5Самария аҳли Байт–Обундаги Олтин бузоғидан хавотир олади, Унинг учун улар аза тутишади. Бутидан хурсанд бўлган руҳонийлар ҳам Бут сургун бўлганидан йиғлашади.
6Бутнинг ўзи Оссурияга олиб кетилади, Буюк шоҳга тақдим қилинади. Эфрайим шарманда бўлади, Ўз режалари дастидан Исроил уятга қолади.
7Самария шоҳи сувга ғарқ бўлган пайраҳадай Ҳалок бўлади.
8Исроилнинг гуноҳига сабаб бўлган Обундаги саждагоҳлар йўқ қилинади. Қурбонгоҳларини янтоғу тикан босади. Одамлар тоғларга: “Бизни босиб қолинг!” дея бақиришади. Қирларга: “Устимизга қуланг!” деб ёлворишади.
9Эгамиз шундай демоқда: “Эй Исроил, сен Гивода гуноҳ қила бошладинг, Ўша ерда гуноҳдан чиқмай қолди сенинг бошинг. Гиводаги жиноятчилар жазосини олгандай, Сен ҳам жазодан қочиб–қутулолмайсан.
10Мен хоҳлаган пайтимда жазоингни бераман. Сенга қарши халқларни бирлаштираман. Икки баробар кўпайган жиноятларинг учун, Душманлар сенга кишан солади.
11Эфрайим ўргатилган бузоққа ўхшарди, Янчишни у хўп яхши кўрарди. Мана энди унинг гўзал бўйнига, Мен бўйинтуруқ тақаман. Энди унга омоч торттираман. Қани, Яҳудо шудгор қилсин! Ёқуб ўзи учун мола боссин!