу тоғлар ўпирилиб тушади, Абадий қирлар чўкиб паст бўлади.

7Кушондаги одамларнинг қўрққанини мен кўряпман, Мидиёндаги одамларнинг дағ–дағ қалтираганини кўряпман.

8Эй, Эгам, наҳотки ғазаблансанг дарёлардан?! Наҳот Сенинг жаҳлинг чиқса ирмоқлардан?! Ёки Сенинг қасдинг бормиди денгиздан?! Шунинг учун отларингни чоптирасанми, Зафарли жанг араваларингга миниб оласанми?!

9Сен ғилофдан чиқарасан камонингни, Ўқларга тўлдирасан ўқдонингни. Дарёлар билан ёрасан ер юзини.

10Буни кўрганда тоғларни дард тутар, Шиддатли оқим кўпириб оқар. Денгиз чуқуридан нидо янграр, Денгиз тўлқинлари кўкка интилар.

11Сенинг ўқларинг учиб чақнайди, Найзаларинг ялт этиб ёнади. Бундан қуёшу ой ўз жойида қотиб туради.

12Сен жаҳл устида босиб ўтарсан ер юзини, Ғазабга миниб оёқ ости қиларсан халқларни.

13Қутқариш учун келасан Ўз халқингни, Ўз танлаганинг орқали озод қилиш–чун уларни. Фосиқ халқнинг йўлбошчисини урасан, Бошдан–оёқ уни шилиб ташлайсан.

14Ғанимларимиз қуюн каби келяптилар, Бизни ҳар ёққа тарқатиб юбормоқчи бўляптилар. Ўз уясида ўлжасини ғажиган йиртқич ҳайвондай, Кучсиз овидан ўзида йўқ севиняптилар. Сен эса уларнинг йўлбошчисини ўз ўқлари билан ҳалок қиласан.

15Отларинг туёқлари денгизни босиб эзади, Баҳайбат сувларни бир жойга йиғиб қўяди.”

16Мен буларни эшитдим. Шунда увушди менинг юрагим, Титрай бошлади лабларим, Мадорим қолмай, қалтиради тиззаларим. Аммо мен сабр–тоқат қиламан, Босқинчиларимиз бошига тушадиган кулфат кунини кутаман.

17Борди–ю, анжир дарахти гулламай қолса, Узум токлари мева тугмаса, Зайтун дарахтлари ҳосил бермаса, Даладаги экинлар унмай қолса, Қўраларда қўйлар қолмаса, Оғилхоналар бўм–бўш бўлса,

18Шунда ҳам Эгамдан шод бўлурман, Нажоткорим Худодан қувонурман.

19Эгам Раббий менинг қудратимдир. У оёқларимни кийик оёғидай қилади, Чўққилар узра мени бехатар юрғизади.

e>