Юҳанно 2:1-25 UZV2013 - Bible AI

1Икки кундан кейин Жалиладаги Кана қишлоғида никоҳ тўйи бўлди. Исонинг онаси у ерда эди.

2Исо билан шогирдлари ҳам тўйга таклиф қилинган эдилар.

3Шароб тугай деб қолганда, онаси Исога: — Уларда шароб қолмабди, — деди.

4Исо унга:

4— Бунинг менга нима дахли бор?! Менинг вақт–соатим ҳали келгани йўқ, — деди.

5Шунда онаси хизматчиларга:

5— У сизларга нима деса, шуни қилинглар, — деди.

6Ўша ерда яҳудийларнинг покланиш маросимларида ишлатиладиган олтита тош хум бор эди. Ҳар бир хум ичига ўн–ўн икки челак сув сиғарди.

7Исо хизматчиларга: — Хумларни сувга тўлдиринглар, — деди. Улар хумларни лиммо–лим қилиб сувга тўлдиришди.

8Исо уларга:

8— Энди хумдаги сувдан озгина олиб, тўйбошига олиб боринглар, — деди. Улар олиб боришди.

9Тўйбоши шаробга айланган сувни татиб кўрди. Бу шаробнинг қаердан келганлигини у билмас эди, фақат олиб келган хизматчилар билишар эди. Тўйбоши куёвни чақиртириб,

10унга деди:

10— Дастурхонга аввал яхши шароб тортилади. Меҳмонлар ичиб тўйганларидан кейин, ёмонроғи тортилади. Сен эса яхши шаробни шу пайтгача сақлаб келибсан!

11Бу Исонинг қилган биринчи мўъжизаси эди. Исо бу мўъжизали аломатни Жалиладаги Кана қишлоғида намойиш этиб, Ўзининг улуғворлигини зоҳир қилди. Шогирдлари Унга ишондилар.

12Шундан кейин Исо, онаси, укалари ва шогирдлари Кафарнаҳум шаҳрига бордилар ва у ерда бир неча кун турдилар.

13Яҳудийларнинг Фисиҳ байрами яқинлашиб қолгани учун Исо Қуддус шаҳрига борди.

14Маъбад ҳовлисига кирганда, у ерда мол–қўй, каптар сотаётганларни ва хонтахталар ёнида ўтирган саррофларни кўрди.

15Исо арқондан қамчи ясади–да, Маъбаддан ҳаммани мол–қўйлари билан бирга қувиб чиқарди. Саррофларнинг хонтахталарини ағдариб, пулларини сочиб юборди.

16Каптар сотувчиларга:

16— Буларни йўқотинглар бу ердан! Отамнинг уйини бозор қилманглар! — деди.

17Шунда Унинг шогирдлари Муқаддас Битиклардаги: “Сенинг уйингга бўлган севгим ичимни ёндирар”, деган сўзларни эсладилар.

18— Бундай қилишга нима ҳақинг бор?! Борди–ю, ҳақинг бўлса, биронта аломат кўрсатиб, буни исбот қил! — деб талаб қила бошлади яҳудийлар.

19Исо шундай жавоб берди: — Мана бу Маъбадни бузинглар, Мен уч кун ичида уни тиклайман.

20Бунга жавобан яҳудийлар дедилар: — Бу Маъбад қирқ олти йилда қурилган, Сен эса уни уч кунда тикламоқчимисан–а?!

21Ҳолбуки, Исо Маъбад деб Ўзининг баданини назарда тутган эди.

22Исо ўлиб тирилгандан кейин, шогирдлари Унинг бу гапини эсладилар. Шунда Муқаддас Битикларга ва Исонинг сўзларига ишондилар.

23Исо Қуддусда Фисиҳ байрамида бўлганда, кўп одамлар Унинг қилаётган мўъжизали аломатларини кўриб, Унга имон келтирдилар.

24Аммо Исо одамларнинг қанақалигини билгани учун, Ўзини уларга ишонмас эди.

25Инсон ҳақида Унга бирон гап айтишнинг ҳожати йўқ эди. Чунки инсон дилида нима борлигини У билар эди.