Хўшея 14:1-10 UZV2013 - Bible AI

1Самария аҳолиси ўз Худосига қарши бош кўтарди, Энди улар гуноҳининг жазосини тортади. Улар қиличдан ҳалок бўлади, Душманлар гўдакларини ерга уриб ўлдиради, Ҳомиладор аёлларнинг қоринларини ёради.

2Эй Исроил, Эганг Худога қайтгин! Ахир, гуноҳ туфайли сен қуладинг.

3Гапингни тайёрлаб, Эгамизга қайт. Сен Унга шундай деб айт: “Гуноҳларимиздан кечиб юборгин, Ибодатимизни қабул қилгин. Биз Сенга мадҳиямизни назр қиламиз.

4Оссурия бизга нажот бермайди, Биз жанговар отларга минмаймиз. Қўл билан ясалган бутларни Энди биз: ‘худоларимиз’, деб атамаймиз. Эй Эгамиз, биз — етимларга Фақат Сен раҳм–шафқат қиласан.”

5Эгамиз шундай дейди: “Мен халқимга шифо бериб, Уларни бевафоликдан қайтараман, Уларга қайта кўнгил қўяман, Мен жаҳлдан тушдим.

6Мен Исроил учун шудрингдай бўламан, Шунда Исроил нилуфардай очилади, Лубнон ўрмонидай томир отади.

7Уларнинг новдалари ўсиб чиқади, Зайтун дарахтидай кўркам бўлади, Лубнон садридай муаттар ҳид таратади.

8Уларнинг соясида халқлар яшайди. Исроил мўл буғдой етиштиради, Улар узумзордай кўп ҳосил беришади, Лубнон шаробидай машҳур бўлишади.

9Эй Эфрайим, бутларинг билан Менинг ишим йўқ! Мен ибодатларингга жавоб бераман, Сенга ғамхўрлик қиламан. Мен доим яшил сарв дарахти кабидирман, Олган мўл ҳосилингнинг манбаидирман.”

10Ким доно бўлса, Бу ерда ёзилган сўзларни тушунади, Ким фаҳм–фаросатли бўлса, Буларнинг ҳаммасини англаб олади. Эгамизнинг йўллари тўғридир. Солиҳлар улардан юради, Исёнчилар эса қоқилиб тушади.