Хўшея 12:1-14 UZV2013 - Bible AI

1Эфрайим гармсел боқиб юрар, Кун бўйи шарқдан эсган шамол кетидан қувар. Ёлғону зўравонликни у орттирар. Оссурия билан сулҳ тузиб, Зайтун мойини Мисрга жўнатар.

2Яҳудога Эгамиз даъво қилади. Ёқуб наслининг таъзирини У беради, Тутган йўлига яраша уни жазолайди.

3Онасининг қорнидаёқ Ёқуб акаси билан талашган, Улғайгач эса Худо билан олишган.

4Фаришта билан олишиб, уни енгган эди, Кейин йиғлаб, илтифот қилишини сўраганди. Байтилда Ёқуб Худони топганди, Ўша ерда Худо билан суҳбат қурганди.

5Сарвари Олам — Худо Ўшадир, Эгамиздир Унинг номи!

6Эй Ёқуб насли, Худойингизга қайтинг. Севги ва адолатга интилинг, Сабр–тоқат ила Худодан умид қилинг.

7Эгамиз шундай дейди: “Халқим тарозидан урган савдогарга ўхшайди, Фирибгарлик қилишни улар хўп яхши кўради.

8‘О, мен бойман’, деб мақтанасан, эй Эфрайим. ‘Мен ўзимга давлат орттирдим, Боримни пешана терим билан топдим. Ҳеч ким мени гуноҳда айблай олмас.’

9Аммо Эгангиз Худо — Менман, Сени Мисрдан олиб чиққанман. Мен сенга саҳрода зоҳир бўлар эдим, Ўша даврдагидай сени яна чодирларда яшаттираман.

10Мен пайғамбарларга гапиргандим, Ўзим уларга кўп ваҳийлар бергандим, Улар орқали маталлар айтгандим.”

11Гиладда бутпарастлик қилинди. Унинг аҳли албатта барҳам топади. Гилгалда буқалар қурбонлик қилинди, Қурбонгоҳлар эгатлардаги беҳисоб тош уюмларга ўхшайди.

12Ёқуб Орам юртига қочиб борди, Хотин олиш учун у хизмат қилди, Қалин эвазига қўйлар боқди.

13Сўнг Эгамиз пайғамбар орқали Исроилни Мисрдан олиб чиқди, Пайғамбар уларга ғамхўрлик қилди.

14Аммо Эфрайим Эгамизни қаттиқ ранжитди. Тўккан қон учун Эфрайимни Раббий жазолайди, Уни ҳақоратлагани учун адабини беради.