Эзра 7:1-28 UZV2013 - Bible AI

1Орадан кўп йиллар ўтди. Форс шоҳи Артахшас ҳукмронлиги даврида Эзра деган бир одам бор эди. Унинг насабномаси қуйидагича эди:
Эзра — Сараёнинг ўғли, Сараё — Озариёнинг ўғли, Озариё — Хилқиёнинг ўғли,

2Хилқиё — Шаллумнинг ўғли, Шаллум — Зодўхнинг ўғли, Зодўх — Охитобнинг ўғли,

3Охитоб — Эмориёнинг ўғли, Эмориё — Озариёнинг ўғли, Озариё — Маройўтнинг ўғли,

4Маройўт — Зарахиёнинг ўғли, Зарахиё — Уззининг ўғли, Уззи — Буккининг ўғли,

5Букки — Абушуванинг ўғли, Абушува — Финхазнинг ўғли, Финхаз — Элазарнинг ўғли, Элазар — олий руҳоний Ҳоруннинг ўғли эди.

6[6-7] Эзра Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг Мусога берган қонунини жуда яхши биладиган моҳир тафсирчи эди.

6Шоҳ Артахшас ҳукмронлигининг еттинчи йилида Эзра Бобилдан Қуддусга томон йўлга отланди. Исроил халқидан, руҳонийлардан, левилардан, қўшиқчилардан, Маъбад дарвозабонларидан, Маъбад хизматкорларидан баъзилари ҳам Эзра билан бирга Қуддусга кетмоқчи бўлдилар. Эзрага Эгаси Худо ёр бўлгани учун, шоҳ унга сўраган нарсасини инъом қилди.

8[8-9] Биринчи ойнинг биринчи кунида улар Эзранинг бошчилигида Бобилдан чиқдилар. Эзрага Худонинг марҳамати ёр бўлгани учун, улар тўрт ойдан кейин — бешинчи ойнинг биринчи кунида Қуддусга етиб келдилар.

10Эзра бутун ҳаётини Худонинг қонунларини ўрганишга, бу қонунларни бажаришга, Исроил халқига Худонинг қонун–қоидаларини ўргатишга бағишлаган эди.

11Эгамизнинг Исроил халқига берган амр ва қонунларининг моҳир тафсирчиси — руҳоний Эзрага шоҳ Артахшас мактуб берган эди. Мактубнинг мазмуни қуйидагича эди:

12Самовий Худо қонунларининг моҳир тафсирчиси — руҳоний Эзрага шаҳаншоҳ Артахшасдан саломлар бўлсин.

13Менинг шоҳлигимда истиқомат қилаётган Исроил халқидан, шунингдек, руҳоний ва левилардан сен билан Қуддусга кетишни истаган ҳар кимга ижозат берилсин, деб фармон бераман.

14Мен еттита маслаҳатчим билан бирга сени Яҳудо юрти ва Қуддусга юбориб, у ердаги вазиятни текшириб чиқишингга ваколат берамиз. Сенга топширилган Худойингнинг қонуни у ерда ижро этиляптими ёки йўқми, билиб кел.

15Қуддусда маскан қилган Исроил халқининг Худосига биз кўнгилдан чиқариб назр қилган кумуш ва олтинларни ҳам ўзинг билан олиб кет.

16Бобил вилояти бўйлаб сен тўплайдиган ҳамма кумуш ва олтинни ол. Исроил халқи ва уларнинг руҳонийлари ўз Худосининг Қуддусдаги уйи учун кўнгилдан чиқариб берадиган назрларни ҳам олиб кет.

17Бу пулга, биринчи навбатда, буқалар, қўчқорлар, қўзилар, уларга қўшиб қилинадиган дон билан шароб назрларини сотиб ол. Буларни Худойингнинг Қуддусдаги уйи қурбонгоҳида назр қил.

18Қолган кумуш ва олтинни эса Худойингнинг хоҳишига мувофиқ, ўзингга ва ҳамкорларингга маъқул келганича ишлатсанг бўлади.

19Худойингнинг уйида фойдаланиш учун берилган буюмларни Қуддусдаги Худога инъом қил.

20Борди–ю, Худойингнинг уйи учун яна бошқа харажатлар талаб қилинса, маблағни шоҳ хазинасидан олишинг мумкин.

21Мен, шоҳ Артахшас, Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоят хазинабонларининг ҳаммасига фармон бераман: Самовий Худо қонунларининг моҳир тафсирчиси — руҳоний Эзра нима талаб қилмасин, унинг талаби сўзсиз ижро этилсин.

22210 пудга қадар кумуш, 1000 тоғорага қадар буғдой, 200 кўзага қадар шароб, 200 кўзага қадар мой ва керагича туз берилсин.

23Самовий Худо Ўз уйи учун нималарни амр қилган бўлса, ўша нарсалар албатта муҳайё қилинсин. Мендан ва менинг меросхўрларимдан Худо ғазабланмасин.

24Биз яна сизларни хабардор қиламизки, руҳонийлардан, левилардан, қўшиқчилардан, Маъбад дарвозабонларидан, Маъбад хизматкорларидан, Худонинг уйидаги бошқа хизматкорлардан ўлпон, солиқ ёки хирож олиш ман этилади.

25Сен, Эзра, Худо берган донолик билан қози ва ҳакамларни тайинла. Улар Фурот дарёсининг ғарбидаги вилоятда Худойингнинг қонунларини биладиган жамики халқни ҳукм қилсинлар. Қонунларни билмайдиган одамларга сизлар таълим беринглар.

26Худойингнинг қонунига ва шоҳнинг қонунига итоат қилмаганларнинг ҳаммаси албатта жазога тортилсин: қатл қилинсин ёки сургун қилинсин, мол–мулки мусодара қилинсин ёки қамоққа ташлансин.”

27Ота–боболаримизнинг Худосига ҳамду санолар бўлсин! Эгам Қуддусдаги уйини шарафлаши учун буларни шоҳнинг юрагига солди.

28Худонинг марҳамати билан мен шоҳнинг, маслаҳатчиларининг, барча обрўли аъёнларининг илтифотига сазовор бўлдим.

28Эгам Худо менга ёр бўлгани учун, мен дадил бўлиб, Исроил йўлбошчиларини ўзим билан олиб кетгани тўпладим.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>