Чиқиш 22:1-31 UZV2013 - Bible AI

1Бирортаси мол ёки қўйни ўғирлаб, сўйса ёки сотса, ўғри молнинг эвазига бешта мол, қўйнинг эвазига тўртта қўй тўласин.

2[2-4] Ўғирланган ҳайвонни ўғри қайтариши керак бўлса–ю, лекин ўғри товон тўлай олмаса, у ўғирлаган ҳайвон эвазига қул қилиб сотилсин. Ўғирланган ҳайвон тириклайин ўғрининг қўлида топилса, топилган ҳайвон мол бўладими ё эшак ёки қўй бўладими, икки баравар қилиб товон тўласин.

2Бирортаси кечаси девор тешаётган ўғрини кўриб қолиб, ўғрини уриб ўлдириб қўйса, ўғрини ўлдирган одам айбдор эмас. Агар ўғирлик кундузи содир бўлса, қон тўккан одам айбдор бўлади.

5Агар бирортаси бировнинг даласига ёки узумзорига чорвасини ўтлатгани қўйиб юборса, чорва экинзорни ёки узумзорни пайҳон қилса, чорва эгаси ўзининг даласидан ёки узумзоридан яхши ҳосилини даланинг эгасига қайтариб бериши лозим.

6Агар бирортаси олов ёқса, олов чангалзор бўйлаб бировнинг даласига ўтиб, ўсаётган донни ёки ўриб, боғлаб қўйилган ғаллани ёндириб юборса, олов ёққан одам ҳамма зарарни қоплаши лозим.

7Бирортаси пулини ёки буюмини қўшнисига сақлаш учун берса, аммо шулар қўшнисининг уйидан ўғирланиб, ўғри топилса, ўғри икки баравар қилиб тўлаши керак.

8Ўғри топилмаса, уй эгаси ҳакамлар ҳузурига [1] келиб:

8— Қўшнимнинг мулкига қўлимни теккизмаганман, — деб қасам ичсин.

9Кимдир йўқотиб қўйган бирор буюми, моли, эшаги, қўйи, кийими тўғрисида қўшниси билан жанжаллашиб қолса, бу меники, деб даъво қилса, иккови ҳам, ажрим қиламиз, деб ҳакамлар ҳузурига борсин. Ҳакамлар [2] айбдор деб топган одам буюм эгасига икки баравар товон тўлаши керак.

10Бирортаси қўшнисига эшагини ё молини ёки қўйини ёхуд бошқа ҳайвонини қараб тургани берса–ю, ўша ҳайвон ўлиб қолса, ёки шикастланса, ёки ўғирлаб олиб кетилган бўлса, лекин гувоҳ бўлмаса [3],

11олган одам ҳайвон эгасига шундай қасам ичсин: Ҳайвон эгаси қасамга ишонсин, қўшниси товон тўламасин.

11— Худо ҳақи, сенинг мулкингга қўлимни теккизмаганман.

12Аммо олган одамникидан ўша ҳайвон ўғирланган бўлса, у ҳайвон эгасига товон тўлаши лозим.

13Агарда ҳайвонни бирор йиртқич тилка–пора қилган бўлса, далил қилиб бурдаларини кўрсатсин. Бурдаланган бўлаклари учун у товон тўламайди.

14Бирортаси бошқасининг ҳайвонини сўраб олган бўлса–ю, ҳайвон шикастланса ёки ўлса, лекин ўша пайтда эгаси ҳайвоннинг олдида бўлмаса, сўраб олган одам ҳайвон учун товон тўласин.

15Агар ўшанда эгаси ўз ҳайвони ёнида бўлса, товон тўламасин. Агар ҳайвон ёллаб олинган бўлса, ёлланган баҳоси тўлансин.

16Кимки вояга етган ва унаштирилмаган қизни зўрлаб, у билан ётса, ўша одам у қиз учун қалин берсин, ўша қизга уйлансин.

17Агар отаси қизни ўша одамга беришга рози бўлмаса, ўша одам вояга етган қизларга бериладиган миқдордаги пулни қизнинг оиласига тўласин.

18Жодугарларни тирик қолдирманглар.

19Ҳайвон билан жинсий алоқа қилган одамнинг жазоси ўлимдир.

20Фақат Мен, Эгангиздан, бошқа худоларга қурбонлик келтирган одамни ўлимга ҳукм қилинглар [4].

21Мусофирни эзиб, унга зулм ўтказманглар. Ўзларингиз ҳам Мисрда мусофир бўлган эдингизлар.

22Беваларга ва етимларга жабр қилманглар.

23Агар шундай қилсангиз, улар Менга ёлворадилар. Мен уларнинг нолаларини эшитаман.

24Мен қаттиқ ғазабланиб, эркакларингизга қирғин келтираман. Оқибатда хотинларингиз бева, болаларингиз етим бўлиб қолади.

25Менинг халқимдан бирорта камбағалга қарз берсангиз, қарз берувчи сифатида уни сиқувга олманглар, ундан фоиз талаб қилманглар.

26Агар қўшнингизнинг тўнини гаровга олган бўлсангиз, кун ботмасдан олдин тўнини қайтариб беринг.

27Ўша тўн қўшнингизнинг биттаю битта ёпинчиғидир. Бўлмаса, қўшнингиз нимани ёпиниб ухлайди?! У Менга ёлворганда, эшитаман. Мен раҳмдилман.

28Мени, Худойингизни [5], хўрламанглар, оқсоқолларингиздан биронтасини ҳам қарғаманглар.

29Хирмонингизнинг ҳосилидан, зайтун мойи ва шаробдан Менга назр қилишни кечиктирманглар. Тўнғич ўғилларингизни Менга бағишланглар [6].

30Мол ва қўй–эчкиларингизнинг биринчи эркак боласини ҳам Менга бағишланглар. Улар етти кун онаси билан бўлсин, саккизинчи куни эса уларни Менга назр қилинглар.

31Сизлар Менинг муқаддас халқим бўлинглар. Далада йиртқич тилка–пора қилган ҳайвоннинг гўштини ўзларингиз еманглар, итларга беринглар.