Эзра 6:1-22 UZV2013 - Bible AI

1Шундан сўнг шоҳ Доро, Бобилда сақланадиган ҳужжатлар синчиклаб қараб чиқилсин, деб фармон берди.

2Ниҳоят, Мидия вилоятининг маркази Екбатана шаҳридаги архивдан бир ўрама қоғоз топилди. Унда қуйидагилар ёзилган эди:

3“Шоҳ Куруш ўз ҳукмронлигининг биринчи йилида Худонинг Қуддусдаги уйига оид шундай фармон чиқарди: Худонинг уйи олдинги ўрнида қайта қурилсин, токи одамлар у ерда қурбонликлар келтира оладиган бўлишсин. Бу уйнинг баландлиги олтмиш тирсак, кенглиги ҳам олтмиш тирсак бўлсин.

4Деворлари йўнилган тош ва ёғочдан қурилсин, ҳар уч қатор тошнинг устига бир қатор ёғоч ётқизилсин. Харажатлар шоҳ хазинасидан тўлансин.

5Бундан ташқари, Навухадназар Қуддусдаги Маъбаддан Бобилга олиб келган Худонинг уйига тегишли буюмлар ҳам Қуддусга қайтариб олиб борилсин. Ҳаммаси Худонинг уйига олдингидай жойлаштирилсин.”

6Шоҳ Доро шундай мактуб жўнатди: “Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокими Таттанай, Шатарбўзанай ва шерикларингиз — вилоят амалдорлари! Сизлар нари туринглар!

7Худонинг уйидаги ишларга аралашманглар. Яҳудо ҳокими ва яҳудий оқсоқоллар Худонинг уйини олдинги ўрнида қайтадан қураверишсин.

8Бундан ташқари, сизлар яҳудий оқсоқолларга Худонинг уйини қайта қуришда қуйидагича ёрдам беришингизни амр қиламан: иш учун керак бўлган ҳамма маблағни уларга кечиктирмай етказиб туринглар. Маблағни Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоятдан йиғилган ўлпондан — шоҳ хазинасидан тўланглар.

9Қуддусдаги руҳонийлар Самовий Худога ҳар куни куйдириладиган назрларни келтира олишлари учун уларни керакли нарсалар билан таъминланглар. Уларга сўраганини — буқа, қўчқор, қўзиларни, шунингдек, буғдой, туз, шароб ва зайтун мойини беринглар.

10Шунда улар Самовий Худога маъқул келадиган қурбонликларни назр қила оладиган бўлишади ҳамда мени ва фарзандларимни дуо қилиб юришади.

11Яна буюраман: ким бу фармонимни ўзгартирса, ўша одамнинг уйидан хода суғуриб олинсин. Айбдор одам тик ўрнатилган ходанинг учига қоқилсин. Қилган жинояти учун уйи бузиб ташланиб, гўнгтепага айлантирилсин.

12Бу фармонимни ўзгартиришга уринган ёки Худонинг Қуддусдаги уйини йўқотишга ҳаракат қилган ҳар қандай шоҳ ёки халқни Худонинг Ўзи йўқ қилсин. Зотан Худо улуғланиши учун Ўзига Қуддус шаҳрини танлаган. Бу фармонни мен, Доро, жорий қилдим. Фармоним сўзсиз бажарилсин.”

13Шоҳ Доро юборган буйруққа мувофиқ, Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят ҳокими Таттанай, Шатарбўзанай ва уларнинг шериклари шоҳнинг фармонини сўзсиз бажаришди.

14Шундай қилиб, яҳудий оқсоқоллар Худонинг уйини қуравердилар, иш бир маромда илгарилаб борарди. Хаггей ва Иддо ўғли Закариё пайғамбарлар эса уларни башоратлари билан руҳлантириб турдилар. Яҳудий оқсоқоллар Исроил халқининг Худоси амрига ҳамда Форс шоҳлари Куруш, Доро ва Артахшаснинг фармонларига кўра, қурилишни тамомладилар.

15Адар ойининг учинчи куни, шоҳ Доро ҳукмронлигининг олтинчи йилида Худонинг уйи қурилиши тугатилди.

16Исроил халқи — руҳонийлар, левилар ва асирликдан қайтган бошқа одамлар шод–хуррамлик билан уйни Худога бағишладилар.

17Улар Худо уйининг бағишланишига атаб, 100 та буқа, 200 та қўчқор, 400 та қўзини қурбонлик қилдилар. Исроил қабилаларининг сонига кўра, бутун Исроил халқи учун 12 та такани гуноҳ қурбонлиги қилдилар.

18Сўнг руҳоний ва левиларни гуруҳларга бўлдилар, уларга Худонинг Қуддусдаги уйида бажариладиган вазифаларни тақсимлаб бердилар. Буларнинг ҳаммасини Мусонинг китобида ёзилган кўрсатмалар бўйича қилдилар.

19Асирликдан қайтганлар кейинги йилнинг биринчи ойи, ўн тўртинчи кунида Фисиҳ зиёфатини нишонладилар.

20Руҳонийлар ва левилар ўзларини покладилар. Ҳаммалари пок бўлганларидан кейин, левилар асирликдан қайтган халқ учун, руҳонийлар учун ва ўзлари учун Фисиҳ қўзисини сўйдилар.

21Асирликдан қайтган Исроил халқи Фисиҳ таомидан тановул қилди. Юртдаги бошқа одамлар ҳам яҳудийларга қўшилиб, Фисиҳ таомидан тановул қилдилар. Улар Исроил халқининг Худоси — Эгамизга сажда қилиш учун қўшни халқларнинг бутпараст удумларидан воз кечган эдилар.

22Ҳаммаси шод–хуррамлик билан етти кун давомида Хамиртурушсиз нон байрамини биргаликда нишонладилар. Улар хурсанд эдилар, чунки Эгамиз уларни Оссурия шоҳининг илтифотига сазовор қилган эди. Оссурия шоҳи уларга Исроил халқи Худосининг уйини қайта қуришда ёрдам берганди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>