Қонунлар 18:1-22 UZV2013 - Bible AI

1Леви руҳонийлари, бутун Леви қабиласи қаторида, Исроилда улуш ҳам, мулк ҳам олмайдилар. Улар Эгамизга келтирилган назр ва қурбонликлардан ейдилар.

2Биродарлари орасида уларнинг улуши бўлмайди. Эгамиз Леви қабиласига: “Мен Ўзим сизларнинг улушингиз бўламан”, деб ваъда берган эди.

3Қурбонлик қилинган мол ёки қўйнинг елка, жағ ва ичак–човоқлари руҳонийларга берилсин.

4Ғаллангизнинг илк ҳосилини, энг биринчи тайёрлаган шаробингизни ва зайтун мойингизни, қўйларингизнинг биринчи қирқилган юнгини руҳонийларга беринглар.

5Чунки Эгангиз Худо, Леви қабиласи ва уларнинг авлодлари ҳар доим Менга хизмат қилишсин, деб уларни қабилаларингиз орасидан танлаб олди.

6Агар бирор леви Исроилдаги ўзи яшаб турган шаҳардан Эгамиз танлаган жойга ўз хоҳиши билан борса,

7у ерда Эгамизга хизмат қилган леви биродарлари сингари Эгаси Худо номидан хизмат қила олади.

8Оиласининг мулкини сотишдан келган даромади бўлса ҳам, бошқа левилар қатори бир хил улуш есин.

9Эгангиз Худо берадиган юртга кирганингизда, у ердаги халқларнинг жирканч одатларини ўрганманглар.

10Ўғли ёки қизини оловда қурбон қиладиган, фолбин, башоратгўй, ромчи, сеҳргар,

11иссиқ–совуқ қиладиган, арвоҳ чақирувчи, ўликлардан маслаҳат сўрайдиганлар орангизда бўлмасин.

12Эгамиз бундайлардан жирканади. Мана шу жирканч одатлари учун Эгангиз Худо ўша халқларни сизнинг олдингиздан ҳайдаб чиқаряпти.

13Эгангиз Худога бутунлай содиқ қолинг.

14Сизлар юртини олаётган ўша халқлар башоратгўйлар ва фолбинларнинг гапига қулоқ соладилар. Сизларнинг бундай қилишингизга эса Эгангиз Худо рухсат бермайди.

15Эгангиз Худо сизлар учун халқингиз орасидан менга ўхшаган бир пайғамбар чиқаради. Унга қулоқ солинглар.

16Сиз Синай тоғида йиғилган кунингизда Эгангиз Худодан ўзингиз уни тилаб олгандингиз, зотан сиз шундай деган эдингиз: “Эгамиз Худонинг овозини иккинчи эшитмайлик, мана шу буюк оловни ҳам бошқа кўрмайлик, акс ҳолда ўламиз.”

17Ўшанда Эгамиз менга шундай деди: “Уларнинг айтганлари тўғри.

18Улар учун ўз халқи орасидан сенга ўхшаган бир пайғамбар чиқараман, Мен унга нима айтишни ўргатаман. Ўша пайғамбар берган амрларимнинг ҳаммасини уларга айтади.

19У Менинг номимдан гапиради, унга қулоқ солмаган одамни Мен Ўзим жазолайман.

20Аммо бирор пайғамбар Мен буюрмаган сўзни Менинг номимдан гапиришга журъат қилса ёки бошқа худолар номидан гапирса, у пайғамбар ўлиши керак.”

21Кўнглингизда: “Бу сўзлар Эгамизданми ёки йўқми, биз қандай қилиб биламиз?”, деб ўйлашингиз мумкин.

22Агар бирор пайғамбар Эгамизнинг номидан гапирсаю ўша воқеа юз бермаса, демак, бу сўзни Эгамиз айтмаган бўлади. Пайғамбар ўзича гапирган, ундан қўрқманглар.

le>