Чиқиш 27:1-21 UZV2013 - Bible AI

1Акас ёғочидан [1] тўртбурчак қилиб қурбонгоҳ [2] ясат. Қурбонгоҳнинг узунлиги беш тирсак, эни ҳам беш тирсак, бўйи уч тирсак [3] бўлсин.

2Қурбонгоҳнинг тўртала бурчагига ўзидан йўниб чиқарилган шох [4] ясат. Қурбонгоҳ ва унинг шохларини бронза билан қоплат.

3Қурбонгоҳдаги кулни тўккани қозонлар, кураклар, тоғорачалар, санчқилар, оловкураклар ясат. Ҳамма буюмларни бронзадан қилдир.

4Қурбонгоҳга бронзадан панжара ясат. Панжаранинг тўртала бурчагига тўртта бронза ҳалқа ясат.

5Панжарани қурбонгоҳнинг ичига — ўрнатилган бўртиқнинг остида ўрнат, ярмигача етиб борсин.

6Яна қурбонгоҳ учун акас ёғочидан ходалар ясатиб, ходаларни бронза билан қоплат.

7Қурбонгоҳни кўтариб юриш учун қурбонгоҳнинг иккала ёнидаги ҳалқалардан ходаларни ўтказ.

8Қурбонгоҳнинг четларига тахта қоқтириб, ичини бўш қолдир. Қурбонгоҳни Мен сенга шу ерда — тоғда кўрсатганимдай қилиб ясаттир.

9Сўнгра Муқаддас чодирнинг ҳовлисини ўраб турсин, деб пардадан тўсиқ қилдир: тўсиб турадиган пардаларни майин зиғир матосидан қилдир. Ҳовлининг жануб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги юз тирсак [5] бўлсин.

10Ўша тўсиқда бронзадан қилинган йигирмата тагликка ўрнатилган йигирмата устун бўлсин. Шу ердаги пардаларни ушлаб туриш учун устунларга кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамлат.

11Ҳовлининг шимол томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги ҳам юз тирсак, унинг йигирмата устуни ва бронзадан қилинган таглиги ҳам бўлсин. Унинг пардаларини ушлаб туриш учун устунларига ҳам кумушдан қилинган илгаклар ва ҳалқаларни маҳкамлат.

12Ҳовлининг ғарб томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги эллик тирсак [6], унинг ўнта устуни ва таглиги бўлсин.

13Ҳовлининг шарқ томони эллик тирсак кенгликда бўлсин.

14[14-15] Ҳовлига кириш жойи шу ер бўлади. Киришнинг ўнг ва чап томонидаги пардадан қилинган тўсиқнинг узунлиги ўн беш тирсакдан [7], ҳар икки томонда учтадан устун ва тагликлар бўлсин.

16Ҳовлига кириш жойига узунлиги йигирма тирсак [8] бўлган парда қилдир. Уни майин зиғир матосидан қилдириб, кўк, сафсар ва қирмизи иплардан маҳорат билан тиктириб безаттир. Бу пардани тўртта тагликка ўрнатилган тўртта устун тираб туради.

17Ҳовлининг атрофидаги ҳамма устунларнинг кумушдан қилинган илгаклари ва ҳалқалари, бронзадан қилинган тагликлари бўлсин.

18Ҳовлининг узунлиги юз тирсак, эни эллик тирсак [9] бўлсин. Тўсиб турадиган пардалар майин зиғир матосидан қилиниб, бўйи беш тирсак [10] бўлсин. Тагликлар бронзадан бўлсин.

19Муқаддас чодирнинг бошқа барча зарур ашёлари, чодирни ва пардадан қилинган тўсиқни ушлаб турадиган қозиқ ҳам бронзадан қилинсин.

20Сен Исроил халқига буйруқ бер: чироқпоя учун энг сифатли зайтун мойини улар сенга олиб келиб туришсин, токи мойчироқлар ҳар доим тун бўйи ёниб турсин.

21Мойчироқлар Учрашув чодирида аҳд сандиғи [11] олдида осилиб турадиган ички парданинг ташқарисида бўлсин. Ҳорун ва унинг ўғиллари, ҳар куни оқшомдан эрталабгача Эгамизнинг ҳузурида мойчироқлар ёниб турсин, деб мойчироқлардан хабар олиб туришсин. Бу қонун–қоидага Исроил халқи авлодлар оша доимо итоат қилиб борсин.