1[1-2]Исроил халқи Рафидимдан [1] кетди. Мисрдан чиққандан кейин учинчи ойнинг биринчи куни [2] улар Синай саҳросига етиб келдилар. Улар Синай тоғи этагида қароргоҳ қурдилар.
3Мусо тоққа — Худонинг ҳузурига чиқди. Эгамиз тоғдан уни чақириб, шундай деди:
3— Ёқуб наслига — Исроил халқига шундай деб айт:
4“Мен, Эгангиз, Мисрликларни нима қилганимни кўргансизлар. Бургут ўз болаларини қанотлари устида кўтариб келтиргандай, Мен сизларни кўтариб, ҳузуримга олиб келганимни ҳам кўргансизлар.
5Энди Менинг амрларимга чин дилдан итоат этсангиз, аҳдимга риоя қилсангиз, сизлар Менинг халқим, бошқа халқлар орасида хазинам бўласизлар. Бутун ер Меникидир,
6аммо сизлар Мен, Эгангизга, хизмат қиладиган руҳонийлар шоҳлиги, муқаддас бир халқ бўласизлар.” Исроил халқига сен етказадиган хабар шудир.
7Мусо келиб, халқ оқсоқолларини чақирди. Эгамиз унга, айт, деб амр этган ҳамма гапларни айтди.
8Жамики халқ бир овоздан: “Эгамизнинг ҳамма айтганларини бажарамиз”, деб жавоб берди. Мусо халқнинг жавобини Эгамизга қайтариб олиб келди.
9— Мен сенинг олдингга қалин булут ичида келаман, — деди, — токи Мен сенга гапираётганимни халқ эшитсин. Шунда халқ сенга ҳар доим ишонади.
10Эгамиз деди:
10— Бор, бугун ва эртага халқ поклансин [3], кийимларини ювсин.
11Шундай қилиб, эртадан кейинги кунга тайёр бўлишсин. Ўша куни Мен, Эгангиз, Синай тоғига тушаман. Жамики халқ Мени ўша ерда кўради.
12Тоғ атрофига чегара қилиб қўй, токи халқ чегарани босиб ўтмасин. Халққа айт: “Тоққа чиқманглар, тоғнинг яқинига ҳам бора кўрманглар. Агар бирортаси тоққа қадам қўйса, ўшанинг жазоси ўлимдир.
13Ўша одамга қўл теккизилмасдан, тошбўрон қилиб ёки ўқ отиб ўлдирилади. Ҳайвон бўладими ёки инсон бўладими, ўлимга ҳукм қилинади.” Бурғу овози қаттиқ чалингандан кейин эса халқ тоққа чиқса бўлади.
15— Учинчи кунга тайёр бўлинглар, хотинларингизга яқинлашманглар, — деб айтди.
16Учинчи куни эрталаб момақалдироқ бўлиб, чақмоқ чақди. Тоғнинг устини қалин булут қоплади. Бурғу овози жуда қаттиқ чалинди. Қароргоҳдаги жамики халқни титроқ босди.
17Мусо халқни Худо билан учраштиргани қароргоҳдан олиб чиқди. Халқ тоғнинг этагида турди.
18[18-20] Кейин Эгамиз Синай тоғига — тоғ чўққисига тушди. Эгамиз Синай тоғига аланга ичида тушиб келгани учун, бутун тоғ тутаётган эди. Тоғ қаттиқ силкинганда, тандирдан тутун чиққани сингари, тоғдан ҳам тутун чиқаётган эди. Бурғу овози қаттиқроқ чиққани сари, Мусо ҳам гапирарди. Худо унга момақалдироқ орасидан туриб жавоб берарди. Эгамиз Мусони тоғ чўққисига чақирди. Мусо у ерга чиқди.
21Кейин Эгамиз Мусога айтди:
21— Пастга туш, халқни огоҳлантир, улар чегарани босиб ўтишмасин. Улар Мен, Эгангизни, кўргани келмасликлари лозим, шундай қилганлар нобуд бўлади.
22Ҳатто доимо Менинг яқинимга келадиган руҳонийлар [4] ҳам ўзларини поклашлари лозим. Акс ҳолда, Мен уларни қириб ташлайман.
23Шунда Мусо Эгамизга айтди: — Халқ Синай тоғига чиқмайди. Ўзинг: “Тоғ атрофига чегара қўй, бу тоғни муқаддас сақла”, деб мени огоҳлантирган эдинг.
24Эгамиз унга: — Бор, пастга туш! — деди. — Ўзинг билан бирга Ҳорунни олиб кел. Аммо руҳонийлар ёки халқ, тоққа чиқамиз, деб чегарани оёқ ости қилишмасин. Акс ҳолда, уларни Мен оёқ ости қиламан.