1Эгамизнинг Еремиё орқали айтганларини бажо қилиш учун Форс шоҳи Курушнинг руҳини қўзғатди. Бу воқеа Куруш ҳукмронлигининг биринчи йилида содир бўлди. Шоҳ Куруш шоҳлигининг ҳамма томонига хабарчилар жўнатиб, ёзма фармонда қуйидагиларни эълон қилди:
2“Форс шоҳи Куруш шундай демоқда: — Самовий Худо — Эгамиз ер юзидаги жамики шоҳликларни менга берган. У Яҳудо юртидаги Қуддус шаҳрида Ўзига бир уй қуришни менга топширди.
3Худонинг халқидан бўлганларга мен ижозат бераман: улар Қуддусга боришлари ва Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг уйини қайта қуришлари мумкин. Қуддусда сажда қилинадиган Худо Удир. Исроил халқига ўзларининг Худоси ёр бўлсин.
4Сургундаги яҳудийлар яшайдиган ҳамма жойда шундай деб эълон қилинсин: Қуддусга қайтмайдиган яҳудийлар қайтадиган яҳудийларга ёрдам берсин. Уларга кумуш, олтин, сафар учун зарур буюмлар ва чорва беришсин. Шунингдек, Худонинг Қуддусдаги уйи қайта қурилиши учун кўнгилдан чиқариб назрлар беришсин.”
5Шундай қилиб, Яҳудо ва Бенямин қабилаларининг уруғбошилари, руҳонийлар ва левилар, шунингдек, Худо руҳлантирган ҳар бир одам Эгамизнинг Қуддусдаги уйини қайта қуриш учун сафарга тайёрланди.
6Барча қўшнилари уларга чин кўнгилдан чиқариб назрлар бердилар. Булардан ташқари, кумуш идишлар, олтин, сафар учун буюмлар, чорва ва бошқа қимматбаҳо ҳадялар бериб ёрдам қилдилар.
7Шоҳ Куруш Эгамизнинг уйига тегишли бўлган буюмларни олиб келишни буюрди. Бу буюмларни шоҳ Навухадназар Қуддусдан олиб келиб, ўзининг худолари уйига қўйган эди.
8Шоҳ Куруш бу буюмларни хазинабон Митрадот назорати остига топширтирди. Митрадот эса буларни Яҳудо йўлбошчиси Шашбаззарга санаб берди.
9Буюмларнинг рўйхати қуйидагича эди: кумуш тоғорачалар — 1000 та бошқа идишлар — 29 та
9олтин тоғорачалар — 30 та
10олтин косалар — 30 та кумуш косалар — 410 та бошқа буюмлар — 1000 та.
11Олтин ва кумуш буюмларнинг жами 5400 та эди. Шашбаззар бошқа асирлар қаторида Бобилдан Қуддусга қайтиб кетаётганда, бу буюмларнинг ҳаммасини ўзи билан олиб кетди.