Чиқиш 34:1-35 UZV2013 - Bible AI

1Эгамиз Мусога амр берди: — Олдингиларига ўхшаган иккита тош лавҳа кес. Сен синдирган олдинги лавҳалардаги сўзларни Мен ўша лавҳаларга ёзаман.

2Эрталабга тайёр бўл, Синай тоғига чиқиб, тоғ чўққисида Мени кутиб олишга ҳозир бўлиб тур.

3Лекин сен билан бирга ҳеч ким чиқмасин. Тоғнинг бирор жойида ҳеч ким бўлмасин. Ҳатто тоғнинг яқинида мол–қўйлар ҳам боқилмасин.

4Эгамиз амр этгандай, Мусо олдингиларига ўхшаган иккита тош лавҳани кесди. Эртасига саҳарда туриб, қўлига иккала тош лавҳани олиб, Синай тоғига чиқди.

5Эгамиз булут ичида тушиб келди. Мусо билан бирга туриб, Ўзини Мусога маълум қилди [1].

6Мусонинг олдидан ўтиб, баланд овоз билан гапирди:

6— Мен Эгангман! Мен Эгангман! [2] Раҳмдил ва иноятли, жаҳли тез чиқмайдиган Худоман, содиқ севгим мўлдир.

7Минг–минг авлодларга [3] содиқ севгимни кўрсатавераман. Фосиқликни, исённи ва гуноҳларни кечираман. Лекин айбдорларни асло жазосиз қолдирмайман. Мен уларни жазолаб, уларнинг гуноҳлари оқибатини болаларига, набираларига ва чевараларига олиб келаман.

8Ўша заҳоти Мусо икки букилиб таъзим қилиб, сажда қилди.

9Сўнгра:

9— Ё, Раббий! — деди. — Агар мен Сендан марҳамат топган бўлсам, илтижо қиламан, Сен биз билан боргин. Бу халқ ўжар бўлса ҳам, фосиқлигимизни ва гуноҳларимизни кечиргин, бизни Ўзингнинг халқинг қилиб қабул эт.

10Эгамиз айтди: “Мен энди Исроил халқи билан аҳд тузаман. Бутун халқинг кўзи олдида ажойиботлар кўрсатаман. Бунақа ажойиботлар ер юзида ёки биронта халқ орасида бўлмаган. Мен, Эгангизнинг сизларга кўрсатадиган даҳшатли ишини сен билан бирга бўлган бутун халқ кўради.

11Мен сизларга бугун берадиган амрларга итоат қилинглар. Мен сизларнинг олдингиздан Амор, Канъон, Хет, Париз, Хив ва Ёбус халқларини қуваман.

12Эҳтиёт бўлинглар, сизлар кирадиган юртнинг аҳолиси билан сулҳ тузманглар. Бўлмаса, сизларни тузоғига илинтириб олади.

13Сизлар эса уларнинг қурбонгоҳларини бузинглар, бутсимон тошларини майдалаб ташланглар, Ашерага аталган устунларни кесиб ташланглар.

14Бошқа худоларга сажда қилманглар. Мен, Эгангизнинг номи Рашкчи: Мен сизларнинг севгингизни бошқа худолар билан баҳам кўрмайдиган Худоман.

15Ўша юртнинг аҳолиси билан сулҳ тузманглар. Улар ўз худолари ортидан ҳирс билан эргашадилар. Улар билан сулҳ тузсангиз, ўз худоларига қурбонликлар келтираётганларида сизларни ҳам ўзларига қўшилишга таклиф қиладилар. Сизлар улар билан бориб, қурбонликларидан тановул қиласиз.

16Кейин уларнинг қизларини ўғилларингизга олиб берасизлар. Улар ўз худоларига ҳирс билан сажда қилганда, ўғилларингизни ҳам ўша худоларга ҳирс қўйишга бошлайдилар.

17Ўзларингизга худолар тасвирларини [4] ясаманглар.

18Хамиртурушсиз нон байрамини ҳар йили нишонланглар. Мен сизларга амр этганимдай, Абиб ойининг [5] белгиланган вақтида [6] етти кун хамиртурушсиз нон енглар. Сизлар Абиб ойида Мисрдан чиққансизлар.

19Тўнғич ўғилларингиз, ҳамма чорвангизнинг — мол–қўйларингизнинг биринчи туғилган эркак боласи Меники.

20Биринчи туғилган эркак эшак [7] Эгамиздан бир қўзи ёки улоқча эвазига сотиб олинади. Агар эшакни қайтариб сотиб олмасликка қарор қилсангиз, эшакнинг бўйнини синдириб ўлдиришингиз керак. Сизлар Эгамиздан ҳамма тўнғич ўғилларни ҳам қайтариб сотиб олишингиз лозим [8].

20Ҳар ким Менинг ҳузуримга муносиб назрлар олиб келиши лозим [9].

21Ҳамма ишларингизни бажаришингиз учун олти кун бор. Еттинчи кун эса иш қилманглар. Ҳатто экин–тикин пайтида ва ўрим пайтида ҳам дам олинглар.

22Ҳар йили буғдой ўримини йиғиштиришни бошлаганингизда, далангизга эккан уруғнинг илк ҳосилидан назр қилинглар. Шу орқали Ҳосил байрамини [10] нишонланглар. Кузда Чайла байрамини [11] нишонланглар.

23Ҳамма эркакларингиз ҳар йили учала байрамда [12] Исроил халқининг Худоси, Мен, Эгангиз Раббийнинг ҳузурига келиб сажда қилсин.

24Сизларнинг ерингиздан халқларни қуваман, чегараларингизни кенгайтираман. Ҳар йили уч марта [13] Мен, Эгангиз Худога, сажда қилишга келганингизда, сизларнинг мулкингиз бўлган ерни ҳеч ким босиб олмайди.

25Менга қилинган қурбонликнинг қонини хамиртуруш қўшилган нон билан бирга назр қилманглар. Фисиҳ зиёфати қурбонлиги гўштини эрталабгача қолдирманглар.

26Ерингиздан олган илк ҳосилнинг энг яхшисини Мен, Эгангиз Худонинг уйига олиб келинглар. Улоқчани онасининг сутида қайнатманглар [14].”

27Кейин Эгамиз Мусога: — Бу сўзларни ёзиб ол! — деб амр қилди. — Шу сўзларга биноан Мен сен билан ҳамда Исроил халқи билан аҳд тузаман.

28Мусо ўша ерда Эгамизнинг ҳузурида емай–ичмай, қирқ кечаю қирқ кундуз бўлди. Эгамиз иккита тош лавҳага аҳд сўзларини — ўнта амрни ёзди.

29Худо Мусо билан гаплашгани учун, у қўлида иккита лавҳани [15] олиб тоғдан тушаётганда, юзларидан нур сочилаётган эди. Мусонинг ўзи буни билмасди.

30Ҳорун ҳам, жамики Исроил халқи ҳам Мусони кўриб, унинг юзидан нур ёғилиб тургани учун бирортаси унга яқин келишга қўрқарди.

31Мусо Ҳорунни ва барча жамоа оқсоқолларини чақирди, улар Мусонинг олдига келишди. Мусо улар билан гаплашгандан кейин,

32жамики Исроил халқи унга яқинроқ келди. Мусо Синай тоғида Эгамиз берган амрларни бажаришни халққа буюрди.

33Мусо улар билан гаплашиб бўлгандан кейин, юзига ёпинчиқ ёпиб олди.

34Мусо Эгамизга гапириш учун Унинг ҳузурига борганда, юзини ёпиб оларди. У чиқиб, Эгамиз, айт, деб айтган ҳамма амрни Исроил халқига етказарди. Шунда Исроил халқи

35Мусонинг юзи ҳамон нур сочиб турганини кўрарди. Сўнгра Мусо кейинги сафар Эгамиз билан гаплашиш учун боргунгача ёпинчиқни олиб қўярди.