Эзра 9:1-15 UZV2013 - Bible AI

1Шу воқеалардан кейин Исроил халқининг йўлбошчилари менинг олдимга келиб, шундай дейишди: “Асирликдан қайтган Исроил халқининг кўпчилиги, ҳатто баъзи руҳонийлар билан левилар маҳаллий халқлардан ўзларини сақламадилар. Улар Канъон, Хет, Париз, Ёбус, Оммон, Мўаб, Миср ва Амор халқларининг жирканч одатларини ўзлаштириб олдилар.

2Яҳудий эркакларининг баъзилари ўша халқларнинг қизларига уйландилар, ўғилларига ҳам ўша халқларнинг қизларидан олиб бердилар. Шу тариқа муқаддас халқ юртдаги бошқа халқлар билан чатишиб кетди. Бу хиёнатни йўлбошчилар билан амалдорлар бошлаб беришди.”

3Мен бу гапларни эшитганимда қайғудан кўйлагим ва ридоимни йиртиб ташладим, соч–соқолимни юлдим. Қаттиқ изтиробда қолдим.

4Асирликдан қайтганларнинг бу хиёнати дастидан Исроил Худосининг сўзларидан қўрқадиган ҳамма одамлар менинг атрофимга тўпландилар. Мен эса кечки қурбонлик назр қилинадиган пайтгача изтироб чекиб ўтиравердим.

5Кечки қурбонлик пайтида мен ҳамон изтироб чекканимча ўтирган ўрнимдан турдим. Кўйлакларим ва ридоим йиртилган ҳолатда тиз чўкдим. Эгам Худога қўлларимни чўзиб,

6ёлвордим:

6“Эй Худойим! Қаттиқ хижолатдаман, ҳузурингда бошимни кўтаришга ботинолмайман. Эй Худойим! Айбларимиз бошимиздан ҳам ошиб кетган, гуноҳларимиз тоғдай уйилиб, осмону фалакка етган.

7Ота–боболаримиз давридан шу кунгача биз гуноҳга ботиб келдик. Айбларимиз туфайли Сен бизни, шоҳларимизни, руҳонийларимизни бошқа юртларнинг шоҳларига мағлуб қилдинг. Улар бизни ўлдиришди, талон–тарож қилишди, асир қилиб олиб кетишди, худди ҳозиргидай, биз шармандали аҳволга тушдик.

8Энди эса, эй Эгамиз Худо, сен қисқа вақт давомида бизга шафқатингни кўрсатиб, бизни омон сақладинг, муқаддас масканинг олдига жойлаштирдинг. Бизга умид бердинг, қуллигимизда озгина бўлса ҳам, ҳаловат ато қилдинг.

9Эй Худойимиз, биз қул бўлсак ҳам, Сен бизни тарк этмадинг. Бизга марҳамат кўрсатиб, Форс шоҳининг илтифотига сазовор қилдинг. Бизга янги ҳаёт ато қилдинг, уйингни қайта қуришимизга, уни тиклашимизга имконият бердинг, Яҳудо юртида ва Қуддусда бехатар яшашимизга имконият яратдинг.

10Эй Худойимиз, энди нима ҳам дердик?! Буларнинг ҳаммасидан кейин ҳам биз амрларингга риоя қилмадик.

11Сен пайғамбар қулларинг орқали шундай амр берган эдинг:

11— Сизлар эгалик қилиш учун кираётган бу юрт маҳаллий халқларнинг бутпараст удумлари туфайли ҳаром бўлган. Халқлар жирканч одатлари билан бутун юртни у бошидан бу бошигача булғадилар.

12Шунинг учун уларга қиз узатманглар, ўғилларингизга уларнинг қизларини олиб берманглар. Уларга ҳеч қачон тинчлик ва фаровонликни раво кўрманглар. Шундагина сизлар кучли бўласизлар, юртнинг аъло ҳосилидан еб, роҳатланасизлар, бу юртни болаларингизга абадий мерос қилиб қолдирасизлар.

13Бошимизга тушган ҳамма кўргиликларга қилган қабиҳ ишларимиз, ўзимизнинг айбларимиз сабаб бўлди. Эй Худойимиз, шунга қарамай, сен бизни қилмишларимизга яраша жазоламай, оз жазоладинг, айримларимизни омон сақладинг. Мана шулардан кейин ҳам

14биз амрларингни буздик. Жирканч одатларга муккасидан кетган халқлар билан қуда–андачилик қилдик! Энди Сен биздан ғазабланиб, биронтамизни ҳам тирик қолдирмай қириб ташлашинг аниқ!

15Эй Исроил халқининг Худоси — Эгамиз, Сен адолатлисан. Шунга қарамай, шу кунгача Сен бизни асраб келдинг. Сенинг олдингда туришга ҳақимиз йўқ, лекин мана, айбларимиз билан олдингда турибмиз.”

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
div>