2Энди хирмону шароб мешларинг сенга етарлича озуқа бермас, Янги шаробинг чанқоғингни босмас.
3Сен Эгамизнинг юртида қолмайсан, Мисрга қайтиб кетасан. Оссурияда харом овқат ейсан.
4Эгамизга шароб назр қила олмайсан, Келтирган қурбонликларинг Унга маъқул бўлмайди. Бундай қурбонликлар азадорнинг нонига ўхшайди, Ундан еганларнинг ҳаммаси булғанади. Зеро, сенинг нонинг қорин учун холос, Бундай нонлар Эгамизнинг уйига киритилмайди, Эгамизга улар назр қилинмайди.
5Эй Исроил, энди сен тайинланган байрамларни ўтказа олмайсан! Эгамизнинг муқаддас йиғинларини нишонлай олмайсан!
6Сен офатдан қочиб қутулсанг ҳам, Миср сенга чангалини солади, Пойтахти Нуф сенга қабр бўлади. Кумуш хазиналаринг янтоққа насиб бўлади, Чодирларингни тиканак ўт босади.
7Мана, ҳисоб–китоб вақти келди! Жазо олиш вақти етди! Эй Исроил, тез орада сен бундан хабар топасан. Ахир, кўплаб гуноҳларинг сабабли, Чексиз адоватга тўлгансан. Сен пайғамбарларни аҳмоқ ҳисоблайсан, Руҳдан илҳомланган одамларни телба, деб биласан.
8Эй Эфрайим халқи, Эгам мени сизларга посбон қилди. Аммо сизлар пайғамбарларни тузоққа туширдингиз, Худойингизнинг уйини адоватга тўлдирдингиз.
9Гивода разиллик қилган аждодларингизга ўхшаб қолдингиз, Улардай ярамас ишларга берилиб кетдингиз. Аммо Худо жиноятингизни эсга олади, Гуноҳингизга яраша жазоингизни беради.
10Эгамиз шундай дейди: “Мен Исроилни илк бор топганимда, Саҳрода узум солган токни топгандай бўлдим. Ҳа, ота–боболарини биринчи кўрганимда, Анжирнинг чиллаки меваларини кўргандай бўлдим. Аммо улар Пиёрдаги Баалга келганда, Ўзларини ўша шарманда бутга бағишладилар. Кўнгил қўйган ўша бутдай жирканч бўлиб қолдилар.
11Эфрайимнинг шуҳрати қушдай учиб кетади. Уларда на фарзанд туғилади, На аёллари ҳомиладор бўлади, На пушти камаридан бола бино бўлади!
12Фарзанд ўстириш насиб қилган тақдирда ҳам, Биронтасини қолдирмай йўқ қиламан. Ҳолига вой, уларни тарк этаман!