Чиқиш 37:1-29 UZV2013 - Bible AI

1Базалилнинг кўрсатмаси билан акас ёғочидан [1]сандиқ [2] ясадилар. Сандиқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак, бўйи бир ярим тирсак [3] эди.

2Сандиқнинг ичкарию ташқарисини тоза олтин билан қоплаб, айланаси бўйлаб олтин гулчамбар қилдилар.

3Сандиқ учун эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясаб, тўртала оёғига маҳкамладилар: иккита ҳалқа бир томонида, иккита ҳалқа иккинчи томонида эди.

4Кейин акас ёғочидан ходалар ясаб, ходаларни олтин билан қопладилар.

5Сандиқнинг иккала томонидаги ҳалқадан сандиқни кўтариб юриш учун ходаларни ўтказдилар.

6Тоза олтиндан сандиқнинг қопқоғини ясадилар. Бу қопқоқнинг узунлиги икки ярим тирсак, эни бир ярим тирсак [4] эди.

7Шу билан бирга, олтиндан иккита каруб ясадилар: иккала карубни ҳам қопқоқнинг икки четига зарб уриб ясадилар.

8Битта каруб қопқоқнинг бир четида, иккинчи каруб иккинчи четида бўлиб, ҳар иккаласи қопқоқ билан бир бутунни ташкил қилди.

9Карубларнинг тепага кўтарилган қанотлари қопқоқни беркитиб турарди. Улар юзма–юз туриб, қопқоққа қараган эди.

10Акас ёғочидан хонтахта [5] ясадилар. Хонтахтанинг узунлиги икки тирсак, эни бир тирсак, бўйи бир ярим тирсак [6] эди.

11Хонтахтани тоза олтин билан қоплаб, четларига айлантириб олтин гулчамбар ясадилар.

12Яна хонтахтанинг айланаси бўйлаб тўрт энли қилиб олтин билан қопланган тахта қилиб, уни хонтахта оёқларига маҳкамладилар. Олтин гулчамбарни хонтахтанинг айланаси бўйлаб тахта устига қилдилар.

13[13-15] Яна эритилган олтиндан тўртта ҳалқа ясаб, ҳар бирини тахта маҳкамланган жойнинг ёнига — тўртала бурчагидаги тўртала оёғига ўрнаштирдилар. Акас ёғочидан иккита хода ясаб, уларни олтин билан қопладилар. Бу ходаларни ҳалқалардан ўтказиб, хонтахтани кўтариб юриш учун фойдаланилар эди.

16Хонтахтага қўйиладиган буюмларни — лаган, пиёлалар, шароб назр қилиш учун коса ва кўзаларни тоза олтиндан ясадилар.

17Тоза, зарб қилинган олтиндан чироқпоя [7] ясадилар. Бутун чироқпояни ва унинг безакларини бир бутун қилиб ясадилар. Чироқпоянинг таглиги, танаси, куртакли гулга ўхшаш шаклдаги пиёлалари бор эди.

18Яна чироқпоянинг танасидан олтита шохча чиқарилди: учта шохчаси бир ёнидан, учта шохчаси иккинчи ёнидан чиқарилди.

19Чироқпоянинг танасидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар бирида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги учта пиёла бор эди.

20Чироқпоянинг танасида куртакли бодом гулига ўхшаш шаклдаги тўртта пиёла бор эди.

21Чироқпоянинг танасидан чиқадиган шохчаларнинг ҳар жуфтида бу куртаклардан учтаси бирин–кетин тизилиб турарди.

22Чироқпояни шохчалари ва куртаклари билан битта қилиб зарб қилинган тоза олтиннинг яхлит бўлагидан ясадилар.

23Чироқпояга еттита мойчироқ ясадилар. Мойчироқларга қараб туришда фойдалангани тоза олтиндан қисқичлар ва патнислар ясадилар.

24Чироқпоя билан унинг ҳамма буюмларини икки пуд [8] тоза олтиндан ясадилар.

25Акас ёғочидан тутатқи қурбонгоҳи [9] ясадилар. Қурбонгоҳ тўртбурчак бўлиб, узунлиги бир тирсак, эни ҳам бир тирсак, бўйи эса икки тирсак [10] эди. Қурбонгоҳнинг шохлари [11] ўзидан йўниб чиқарилди.

26Қурбонгоҳнинг устини, ён атрофини, шохларини тоза олтин билан қопладилар, айланаси бўйлаб олтиндан гулчамбар ясадилар.

27[27-28] Қурбонгоҳнинг икки томонидаги гулчамбарнинг остига иккита олтин ҳалқа ўрнаштирдилар. Акас ёғочидан иккита хода ясаб, уларни олтин билан қопладилар. Бу ходаларни ҳалқалардан ўтказиб, қурбонгоҳни кўтариб юриш учун фойдаланилар эди.

29Уста одам муқаддас қиладиган мой [12] ва тоза, хушбўй ҳидли тутатқи тайёрлади.