Хўшея 1:1-11 UZV2013 - Bible AI

1Яҳудо юртида шоҳлар Уззиё, Йўтом, Охоз ва Ҳизқиё ҳукмронлик қилган даврларда Исроил тахтида Йўш ўғли Ёрубом ўтирган эди. Ўша вақт мобайнида Бэри ўғли Хўшеяга Эгамиз Ўз сўзларини аён қилди.

2Эгамиз дастлаб Хўшея орқали гапиришни бошлаганда, унга шундай деган эди: “Бориб фоҳиша аёлга уйлан, у сенга бегона эркаклардан орттирган фарзандлар туғиб беради. Зотан, Менинг халқим ҳам фоҳишага ўхшайди. Улар Менга бевафолик қилиб, бегона худоларга сажда қилишмоқда.”

3Хўшея Диблайим қизи Гўмерага уйланди. Гўмера ҳомиладор бўлиб, Хўшеяга ўғил туғиб берди.

4Эгамиз Хўшеяга деди: “Ўғлингнинг исмини Йизрил қўй. Чунки кўп ўтмай Мен Ёҳу хонадонини Йизрил водийсида қон тўккани учун жазолайман. Исроил шоҳлигини йўқ қиламан.

5Ўша куни Мен Йизрил водийсида Исроилнинг камону ўқларини синдираман.”

6Гўмера яна ҳомиладор бўлиб, қиз туғди. Эгамиз Хўшеяга деди: “Қизингнинг исмини Лўрухамо, яъни ‘Раҳмдан бебаҳра’, деб қўй. Чунки бундан буён Мен Исроил хонадонига раҳм қилмайман, уларни кечирмайман.

7Яҳудо хонадонига эса раҳм қиламан. Мен, Эгаси Худо, уларга нажот бераман. Қиличу камон, жанг–жадал, отлару чавандозлар билан эмас, Ўз қудратим билан уларни қутқараман.”

8Гўмера қизини кўкракдан чиқаргач, яна ҳомиладор бўлиб, ўғил туғди.

9Эгамиз Хўшеяга деди: “Ўғлингнинг исмини Лўами, яъни ‘Халқим эмас’, деб қўй. Чунки Исроил халқи энди Менинг халқим эмас, Мен эса уларнинг Худоси эмасман.

10Аммо шундай вақтлар келадики, Исроил халқи денгиздаги қум каби бўлади, уларни на санаб, на ўлчаб бўлади. Уларга: ‘Халқим эмас’, деб айтилган бўлса, келажакда улар: ‘Барҳаёт Худонинг болалари’, деб аталади.

11Яҳудо ва Исроил халқлари қайта бирлашадилар. Улар ўзларига бир йўлбошчи танлайдилар. Ўз юртида туп қўйиб палак отадилар. Ҳа, Йизрилнинг куни улуғ бир кун бўлади.”

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>