Чиқиш 36:1-38 UZV2013 - Bible AI

1Базалил, Охолиёв ва бошқа ҳамма иқтидорли усталар Эгамиз амр этган ҳамма ишларни бажарсинлар. Муқаддас чодир ясашда талаб қилинган ҳар қандай хизматни бажаришлари учун Эгамиз уларга маҳорат ва қобилият ато қилган.”

2Мусо Базалилни, Охолиёвни ва Эгамиз қобилият ато қилган ҳамма иқтидорли усталарни, юраги завқ–шавққа тўлган одамларни чақирди.

3Муқаддас чодирни ясаш учун Исроил халқи олиб келган ҳамма назрларни Мусо усталарга берди. Булардан ташқари, халқ ҳар куни эрталаб Мусога кўнгилдан чиқариб назрлар олиб келишарди.

4Ишларни бажараётган ҳамма усталар юмушларини қолдириб,

5Мусонинг олдига келиб айтишди:

5— Эгамиз бизга амр этган ишлар учун халқ етарлисидан ортиқ олиб келяпти.

6Шунда Мусо: “Биронта эркак, аёл энди Муқаддас чодир учун назр олиб келмасин”, деб буйруқ берди. Унинг буйруғи қароргоҳ бўйлаб эълон қилинди. Шундан кейин халқ назр олиб келишни тўхтатди.

7Халқнинг олиб келган назрлари ишнинг ҳаммасини бажаришга етиб, ҳатто ортиб ҳам қолар эди.

8Ишлаётганлар орасидаги энг моҳир одамлар Муқаддас чодирни [1] ясадилар: Моҳир тикувчилар Базалилнинг кўрсатмаси билан чодирнинг ички қаватини қилдилар. У майин зиғир матосидан тикилган ўнта чойшабдан иборат бўлди. Кўк, сафсар ва қирмизи иплар билан карублар тасвирини маҳорат билан ишлаб бу чойшабларни безадилар.

9Ҳар бир чойшабнинг бўйи йигирма саккиз тирсак, эни тўрт тирсак [2] эди. Ҳамма чойшабларнинг ўлчови бир хил эди.

10Улар чойшаблардан бештасининг бўйини бир–бири билан бирлаштириб тикдилар, қолган бештасини ҳам шундай қилдилар.

11[11-12] Уланган икки бўлак чойшабнинг бир бўйига кўк матодан қилинган элликтадан ҳалқа тикдилар. Ҳар икки томонга тикилган ҳалқалар бир–бирига рўпарама–рўпара эди.

13Кейин олтиндан элликта илгак ясадилар, иккала чойшабнинг ҳалқаларини илгаклар билан бир–бирига уладилар. Шунда чодирнинг ички қавати бир бутун бўлди [3].

14Муқаддас чодирнинг қопламаси учун эчки жуни матосидан ўн битта чойшаб тикдилар.

15Ҳар битта чойшабнинг бўйи ўттиз тирсак, эни тўрт тирсак [4] эди. Ўн битта чойшабнинг ҳаммаси бир ўлчовда эди.

16Чойшаблардан бештасининг бўйини бир–бири билан бирлаштириб тикдилар, қолган олтитасини ҳам шундай қилдилар.

17Уланган икки бўлак чойшабнинг бир бўйига элликтадан ҳалқа тикдилар.

18Кейин, чодирнинг қопламаси бир бутун бўлсин [5], деб иккала чойшабни бирлаштириш учун бронзадан элликта илгак ясадилар.

19Бу қоплама устига қўйиш учун қизилга бўялган қўчқор терисидан қоплама, сўнг юмшоқ теридан [6] ташқи қоплама қилдилар.

20Акас ёғочидан [7] Муқаддас чодирни тутиб турадиган ромлар [8] ясадилар.

21Ҳар бир ромнинг бўйи ўн тирсак, эни бир ярим тирсак [9] эди.

22Ҳар бир ромнинг остида бир–бирига параллел бўлган иккита тиргак ясадилар.

23Чодирнинг жануб томонидаги девор учун йигирмата ром ясадилар.

24Бу ромлар остига қўйиш учун кумушдан қирқта таглик — ҳар бир ром учун иккитадан таглик қилдилар, ҳар бир тиргак остида битта таглик бўлди.

25Чодирнинг шимол томонидаги девор учун йигирмата ром ясадилар.

26Ҳар бир ром остига қўйиш учун иккитадан — қирқта кумуш таглик ясадилар.

27Чодирнинг орқадаги — ғарб томонидаги девор учун олтита ром,

28чодирнинг орқасида бурчаклар ҳосил қилиш учун ҳар икки томонига яна биттадан ром ясадилар.

29Бу иккала ромни пастдан ва юқоридан туташган девордаги охирги ромга бирлаштирдилар. Битта бурчак ҳосил қилиши учун битта ҳалқа билан яхлит қилиб бирлаштирдилар. Ҳар иккала бурчак шу йўл билан ҳосил қилинди.

30Шундай қилиб, ўн олтита кумуш тагликка таянган саккизта ромдан орқадаги девор қилинди, ҳар бир ром остига қўйиш учун иккитадан таглик қилинди.

31Муқаддас чодирнинг жануб томонидаги ромларни ушлаб туриш учун акас ёғочидан бешта тамба,

32шимол томонидаги ромларни ушлаб туриш учун ҳам бешта тамба, орқа томони — ғарб томонидаги ромларни ушлаб туриш учун ҳам бешта тамба ясадилар.

33Ромларнинг ярмигача ўрнаштирилган ўртадаги тамбалар чодирнинг бошидан охиригача чўзилди.

34Ромларни олтин билан қоплаб, тамбаларни ушлаб турсин, деб олтин ҳалқаларни ромларга бирлаштирдилар [10], тамбаларни ҳам олтин билан қопладилар.

35Майин зиғир матосидан тикилган ички пардани [11] қилдилар. Кўк, сафсар ва қирмизи иплар билан карублар тасвирини маҳорат билан ишлатиб, бу пардани безатдилар.

36Ички парда ушлаб турилиши учун акас ёғочидан тўртта устун ясадилар. Устунларга олтин қоплаб, уларга олтин илгакларни маҳкамладилар. Устунлар учун эритилган кумушдан тўртта таглик ясадилар.

37Чодирга кириш жойи учун майин зиғир матосидан тикилган парда қилдилар. Уни кўк, сафсар ва қирмизи иплардан маҳорат билан тикиб безатдилар.

38Бу парда ушлаб турилиши учун бешта устун ясадилар. Устунларнинг тепасини ва ҳалқаларини олтин билан қопладилар. Устунларнинг бешта таглигини эса бронзадан қилдилар.