Чиқиш 23:1-33 UZV2013 - Bible AI

1Ёлғон хабарлар тарқатманглар. Ёлғон гувоҳлик бериш орқали фосиқ одамларга қўшилманглар.

2Кўпчилик нотўғри иш қилганда ёки улар адолатдан четга чиқиб гувоҳлик берганларида, уларга эргашманглар.

3Камбағални ҳукм қилаётганда ҳам камбағал, деб унинг тарафини олманг.

4Агар душманингизнинг йўқолиб қолган ҳўкизини ёки эшагини топиб олсангиз, эгасига олиб бориб беринг.

5Душманингизнинг эшаги юк оғирлигидан йиқилиб қолса, сиз уни кўрган бўлсангиз, душманингизни ташлаб кетманг. Унга ёрдам беринг.

6Ҳукмда камбағалга қарши адолатдан кўз юмманг.

7Туҳматчилардан узоқ туринглар, айбсиз, тўғри одамни ўлимга ҳукм қилманглар. Мен бундай иш қилган айбдорларни ҳукмда оқламайман.

8Пора олманглар. Пора туфайли кўзи очиқларнинг кўзини ёғ босади. Пора ҳар доим тўғри одамларнинг ишига зарар етказади.

9Мусофирга зулм қилманглар. Ўзларингиз Мисрда мусофир бўлган эдингизлар, шу боис мусофирнинг аҳволини биласизлар.

10Олти йил далангизга уруғ сепиб, ҳосилини йиғиштириб олинг.

11Еттинчи йили [1] эса ерингизни бўш қолдиринг, дам беринг. Халқингиз орасидаги камбағаллар ерингиздан ўсиб чиқадиган ҳосилдан бирон егулик топиб есин. Улардан қолганини эса дашт ҳайвонлари есин. Узумзорингизни ва зайтунзорингизни ҳам шундай қилинглар.

12Олти кун иш қилинглар, еттинчи кун эса ишламанглар, токи ҳўкизларингиз, эшакларингиз ҳам ишдан тинсин, қулларингиз, мусофирлар ҳам ором олсин.

13Мен сизларга берган амрларимга риоя қилинглар. Бошқа худоларнинг номларини ҳеч қачон гапирманглар. Бошқа худоларнинг номларини ҳатто тилга олманглар.

14Менга атаб йилда уч марта байрам қилинглар:

15Абиб ойининг [2] белгиланган вақтида хамиртурушсиз нон байрамини нишонланглар. Сизлар ўша ойда Мисрдан чиққансизлар. Мен сизларга амр этганимдай [3], етти кун хамиртурушсиз нон енглар. Ҳар ким Менинг ҳузуримга муносиб назрлар олиб келиши лозим.

16Буғдой ўримини йиғиштиришни бошлаганингизда, далангизга эккан уруғнинг илк ҳосилидан назр қилинглар. Шу орқали Ҳосил байрамини нишонланглар. Кузда даладаги ҳамма ҳосилингизни йиғиштириб бўлганингизда, Чайла байрамини [4] нишонланглар.

17Ҳамма эркаклар ҳар йили шу учала байрамда Мен, Эгангиз Раббийнинг ҳузурига келиб сажда қилсин.

18Менга қилинган қурбонликнинг қонини хамиртуруш қўшилган нон билан бирга назр қилманглар. Қилинган қурбонликнинг ёғини эрталабга қолдирмай куйдиринглар.

19Ерингиздан олган илк ҳосилнинг энг яхшисини Мен, Эгангиз Худонинг уйига олиб келинглар. Улоқчани онасининг сутида қайнатманглар [5].

20Сизларни йўлда муҳофаза этсин, сизларни Мен тайёрлаган ерга олиб борсин, деб олдингизда фариштани юборяпман.

21Мен унда зоҳир бўлганим учун, унга эътибор қилинглар, унинг сўзларига қулоқ солинглар. Унга ўжарлик қилманглар, акс ҳолда у ўжарлигингизни кечирмайди.

22Агар фариштамнинг айтганларига диққат билан қулоқ солсангиз, Менинг амрларимга итоат этсангиз, душманларингизга душман, рақибингизга рақиб бўламан.

23Фариштам олдингизда бориб, сизларни Амор, Хет, Париз, Канъон, Хив ва Ёбус халқларининг ерларига бошлаб боради. Мен ўша халқларни йўқ қиламан.

24Уларнинг худоларига сажда қилманглар, хизмат қилманглар. Бу халқларнинг одатларига тақлид қилманглар. Уларнинг худоларини йўқ қилинглар, бутсимон тошларини синдириб ташланглар.

25Фақат Мен, Эгангиз Худогагина, хизмат қилинглар. Шунда Мен ош–сувингизни баракали қиламан, орангиздан хасталикларни йўқ қиламан.

26Юртингизда ҳомиласи тушиб қолган ёки бефарзанд аёл бўлмайди. Мен умрингизни узоқ қиламан.

27Сизларга қарши бўлган халқларни Мендан қўрқадиган қиламан. Сизларга қарши жанг қиладиган халқларни саросимага соламан. Душманларингизнинг ҳаммасини олдингиздан қочираман.

28Мен Хив, Канъон ва Хет халқларини ваҳимага солиб, арилар галаси сингари олдингиздан қуваман [6].

29Мен бир йил ичидаёқ уларни олдингиздан ҳайдамайман. Бўлмаса, ўша юрт бўм–бўш бўлиб қолади. Дашт ҳайвонлари сизлардан кўпайиб кетади.

30Сизлар кўпайиб, ўша юртни бутунлай эгаллаб олгунингизча, у ердаги халқларни оз–оздан олдингиздан ҳайдайман.

31Чегараларингизни Қизил денгиздан [7] Ўрта ер денгизигача [8], саҳродан Фурот дарёсигача [9] кенгайтираман. Сизларни шу юртнинг халқларидан қудратли қиламан. Сизлар уларни олдингиздан қувасизлар.

32Уларнинг ўзлари билан ҳам, худолари билан ҳам аҳд қилманглар.

33У халқлар сизнинг юртингизда яшамасин. Бўлмаса улар сизни ўзларининг худоларига сажда қилдириб, Менга қарши гуноҳга бошлайди. Бу йўл билан сизларни тузоғига илинтириб олади.”