Эстер 9:1-32 UZV2013 - Bible AI

1Шоҳнинг амру фармони ижро қилинадиган ўн иккинчи ой — Адар ойининг [1] ўн учинчи куни келди. Бу кунни яҳудийларнинг ғанимлари, уларнинг устидан ҳукмронликни эгаллаймиз, деб умид билан кутган эдилар. Аммо аксинча бўлиб чиқди: яҳудийлар ўз ғанимлари устидан ҳукмронликни ўрнатдилар.

2Яҳудийлар ёвуз кимсаларга қарши курашиш учун шоҳ Ахашверашга [2] қарашли ҳамма вилоятлардаги ўзлари яшайдиган шаҳарларда [3] бир жойга йиғилдилар. Ҳеч ким яҳудийларга дош бера олмади, чунки яҳудийлардан қўрқув туйғуси ҳамма халқларни қамраб олган эди.

3Вилоятлардаги ҳамма беклар, ноиблар, ҳокимлар ва шоҳнинг аъёнлари Мордахайдан қўрққанлари учун яҳудийларни қўллаб–қувватладилар.

4Мордахай саройнинг юксак мартабали одами бўлиб, у тобора ўсиб борар, унинг шуҳрати бутун вилоятларга ёйиларди.

5Яҳудийлар жамики душманларини қиличдан ўтказиб, ўлдириб, қириб ташладилар. Ғанимларига нисбатан истаганини қилдилар.

6Жумладан, яҳудийлар Шушан қалъасида беш юз кишини қириб ташладилар.

7[7-10] Яна яҳудийлар ўзларининг душмани Хамадото ўғли Хомоннинг ўнта ўғлини — Паршандата, Далфон, Аспата, Пўрата, Одалиё, Оридато, Пармашто, Орисай, Оридай ва Вайзотони ўлдирдилар. Аммо мол–мулкига қўл теккизмадилар.

11Ўша куни Шушан қалъасида ўлдирилганларнинг ҳисобини шоҳга маълум қилдилар.

12Шоҳ эса малика Эстерга айтди:

12— Яҳудийлар Шушан қалъасида Хомоннинг ўнта ўғлини ва яна беш юз кишини қириб, йўқ қилдилар. Ким билсин, бошқа вилоятларимда улар нима қилдилар экан? Истагинг нима? Айт, қондирайин. Яна қандай тилагинг бор? Бажо қилайин.

13— Агар шоҳимизга маъқул бўлса, Шушандаги яҳудийлар эртага ҳам бугунги фармонингизни ижро этсинлар, — деди Эстер. — Хомоннинг ўнта ўғлининг жасадлари ҳам дорга осилсин [4].

14Шоҳ ушбу истакни бажаришни буюрди. Шушанда фармон чиқарилди. Хомоннинг ўнта ўғлининг жасади ҳам дорга осилди.

15Адар ойининг ўн тўртинчи куни Шушандаги яҳудийлар яна тўпланиб, қалъада душманлардан уч юзтасини ўлдирдилар. Лекин мол–мулкига қўл теккизмадилар.

16Шоҳликнинг турли вилоятларида яшайдиган бошқа яҳудийлар ҳам жонини сақлаш ва душманларидан қутулиш учун бир жойга тўпландилар. Душманларидан етмиш беш минг кишини ўлдирдилар, лекин мол–мулкига қўл теккизмадилар.

17Буларнинг ҳаммаси Адар ойининг ўн учинчи куни юз берди. Яҳудийлар ўн тўртинчи куни тинчиб, бу кунни байрам қилдилар.

18Шушандаги яҳудийлар ҳам ўзларини қутқариш учун ўн учинчи ва ўн тўртинчи кунлари йиғилдилар. Ўн бешинчи куни эса тинчиб, бу кунни байрам қилдилар.

19Шунинг учун қишлоқ аҳли Адар ойининг ўн тўртинчи кунини байрам сифатида нишонлаб зиёфат уюштирадилар ва бир–бирларига таом улашадилар.

20Мордахай бу воқеаларни ёзиб қўйди. Сўнгра шоҳ Ахашвераш қўли остидаги узоқ–яқиндаги ҳамма юртларда яшаётган яҳудийларга мактублар юборди.

21Мактубда ҳар йили Адар ойининг ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунларини нишонлаш лозимлиги таъкидланган эди.

22Чунки бу кунлар — яҳудийлар ўз душманларидан қутулган кунлардир. Ўша ой — ғам — хурсандчиликка, мотам — байрамга айланган ойдир. Мордахай: “Шу кунлари зиёфат бериб, хурсандчилик қилинсин, таомлар улашилсин, камбағалларга ҳадялар инъом қилинсин”, деб буюрган эди.

23Шундай қилиб, яҳудийлар Мордахайнинг буйруғини қабул этдилар ва бошлаган байрамларини давом эттирдилар.

24Дарвоқе, бутун яҳудийларнинг душмани Ўгах [5] наслидан бўлган Хамадото ўғли Хомон фитна қўзғаб яҳудийларни эзиб, йўқ қилиш учун пур [6]қуръа ташлаганди.

25Лекин Эстер шоҳнинг ҳузурига кирганда, шоҳ янги мактуб орқали фармон берганди: Хомон яҳудийларга қарши ёвуз режа ўйлаб қўйган, лекин режаси ўзининг бошига етиб, Хомон ва унинг ўғиллари дорга осилганди.

26Шунинг учун бу байрамга Пурим [7] деб ном берилганди. Бу ном “пур” сўзидан олинган. Шундай қилиб, яҳудийлар Мордахайнинг мактубида ёзилганлардан, кўрган–кечирганларидан ва бошларига тушган кўргиликлардан кейин,

27ўзлари, болалари ва барча қабиладошлари ўша икки кунни белгиланган вақтда, ёзилганидай, ҳар йили доимий равишда байрам қилишга қарор қилгандилар.

28“Бу кунлар авлодлар оша ҳамма оилада, вилоятларда, ҳар бир шаҳарда унутилмасдан, байрам қилинсин, Пурим кунларини яҳудийлар ўтказиб юбормасин, бу кунлар авлодлар оша давом этиб хотирлансин”, деб қарор чиқардилар.

29Абуҳайил қизи малика Эстер, яҳудий Мордахай билан бирга, ўз ҳуқуқи бўйича, Пурим тўғрисида ўша янги мактубни ёзиб тасдиқлади.

30Мордахай Ахашверашнинг ҳукмронлиги остидаги юз йигирма еттита вилоятда яшайдиган ҳамма яҳудийларга тинчлик–омонлик тиланган ўша мактубларни юборди.

31Мактубда малика Эстер билан Мордахай илгари буюрганларидай, Пурим кунларини белгиланган санада нишонлашга қатъий риоя қилишлари айтилган эди. Бу байрамларга яҳудийлар, ўзлари ва болалари рўза тутишга ва мотам одатларига амал қилганлари сингари, риоя қилишлари таъкидланган эди.

32Шундай қилиб, Пуримга оид қоидалар, Эстернинг буйруғига кўра, тасдиқланди ва китобга ёзиб қўйилди.

© Муқаддас Китоб Таржима қилиш Институти
/div>