Чиқиш 4:1-31 UZV2013 - Bible AI

1Шунда Мусо: Исроил халқи гапимга қулоқ солмасдан: “Эгамиз сенга зоҳир бўлмаган”, деб менга ишонмаса, унда нима қиламан? — деб сўради.

2— Қўлингдаги нима? — деб сўради Эгамиз. — Таёқ, — деб жавоб берди Мусо.

3— Таёқни ерга ташла! — деб амр қилди Эгамиз. Мусо таёқни ерга ташлаган эди, таёқ илонга айланиб қолди. Мусо дарров илондан ўзини олиб қочди.

4Эгамиз яна Мусога: — Қўлингни узатиб, илоннинг думидан ушла! — деб амр берди. Мусо қўлини узатиб, илоннинг думидан ушлаган эди, шу заҳоти илон Мусонинг қўлида яна таёққа айланиб қолди.

5Шу мўъжизани кўрсатасан! — деб амр берди Эгамиз, — токи Менинг халқим ота–боболари — Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси — Мен сенга зоҳир бўлганимга ишонсинлар.

6Сўнгра Эгамиз яна: — Қўлингни қўйнингга тиқ! — деб амр берди. Мусо қўлини қўйнига тиқиб, чиқарган эди, қўлига яра тошиб [1], қордай оппоқ бўлиб қолди.

7— Қўлингни яна қўйнингга тиқ! — деб амр берди Эгамиз. Мусо қўлини яна қўйнига тиқиб чиқарган эди, қўли танасининг қолган қисми сингари, асл ҳолига қайтди.

8— Агар сенга ишонмасалар ёки кўрсатган биринчи мўъжизангга эътибор бермасалар, иккинчи мўъжизага ишонадилар, — деди Эгамиз.

9— Гапингга қулоқ солмай, иккала мўъжизага ҳам ишонмасалар, Нил дарёси сувидан олиб, қуруқ ерга тўк. Дарёдан олиб ерга тўккан сувинг қонга айланади.

10— Ё, Раббий! — деди Мусо. — Мен, қулинг, илгари ҳам, ҳозир — сен билан гаплаша бошлаганимдан буён ҳам яхши гапира олмайман. Ахир, менинг тилим чучук, секин гапираман.

11Шунда Эгамиз: — Инсонга тил ато қилган ким? — деди. — Инсонни ким соқов, кар, кўрадиган ёки кўр қилиб яратади? Мен, Эгангиз, эмасми?!

12Энди бор! Гаплашганингда, Мен сен билан бирга бўламан. Нимани гапиришингни Мен сенга ўргатиб тураман.

13— Ё, Раббий! — деди Мусо. — Илтижо қиламан: Менинг ўрнимга бошқасини юбора қолгин.

14Шундан кейин Эгамиз Мусодан қаттиқ ғазабланиб деди: — Аканг Ҳорун бор–ку! У ҳам Леви наслидан. Биламан, у гапга чечан. Ана, ўзи ҳам сенга пешвоз келяпти. Аканг сени кўриб хурсанд бўлади.

15[15-16] Ҳорун сенинг ўрнингга халқ билан гаплашади. Ҳорун нима дейиши лозимлигини сен айтасан. Сен у учун Худога — Менга ўхшаган бўласан. Сизлар гапирганингизда, Мен икковингиз билан бирга бўламан. Ҳар икковингизга Мен нима қилишингизни айтиб тураман.

17Мана бу таёғингни қўлингга ол, бу мўъжизаларни таёқ орқали кўрсатасан.

18Мусо қайнатаси Ятронинг олдига қайтиб келиб, унга деди: — Ижозат беринг, Мисрдаги қабиладошларимнинг ёнига қайтай. Бориб билай–чи, улар ҳалиям тирикмикан. — Эсон–омон бор, — деб Ятро у билан хайрлашди.

19Мусо ҳамон Мидиёнда яшар экан, Эгамиз унга:

19— Мисрга қайт, сенинг жонингни олмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси оламдан ўтиб кетди, — деган эди.

20Шундай қилиб, Мусо хотини билан ўғилларини эшакка миндирди. Худо, ол, деб тайинлаган таёқни [2] қўлига олиб, Мисрга борадиган йўлга чиқди.

21Эгамиз Мусога яна шуларни эслатди:

21— Мисрга борганингда, Мен берган қудрат билан сен фиръавннинг кўзи олдида ҳамма ажойиботларни кўрсат. Мен эса унинг юрагини тош қилиб қўяман. У халқимнинг кетишига ижозат бермайди.

22Кейин сен фиръавнга Менинг шу гапимни етказ: “Эгамиз шундай айтмоқда:

22— Исроил Менинг тўнғич ўғлимдир.

23Ижозат бер, ўғлим бориб, Менга сажда қилсин, деб сенга айтган эдим. Аммо сен унга кетишга ижозат бермадинг. Шунинг учун энди сенинг тўнғич ўғлингни нобуд қиламан.”

24Мусо ва унинг оиласи тунни ўтказгани йўлда тўхтадилар. Шу пайтда Эгамиз Мусога [3] дуч келди–да, сал бўлмаса уни ўлдирай деди [4].

25Шу заҳоти хотини Зиппура [5] тош пичоқ [6] олиб, ўғлини суннат қилди. Суннат терисини Мусонинг оёқларига [7] теккизиб: “Сени мен учун шу суннат қони ҳимоя қилди”, деди.

26Шунда Эгамиз Мусонинг ҳаётини сақлади. Зиппура Мусога: “Сен шу суннат қони орқали ҳимоя қилиндинг”, деди.

27Сўнгра Эгамиз Ҳорунга: — Мусони кутиб олгани саҳрога бор! — деб амр берди. Шундай қилиб, Ҳорун Мусони кутиб олгани Худонинг муқаддас тоғига [8] кетди. Ҳорун Мусони топгач, у билан қуюқ саломлашди.

28Мусо Эгамизнинг унга айтган ҳамма гапларини Ҳорунга гапириб берди. Бажариши керак бўлган ҳамма мўъжизалар ҳақида ҳам Ҳорунга сўзлаб берди.

29Шундай қилиб, Мусо билан Ҳорун Мисрга боришгач, Исроилнинг ҳамма оқсоқолларини тўпладилар.

30Ҳорун Эгамизнинг Мусога айтган ҳамма гапларини оқсоқолларга сўзлаб берди. Уларнинг кўзи олдида мўъжизаларни кўрсатди.

31Оқсоқоллар эшитиб кўрганларига ишондилар. Эгамиз ўз халқини кузатиб турганини, улар чеккан азобларни кўрганини эшитиб, Унга таъзим этиб, сажда қилдилар.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>