Чиқиш 40:1-38 UZV2013 - Bible AI

1Эгамиз Мусога айтди:

2“Биринчи ойнинг [1] биринчи куни Учрашув чодириниМуқаддас чодирни ўрнаттир.

3Сўнг аҳд сандиғи [2] чодирга олиб кирилсин, сандиқни ички парда [3] билан тўсдир.

4Кейин хонтахта олиб кирилсин. Хонтахтага тегишли ашёларни унинг устига жойлаштир. Чироқпоя ҳам олиб кирилсин [4], чироқпояга мойчироқларни ўрнаштир.

5Олтин тутатқи қурбонгоҳини аҳд сандиғи олдига қўйдир [5]. Муқаддас чодирга кираверишда пардани осдир.

6Қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳни Учрашув чодирига — Муқаддас чодирга кираверишда ўрнаштир.

7Қўлювгични Учрашув чодири билан қурбонгоҳ ўртасига ўрнаштириб, ичига сув қуйдир.

8Чодир ва қурбонгоҳнинг атрофига пардадан қилинган тўсиқни ўрнаштириб, ҳовлига кираверишдаги пардани осдир.

9Кейин муқаддас қиладиган мойни [6] олиб, чодирга ва унинг ҳамма ашёларига суртиб чиқиб, Менга бағишла. Шунда чодир муқаддас бўлади.

10Қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳга ва унинг ҳамма буюмларига ҳам мой суртиб, Менга бағишла. Шунда қурбонгоҳ ғоят муқаддас бўлади.

11Қўлювгичга ва унинг таглигига ҳам мой суртиб, Менга бағишла.

12Ҳорун билан ўғилларини Учрашув чодири кираверишига олиб кел. Ҳаммаларини сув билан юв.

13Сўнг Ҳорун руҳоний бўлиб, Менга хизмат қилиши учун бағишла: унга муқаддас руҳонийлик либосларини кийгизиб, мой сурт.

14Шундан кейин Ҳоруннинг ўғилларини ҳам олиб келиб, уларга кўйлак кийгиз.

15Отасига мой суртганингдай, уларга ҳам мой сурт, токи улар руҳоний бўлиб, Менга хизмат қилишсин. Ҳорун ва унинг ўғилларига мой суртиш билан уларнинг ўзлари ҳам, насллари ҳам авлодлар оша Менга руҳоний бўлиб, хизмат қилишлари учун сен уларга ижозат берган бўласан.”

16Мусо Эгамиз амр этган ҳамма ишларни бажариб бўлди.

17[17-18] Иккинчи йилнинг биринчи ойида [7], ойнинг биринчи куни Мусо Муқаддас чодирни ўрнаттирди: у ҳамма тагликларни жойига қўйдирди, ромларни ўрнаштириб, тамбаларни жойлаштирди, устунларни ўрнаштирди.

19Сўнгра чодирни тутиб турадиган ромлар устига чойшаблар ва қопламаларни ташлатди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

20Кейин аҳднинг амр ва қонунлари ёзилган иккита тош лавҳани [8] олиб, сандиққа солиб қўйди. Ходаларни сандиқ ҳалқасидан ўтказгач, сандиқнинг қопқоғини сандиқ устига ўрнаштирди.

21Сандиқни Муқаддас чодирга олиб кирди. Ички пардани осиб, аҳд сандиғини тўсдириб қўйди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

22Учрашув чодирига — чодирнинг шимол томонига, ички парданинг ташқарисига хонтахтани қўйдирди.

23Хонтахта устига — Эгамизнинг ҳузурига муқаддас нонларни [9] қўйди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

24Учрашув чодирига — хонтахтанинг рўпарасига, чодирнинг жануб томонига чироқпояни қўйдирди.

25Эгамизнинг ҳузурига — чироқпояга мойчироқларни ўрнаштирди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

26Учрашув чодиридаги ички парданинг ташқарисига олтин тутатқи қурбонгоҳини қўйдирди.

27Қурбонгоҳда хушбўй ҳидли тутатқи тутаттирди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

28Муқаддас чодирга кираверишда пардани осдирди.

29Учрашув чодирига — Муқаддас чодирга кираверишда қурбонлик куйдириладиган қурбонгоҳни ўрнаштирди. Сўнг қурбонлик билан дон назри [10] келтириб, қурбонгоҳда куйдирди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

30Учрашув чодири билан қурбонгоҳ ўртасига қўлювгични ўрнаштириб, ювиниш учун ичига сув қуйдирди.

31[31-32] Мусо, Ҳорун ва Ҳоруннинг ўғиллари Учрашув чодирига кирганларида ёки қурбонгоҳда назрларни куйдирганларида, қўлювгичдаги сув билан оёқ–қўлларини ювишарди. Эгамиз амр этганларнинг ҳаммасини Мусо бажарди.

33Сўнгра Мусо чодир билан қурбонгоҳнинг атрофига пардадан қилинган тўсиқни ўрнаштириб, ҳовлига кираверишда пардани осдирди. Шундай қилиб, Мусо ишини тугатди.

34[34-35] Кейин Учрашув чодирини — Муқаддас чодирни булут қоплади, Эгамиз улуғворлиги билан зоҳир бўлиб чодирни тўлдирди. Шунинг учун Мусо чодирга кира олмади.

36Чодирдан булут кўтарилганда, Исроил халқи ҳар бир тўхтаган жойидан йўлга чиқиб саёҳатини давом эттирарди.

37Булут кўтарилмасдан, то булут кўтариладиган кун келмагунча, улар йўлга чиқишмасди.

38Шундай қилиб, Исроил халқи бутун саёҳатлари давомида кундузи Муқаддас чодир устида Эгамиз зоҳир бўладиган булутни, кечаси чодир тепасидаги булут ичида ёнаётган алангани кўрардилар.