Юҳаннонинг 1чи 5:1-21 UZV2013 - Bible AI

1Исонинг Масиҳ эканлигига ишонган ҳар бир киши Худонинг фарзандидир. Ким Отани яхши кўрса, Унинг фарзандларини ҳам яхши кўради.

2Биз биламизки, Худони севиб, Унинг амрларини бажарсак, Худонинг фарзандларини ҳам яхши кўрган бўламиз.

3Худони севиш Унинг амрларини бажариш демакдир. Худонинг амрлари эса қийин эмас,

4чунки Худонинг ҳар бир фарзанди дунёни енгишга қодир.

4Биз имонимиз орқали дунё устидан ғалаба қозонамиз.

5Ҳа, Исо Худонинг Ўғли эканлигига ишонган одамгина дунёни енга олади!

6Исо Масиҳ келганда сувга чўмдирилиб, биз учун Ўз қонини тўкди. У сувга чўмиш билан чекланибгина қолмай, Ўз қонини тўкди. Муқаддас Руҳнинг Ўзи бу ҳақда гувоҳлик беряпти ва Унинг гувоҳлиги ҳақиқатдир.

7Шундай қилиб, бунга учта гувоҳ бор:

8Руҳ, сув ва қон. Улар бир хил гувоҳлик беришяпти.

9Биз инсонларнинг гувоҳлигини қабул қиламиз, Худонинг гувоҳлиги эса ундан қанчалар муҳимроқ. Худо ҳам Ўз Ўғли ҳақида гувоҳлик берди.

10Худонинг Ўғлига ишонган одам Худонинг гувоҳлигини чин дилдан қабул қилган бўлади. Худога ишонмаган одам эса Худони ёлғончига чиқаради, чунки у Худонинг Ўз Ўғли ҳақида берган гувоҳлигига ишонмайди.

11Худонинг гувоҳлиги шундан иборат: Худо бизга абадий ҳаёт берди ва бу абадий ҳаётнинг манбаи Худонинг Ўғли Исодир.

12Ким Худонинг Ўғлига эга бўлса, ҳаётга эгадир. Худонинг Ўғлига эга бўлмаган одамда эса ҳаёт йўқ.

13Эй Худонинг Ўғлига ишонганлар, сизлар абадий ҳаётга эгасизлар. Шуни билиб олинглар деб сизларга бу мактубни ёзяпман.

14Биз абадий ҳаётга эга бўлганимиз учун Худонинг ҳузурида дадил бўламиз, чунки Худонинг иродасига кўра нимани сўрасак, У бизга қулоқ тутишини биламиз.

15Худо ибодатларимизга қулоқ тутар экан, демак, ибодатларимизга жавоб олганимизга тўлиқ ишонч ҳосил қиламиз.

16Агар бирор киши биродарининг гуноҳ қилаётганини кўрса–ю, бу гуноҳ абадий ўлимга сабаб бўлмаса, у учун ибодат қилсин. Унинг ибодати туфайли Худо гуноҳ қилган одамга ҳаёт бағишлайди. Мен гуноҳи абадий ўлимга сабаб бўлмайдиган одамни назарда тутяпман. Абадий ўлимга сабаб бўладиган гуноҳ ҳам бор. Бундай гуноҳга қўл урган одамлар учун ибодат қилинглар, деб айтмаяпман.

17Ҳар қандай ёмонлик гуноҳдир, аммо ҳамма гуноҳ ҳам абадий ўлимга сабаб бўлавермайди.

18Худонинг фарзанди бўлган одам гуноҳ қилмаслигини биламиз, чунки Худо бундай одамни Ўз паноҳида асрайди. Ёвуз шайтон унга бирор зарар етказа олмайди.

19Биз Худодан эканимизни, бутун дунё эса ёвуз шайтон чангалида эканини биламиз.

20Яна шуни биламизки, Худонинг Ўғли келиб, ҳақ Худони таниб–билишимиз учун бизга ақл–идрок берди. Биз Исо Масиҳ билан бирга яшар эканмиз, ҳақ Худо билан ҳам бирга яшаймиз. Исо Масиҳ ҳақ Худодир ва абадий ҳаёт манбаидир.

21Азиз болаларим, ўзларингизни бутлардан сақланглар.

article>