1Эгамиз шундай дейди: “Мен Исроилни болалигида яхши кўрар эдим, Ўз ўғлонимни Мисрдан чақириб олган эдим.
2Уни қанча кўп чақирсам, Мендан шунча кўп узоқлашарди. Баалга қурбонликлар келтирарди, Бутларга тутатқилар назр қиларди.
3Эфрайимга юришни Мен ўргатган эдим, Уни қўлларимда кўтариб юрган эдим. Аммо қилган ғамхўрлигимни у билмади.
4Мен эса уни меҳр ила етаклагандим, Муҳаббат ришталари ила олиб юрган эдим. Бўйнидан бўйинтуруқни олиб ташлагандим, Олдига энгашиб, уни озиқлантиргандим.
5Халқим тавба қилишдан бош тортди. Шунинг учун Мен уларни энди Мисрга жўнатиб жазоламайман, Золим Оссурияга тобе қиламан.
6Шаҳарларида қилич ҳукм суради, Дарвозаларининг тамбаларини йўқ қилади. Ёвуз режалари туфайли халқим қиличдан ҳалоқ бўлади.
7Қачон қараса улар Мендан юзини ўгиришади. Яна Менга — Худойи Таолога фарёд қилишади, Аммо Мен уларни асло юксалтирмайман.
8Эй Эфрайим, қандай қилиб сендан воз кечай?! Эй Исроил, қандай қилиб сени ташлаб кетай?! Адмани йўқ қилганимдай сени йўқ қила олармиканман?! Завўйимга қилганимни сенга қила олармиканман?! Бундай қилишга юрагим бетламас асло! Сенга бўлган меҳрим уйғонди.
9Йўқ, сочмайман сенга қаҳр–ғазабимни, Эй Эфрайим, қайта барбод қилмайман сени, Зеро, Мен Худоман, инсон эмас, Орангиздаги Муқаддас Худоман, Олдингизга жаҳл билан бормайман.
11Улар Мисрдан ҳам қушлардай титраб келишади, Оссурия юртидан ҳам каптарлардай қалтираб келишади. Мен уларни уйларига элтиб қўяман, — Эгамизнинг каломи шудир. —
12Эфрайим атрофимни ёлғон билан ўраб ташлади, Исроил хонадони Мени ҳийлага кўмиб ташлади. Яҳудо халқи Менга қарши бош кўтарди, Менга, Муқаддас Худога улар итоат қилмаяпти.”