Эфесликларга 4:1-32 UZV2013 - Bible AI

1Раббимиз Исо ҳақи маҳбус бўлган мен — Павлус сизлардан ўтиниб сўрайман: Худо сизларни Ўзига даъват қилганини ёддан чиқармай, шу даъватга муносиб тарзда яшанглар.

2Доимо камтар ва мулойим бўлинглар, меҳр–муҳаббат билан бир–бирингизга сабр–тоқатли бўлинглар.

3Ўзаро тинч–тотув яшаб, Муқаддас Руҳ ато қилган бирдамликни сақлашга жон куйдиринглар.

4Ҳаммамиз бир тананинг аъзоларимиз, қалбимиздаги Муқаддас Руҳ ҳам бирдир. Худди шунингдек, Худо бизни даъват қилиб, ҳаммамизга берган умид ҳам бирдир.

5Раббимиз бир, имонимиз ҳам бирдир, бир мақсадда сувга чўмдирилганмиз.

6Барчамизнинг Отамиз Худо бирдир. У ҳаммамиздан устун бўлиб, ҳаммамиз орқали Ўз иродасини бажо қилади. У ҳаммамизнинг орамиздадир.

7Масиҳ Ўз иноятига кўра ҳар биримизга турли хил инъомлар берган.

8Мана, Муқаддас Битикларда қуйидагича ёзилган:
Асирларни ортидан эргаштирди. Инсонларга ҳадялар берди.”

8“Юксакларга чиқди У,

9У юксакларга чиқди, деган сўзлар нимани билдиради? У олдин пастга — ер юзига тушгандан бошқа нимани билдириши мумкин?!

10Пастга тушган Зот, коинотни ҳар жиҳатдан бутун қилай, деб, фалак тоқидан ҳам юқорироққа чиқди.

11Масиҳ баъзиларни ҳаворий, баъзиларни эса пайғамбар, баъзиларни Хушхабар воизи, яна бошқаларни жамоатларнинг чўпонларию устозлари қилиб тайинлади,

12токи улар Худонинг азиз халқини хизмат қилишга тайёрласинлар. Шунда Масиҳнинг танаси, яъни жамоат имонда маҳкам туради.

13Бунинг натижасида ҳаммамиз имонда якдил, Худо Ўғлини таниб–биладиган, Масиҳнинг камолига эришган етук одамлар бўламиз.

14Биз шамол эсган томонга эгиладиган новдадай бўлган гўдакларга ўхшамаймиз. Ҳар хил таълимотлар ва қув одамларнинг ҳийлаю айёрликларига лаққа тушавермаймиз.

15Келинглар, меҳр–муҳаббат билан ҳақиқатни айтиб, жамоатнинг боши бўлган Масиҳга ўхшаб ҳар жиҳатдан етук инсонлар бўлайлик.

16Унинг бошчилигида бутун бадан паю бўғинлар ёрдамида ўзаро уланади ва бирикади. Ҳар бир аъзо ўз вазифасини бажарар экан, бутун бадан ўсиб боради ва меҳр–муҳаббат туфайли бақувват бўлади.

17Шундай экан, Раббимиз Исонинг номидан қатъий тайинлаб, сизларга айтаман: энди беҳуда ўй–хаёлларга берилган Худосиз одамлардай яшаманглар.

18Уларнинг онглари зулматга ботиб қолган, Худо берадиган янги ҳаётга бегонадирлар, чунки улар бағритош бўлиб, жаҳолатда қолганлар.

19Улар ҳар қандай ор–номус туйғусини йўқотиб, фисқу фужурга берилганлар, ҳар хил ифлос ишларни иштиёқ билан қиладилар.

20Аммо сизлар Масиҳдан бундай ишларни ўрганмагансиз.

21Сизлар Масиҳнинг сўзларини эшитиб, Унинг таълимотини олгансизлар, чунки ҳақиқат Масиҳда жамдир.

22Oлдинги яшаш тарзингизга тобе бўлманг, эски ўзлигингиздан воз кечинг, чунки у алдовчи эҳтирослар туфайли бузилиб кетган.

23Янгичасига фикр–зикр қиладиган бўлинглар.

24Худонинг суратида яратилган, ҳақиқий солиҳлик ва муқаддасликдан иборат бўлган янги табиатга бурканинглар.

25Энди ёлғончиликни бас қилиб, ҳар бирингиз ўз яқинингизга ҳақиқатни айтинглар, ахир ҳаммамиз бир тананинг аъзоларимиз–ку.

26Ҳатто ғазабланганингизда ҳам гуноҳ қилманг. Қуёш ботгунча жаҳлдан тушинглар.

27Иблисга фурсат берманглар.

28Олдин ўғри бўлган энди ўғрилик қилмасин, балки ишласин, ўз қўллари билан меҳнат қилсин–да, топганини муҳтож бўлганлар билан баҳам кўрсин.

29Оғзингиздан ҳеч қандай ярамас сўз чиқмасин. Лекин тингловчиларнинг эҳтиёжига кўра керакли гапларни айтиб, уларга далда беринг, шунда сўзларингиз уларга фойда келтиради.

30Худонинг Муқаддас Руҳини хафа қилманглар, чунки Муқаддас Руҳ сизларнинг Худога тегишли эканингизнинг ҳамда бир кун келиб озод бўлишингизнинг далилидир.

31Ҳар қандай гина–кудурат, қаҳру ғазаб, жанжалкашлик, ғийбатчиликни ҳамда бошқа ҳар хил ёмонликларни ўзингиздан соқит қилинглар.

32Бир–бирингизга нисбатан кўнгилчан ва меҳр–шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ орқали кечирганидай, сизлар ҳам бир–бирингизни кечиринглар.

ticle>