5Шоҳ зиёфат берган куни Беклар шоҳга майдан ичиришди, Шоҳ мазахчилар билан ҳамтовоқ бўлди.
6Уларнинг юраклари тандирга ўхшайди, Шоҳга қарши улар фитна уюштиради, Кечаси билан ғазаби чўғдай тутаб ётади, Саҳарга келиб, оловдай ловуллаб ёнади.
7Тандирдай қизишган бу ҳамма одамлар, Ҳукмдорларини ямламай ютяптилар. Натижада шоҳлари бирин–кетин нобуд бўляпти, Аммо биронтаси ҳам Менга илтижо қилмаяпти.”
8Эфрайим бошқа халқларга қоришган. У хом пишган нонга ўхшаб қолган.
9Ўзга халқлар унинг кучини кесди, У эса буни англамайди. Сочлари оқариб бўлди, У эса буни пайқамайди.
10Исроилнинг мағрурлиги Ўзига қарши гувоҳлик беради. Бошига тушган кулфатларга қарамай Исроил Ўз Эгаси Худога қайтмади, Юзини Унга бурмади.
11Эгамиз шундай дейди: “Эфрайим кабутарга ўхшар, Ҳам бефаросат, ҳам овсар. У Мисрдан ёрдам сўрайди, Пир этиб Оссурияга учади.
12Учганда, Мен унга тўр ташлайман, Овланган қушдай ерга тушираман. Тўдалашганини эшитсам, жазосини бераман.
13Халқимнинг ҳолига вой! Ахир, улар Мендан узоқлашди! Энди вайрон бўлишади! Ахир, Менга қарши бош кўтаришди! Уларни халос қилардим–у, Аммо Менга ёлғон гапиришди.
14Улар Менга чин дилдан илтижо қилмайди, Аммо тўшакларида ётиб, фарёд чекишади. Бутпарастлардай баданларини тилиб, Буғдой ва шароб талаб қилишади. Менга қарши бош кўтаришади.
15Мен Ўзим уларни боқдим, кучайтирдим, Улар эса Менга қарши фитна қилади.
16Улар яроқсиз бир камонга ўхшайди, Менга, Худойи Таолога юзини бурмайди. Беклари ҳақоратли сўзлар айтганлари учун, Қиличдан ҳалок бўлади. Бу қилмишлари учун, Мисрда кулги бўлишади.”