Қонунлар 16:1-22 UZV2013 - Bible AI

1Абиб ойида Эгангиз Худонинг Фисиҳ зиёфатини нишонланглар. Эгангиз Худо сизларни Мисрдан Абиб ойида тунда олиб чиққан.

2Эгамиз Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойга боринглар, мол ва қўйларингиздан Эгангиз Худога Фисиҳ курбонлигини келтиринглар.

3Қурбонлик гўштига хамиртурушли нон қўшиб еманглар. Сизлар Мисрдан шошилинч чиқиб кетганингизда хамиртурушсиз нон еган эдингизлар, шунинг учун етти кун давомида хамиртурушсиз нон енглар. Бу нонни, машаққатли кунларда ейиладиган нон, деб аташади. Ўша нонни енглар, шунда Мисрдан чиққан кунингизни бир умр ёдингизда тутасизлар.

4Етти кун давомида юртингизнинг бирор жойида хамиртуруш бўлмасин. Байрамнинг биринчи куни кечқурун келтирган қурбонлигингиз гўштидан эрталабгача ҳеч нима қолмасин.

5Эгангиз Худо сизларга бераётган шаҳарларнинг биронтасида Фисиҳ қурбонлигини келтириш мумкин эмас.

6Фисиҳ қурбонлигини фақатгина Эгангиз Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойда келтиринглар. Буни қуёш ботадиган пайтда, сизлар Мисрдан чиққан соатларда қилинглар.

7Эгангиз Худо танлайдиган жойда қурбонлигингизни пишириб еб, эрталаб чодирларингизга қайтиб кетаверинглар.

8Кейинги олти кун давомида хамиртурушсиз нон енглар. Еттинчи кун Эгангиз Худога бағишланган муқаддас йиғин бўлади. Шу куни ҳеч қандай иш қилманглар.

9Ҳосилга ўроқ солинган кундан бошлаб етти ҳафтани сананглар.

10Кейин Эгангиз Худо берган баракага яраша кўнгилдан чиқариб назр қилинглар. Эгангиз Худо учун Ҳосил байрамини нишонланглар.

11Ўзларингиз, ўғилларингиз, қизларингиз, қулларингиз, чўриларингиз, шаҳрингиздаги левилар, орангиздаги мусофирлар, етим ва бевалар билан бирга Эгангиз Худо олдида хурсандчилик қилинглар. Буларни Эгамиз Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойда ўтказинглар.

12Мисрда қул бўлганингизни эсингиздан чиқармасдан, мана шу қонун–қоидаларни битта қолдирмай бажаринглар.

13Донингизни янчиб, шаробингизни тайёрлаб олганингиздан кейин етти кун давомида Чайла байрамини нишонланглар.

14Байрамда ўғилларингиз, қизларингиз, қул ва чўриларингиз, шаҳрингизда истиқомат қилаётган левилар, мусофирлар, етим ва бевалар билан бирга хурсандчилик қилинглар.

15Эгангиз Худо танлаган жойда етти кун давомида Унга атаб байрам қилинглар. Эгангиз Худо ҳосилингизга ва қилган ҳар бир ишингизга барака беради. Шу тариқа, албатта хурсандчилик қилинглар.

16Хамиртурушсиз нон байрамини, Ҳосил байрамини ва Чайла байрамини нишонлаш учун барча эркакларингиз йилда уч марта Эгангиз Худо танлаган жойга, Унинг ҳузурига келсин. Ҳеч ким Эгамизнинг олдига қуруқ келмасин.

17Ҳар бирингиз Эгангиз Худо берган баракага яраша инъом келтиринглар.

18Эгангиз Худо сизларга берадиган ҳар бир шаҳарга ҳакамлар ва назоратчилар тайинланглар. Улар халқни адолат билан ҳукм қилсин.

19Ҳукм қилаётганда адолатсизлик қилмасин, тарафкашлик қилмасин, пора олмасин. Пора доноларнинг кўзини кўр қилади, ҳақларни ноҳаққа чиқаради.

20Адолатга, фақат адолатга эргашинг. Шунда яшайсизлар, Эгангиз Худо берадиган юртга эгалик қиласизлар.

21Эгангиз Худо учун қурадиган қурбонгоҳ ёнига Ашерага аталган устунларни ёки

22бутсимон тошларни ўрнатманглар. Эгангиз Худо булардан нафратланади.

le>