Чиқиш 6:1-30 UZV2013 - Bible AI

1Шундан сўнг Эгамиз Мусога айтди: Фиръавнни нима қилишимни энди кўрасан. У қудратли кучимни кўргандан кейин, халқим кетишига ижозат берибгина қолмайди, ҳатто халқимни ўз юртидан қувлаб юборади.

2Худо Мусога яна деди: — Мен Эгангизман.

3— Иброҳимга, Исҳоққа ва Ёқубга Мен Қодир Худо бўлиб Ўзимни зоҳир қилдим [1]. Аммо уларга Мен, уларнинг Эгаси, деб танилмаган эдим [2].

4Улар Канъон юртида мусофир бўлиб яшаган эдилар. Ўша юртни сизларга бераман, деб улар билан аҳд қилдим [3].

5Мисрликлар қул қилган Исроил халқининг фарёдини аниқ эшитдим. Мен ўша аҳдимни ёдимда тутаман.

6Шундай қилиб, бу тўғрида Исроил халқига Менинг шу гапимни етказ: “Мен Эгангизман. Мен сизларни Мисрликларнинг зулмидан озод қиламан, қулликдан олиб чиқаман. Қудратли кучим ва ҳукмнинг буюк ишлари билан сизларни қулликдан озод қиламан.

7Мен сизларни Ўзимнинг халқим қиламан, Мен сизларнинг Худойингиз бўламан. Сизларни Мисрликларнинг зулмидан халос қилган Эгангиз Худо Мен эканлигимни ўшанда билиб оласизлар.

8Мен Иброҳимга, Исҳоққа ва Ёқубга онт ичиб, бераман, деган юртга сизларни олиб бораман. Ўша юртни сизларга мулк қилиб бераман. Мен Эгангизман.”

9Мусо бу гапларни Исроил халқига айтган эди, аммо халқ унинг гапларига қулоқ солмади. Чунки халқ оғир зулм остида қолиб, руҳан тушкунликка тушган эди.

10Шундан кейин Эгамиз Мусога айтди:

11— Миср фиръавни ҳузурига бориб айт: Исроил халқи Мисрдан чиқиб кетишига ижозат берсин.

12— Гапимга Исроил халқи қулоқ солмади–ю, фиръавн қулоқ солармиди?! — деди Мусо. — Қолаверса, яхши гапира олмайман–ку!

13Аммо Эгамиз Мусо билан Ҳорунга амр қилди: “Миср фиръавни олдига қайтиб боринглар. Исроил халқи Мисрдан кетишига ижозат беринг, деб талаб қилинглар.”

14Баъзи Исроил қабилаларининг уруғбошилари қуйидагилардир:
Ёқубнинг [4] тўнғич ўғли Рубен наслига Ханўх, Паллув, Хазрон ва Карми киради. Уларнинг насли Рубен уруғлари эди.

15Шимўннинг наслига Ямувол, Ёмин, Охад, Ёхин, Зўхар ва Канъонлик аёлдан туғилган ўғли Шовул киради. Уларнинг насли Шимўн уруғлари эди.

16Леви наслига Гершон, Қоҳот ва Марори киради. Леви 137 йил яшади. Бу наслдан келиб чиққан уруғлар қуйидагилардир:

17Гершоннинг наслига Лубнах ва Шимах киради, уларнинг ҳар бири уруғбошилардир.

18Қоҳотнинг наслига Имром, Изхор, Хеврон ва Узиёл киради. Қоҳот 133 йил яшади.

19Марорининг наслига Махли ва Муши киради. Юқоридаги рўйхат Леви насли ва уларнинг уруғлариникидир.

20Имром ўзининг аммаси Йўхавадга уйланди. Имром хотинидан Ҳорун ва Мусони кўрди. Имром 137 йил яшади.

21Изхорнинг насли Кўрах, Нафах ва Зихридир.

22Узиёлнинг насли Мишаил, Элзафан ва Ситридир.

23Ҳорун Элишбага уйланди. У Оминадовнинг қизи, Нахшўннинг синглисидир. Ҳорун хотинидан Надов, Абиҳу, Элазар ва Итамарни кўрди.

24Кўрахнинг насли Асер, Элқана ва Абуасафдир. Уларнинг насли Кўрах уруғларига асос солди.

25Ҳоруннинг ўғли Элазар Футиёлнинг қизларидан бирига уйланди. Элазар хотинидан Финхазни кўрди.

25Уруғлари бўйича Леви қабиласининг уруғбошилари ана шулардир.

26Юқорида айтиб ўтилган Ҳорун ва Мусога Эгамиз: “Исроилнинг ҳар бир оиласи ва қабиласини Мисрдан олиб чиқинглар!” деб амр берди.

27Улар: “Исроил халқини озод қилинг”, деб Миср фиръавнига буйруқ бердилар.

28Шундай қилиб, Эгамиз Мусо билан Мисрда гаплашганда,

29унга: “Мен Эгангизман, сенга айтганларимнинг ҳаммасини Миср фиръавнига етказ!” деб амр берган эди.

30Мусо эса Эгамизнинг олдида: “Мен яхши гапира олмайман–ку! Фиръавн менинг гапимга қулоқ солмайди!” деган эди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>